ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВДАН: ТАКТИКА

uff president

Ҳозирги кунлардаги энг муҳокамабоп мавзу нима? Албатта, Олий Лигамизнинг кейинги мавсумидан кутилаётган ҳодиса. 12та жамоа иштирок этиши ҳақидаги хабар.

Ёз ўртасида момақалдироқ гулдирагандек акс берди бу хабар. Журналистлар ўртасида, мураббийлар ўртасида кескин тортишувларга сабаб бўлиб кетди ҳатто.

Ҳатто ўзим ҳам бу жараёнда иштирок этдим бошида. “Ориат доно” радиоканалидаги дастуримиз орқали бир қатор ҳамкасбларимиз билан бу масалани таҳлил қилишга уриндик. Жанжал чиқиб кетишига-да бир баҳя қолди. Тортишувнинг мавзуси аслида бошқа томондан кечиши керак эди. Келишиб олгандик бошида: “12талик вариант маъқулми ё ҳозирги 16талик ҳолида қолиши керакмиди?”

Афсуски, жонли эфирнинг ажойиб бир муаммоси борки, ундаги баҳс-мунозара буткул бошқа томонга қараб кетиб қолиши ҳам мумкин. Табиий йўналишда кечадиган бўлса, бу мунозара турли-туман кутилмаган фикрларни-да юзага келтиради.

Радиодастурда қатнашаётган иштирокчиларнинг барчаси олий лигамизнинг бугунги аҳволидан буткул норизо ҳолда эканликларини 12талик вариантни маъқуллашганида пайқадим. Тортишувнинг мавзуси, боя таъкидлаб ўтганимдек, бошқа томонга бурилиб кетди. Хабарнинг санаси масаласига…

Янгилик ҳозир эълон қилингани тўғри эмас, деб бонг урди ҳамкасбларимиздан бири. Жорий мавсумни регламент қоидаларига кўра тугатиб олиб, кейинги йилни жамоаларга шу янгиликни эълон қилган ҳолда бошлаш керак эди, уларни ушбу янгиликка тайёрлаб туриб, кейин 16тадан 5тасини биринчи лигага тушириб юбориш адолатдан бўларди, деди у. Регламентнинг ҳурмати қаёқда қолади унда, деб ёзғирди у. Бунга мисол ўлароқ ФИФА, ОФК, УЕФА ташкилотларининг регламентга бўйсунишларини, бирор бир катта янгиликка ҳаммани йиллар давомида тайёрлаб боришларини мисол ўлароқ келтирди.

Мен ҳам қатордан қолишмай, уларга қарши фикрда қаттиқ туриб олдим: “Ҳозир эълон қилингани яхши бўлди, бу бизнинг ментатилетимизга хос услуб, бир-икки қурбон ҳисобига янги мавсумданоқ қабул қилаверишимиз керак бу янгиликни”, дедим. Хуллас, роса тортишдик. Ҳамма ўз фикрини тасдиқлаш учун турли аргументларга мурожаат қилди.

Бу тортишув радиода тугаб, кейин сайтларга, газеталарга кўчди. Ҳамкасбларимизнинг мақолаларида аксини топа бошлади. Турли футбол сайтларида мураббийлар ҳам чиқиш қилиб, бу хабардан карахт аҳволга тушиб қолганликларини айтишди. Қолган тўрт тур ўйинидан қандай маъно бор, деган саволни беришди.

Таҳлилий мақолаларда кейинги йили бирдан 12та жамоа билан бошланадиган лигамизда кимлар ўйнайди, қайси ўлчов бўйича қабул қилинади ва куйиб қоладиган жамоаларнинг бадали қандай бўлади, деган саволлар ёғилиб кетди. Ҳа, журналистларнинг таъсири футболимиз мутасаддиларига-да етиб бораётган экан, нега адекват фикрлар билан уларга ёрдам бермаслигимиз керак, деб ҳалигача ёзиб ётишибди ҳамкасбларимиз.

Мана шу талотўп ичида мен бир нарсани илғаб қолдим. Тортишув пайтида инсон турлича услубдан фойдаланади, биласизми? Агар бир масалада жавобдан қийналаётган бўлса, арзирли аргументлари қолмаса, мавзуни бошқа томонга буриб юборади ва шу билан бошқа мавзуда енгиб чиқиши мумкин. Ҳеч қурса, бошқа томонда туғилган муаммо натижасида бояги енгилаётган масаласи ёддан чиқади.

Радиодаги мубоҳабамизда ҳам, телеграм гуруҳлардаги суҳбатларимизда ҳам ушбу ҳолат яққол кўзга ташланди. Тажриба бу – ҳамманинг нигоҳи бир масалага қаратилганида, бирдан бошқа муаммо келиб чиқса, табиийки, аввалги масала унуттирилади. Ёзилмаган, аммо ажойиб қоида.

Энди бу қоидани каттароқ масштабга кўчирамиз. Сал олдин футболимизда нималар бўлаётган эди, деб ўйлаб қолдим. Ўйладиму, дарҳол сергак тортдим. Терма жамоамизга чет элдан бош мураббий олиб келиниши ҳақида хўп ва кўп гапирилганди. Охири Рўзиқул Бердиевнинг вақтинча мураббий бўлиши билан тугади бу мавзу.

Сал кейинроқ ҳакамлар масаласи қалқиб чиқди ўртага. Ҳа, ҳакамлар ҳақидаги гап-сўзларнинг кўпайиши, бир неча ҳакамларнинг жазоланиши, баъзилари бутунлайга футболдан четлатилгани ҳақидаги хабарлар олдинги ваъдани унуттираёзди. Ҳамма ҳакамларга бўлаётган ҳужумлардан завқлана бошлади. Э, бўлар экану, деб юборишди.

Бироқ, ҳакамлар борасидаги қарорлар ҳам чегарага келиб қолди. “Пахтакор” ҳамда “Бунёдкор” иштирокидаги дербида ёмон баҳо олган ён чизиқ ҳакамига жазо белгиланмади. Бу ишлар фақат бир жамоага оид бўлиб қолаётгани тобора сезилиб бораётган бир пайтда бирдан мана шу, бугунги мавзуни кўтариб чиқдилар. Олий лигамиз ҳақидаги ажобтовур, мухлису журналистларни ўзига қаратувчи хабар уни-да унуттирди.

Рўзиқул Бердиевдан кейин келадиган мураббий ҳақида ҳам, ҳакамлар ҳақида ҳам ўйламаларинг, мана, сенларга ажойиб янгилик, дейишди гўё.

… Шу нарсани сезиб қолдиму, тортишувни, мунозарани тўхтатдим. Чунки энди мени бошқа савол қизиқтира бошлади –  кейинги мавзу нима бўларкан, а?!

Хайрулла ҲАМИДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

4 Фикрлар "ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВДАН: ТАКТИКА"

  1. Jin ursin hammasini

  2. бутун умрга футболдан четлатилган хакам йул куйган хатолар ТВда курсатилиб мухокама этилди. нима учун колганлари мухокама этилмайди. Пахтакор-Бунёдкор уйинни курган ТВ каршисидаги оддий мухлис К.Тожиев йикилиб офсайдда колиб кетганини кейин урнидан туриб оёғига келган тупни бемалол дарвозага йуллаганлигин куриб турибди, нахотки майдондаги барча мухлис ва Бунёдкор футболчилари куриб кулини кутариб турган холатни ён ва марказдаги хакам курмайди. улар «атайин» офсайдни курмагани учун кимдир жазолайдими ёки йукми, жазоланган хакамлар айтмайдими «нима бизлар хато килсак жазо бор бошкаларга йук»-деб, Сугдиёна-пахтакор уйинини Спорт ТВ жонли олиб бермади. сабаби битта уйинни олиб бериш учун «катта пул» керак. лекин мен хайрон коламан ахир уйинни тасвирга олишадику ўша тасвирлар ким учун мухлислар учун эмасми ахир хамма ерда футбол мухлислар учун дейишадику, майли такроран олиб беришсин, Спорт ТВдаги Спорт вакти курсатуви Жума сони 19-00 лар атрофида ёки кейинроқ берилган сонида аник куриниб турибди, Пахтакор уйинчиси тупни кабул қилаётганда унга нисбатан оёғи билан тупни кайтаришга ташланган химоячи футболчига хам тупга хам тегмади ушбу холатни тугрисида турган хакам Пахтакор футболчиси йикилиши билан пеналти курсатди. эртага осиё майдонларида бундай холатлар учун хакам пеналти бермайди Шота Арвиладзени хам ғирром уйинларга ургатиб боришмокда. уйин давомида кейинрок Сугдиёни футболчиси жарима майдонида туп билан олдинга утганида Пахтакор химоясиси паткат берди Сугдиёна футболчиси тупни олиб утганидан кейин химоячи оёқлари Сугдиёни футболчиси оёқларига тегиб чалиши оқибатида ерга хужумчи йиқилади бундай ҳолатларда қоида бузилди хакам «жим» . (Бир сафарги Спорт ТВ да берилган курсатувда жаноб Р.Эрматов қандай ҳолатларда пеналти берилади кандай холатлар берилмайди деб гапирганди нахотки ўша гапларни колган хакамлар билмаса) бу холатлар такрорий вазиятда куриниб турибди нахотки буни мухлислардан бошқа хеч ким курмаган бўлса.
    Мавсум бошида Сугдиёна учрашувларига доим борардим. сабаб дам олиш кунларига тугри келаётганди 2 даврани 2-3 та туридан кейин доим уйинлар хафтанинг иш кунларига булмокда. натижада бирон бир учрашувга бораолмадим.
    футболни мухлислар учун деб бонг уриб ўз манфатига айлантирадиган рахбарларга койил колмайсан. Хохласа хакамни жазолайди, хохласа хакам жиддий уйинга таъсир киладиган карорларини мухокама этмайди, истаса регламентни камида 1 йил олдин огохлантирмасдан бузиб ташлайди. Ундан кура кейинги йил пайтахт 5та, водий 3та , Кашкадарё 2та , навоий 1 та ва бухорода 1 та каманда Олий лигада уйнайди деб қўякол ахир 4 тур колганида ким 11 чи олиши ким олийга чикиши аник эдику, хеч бўлмаса 2 давра булганида хам алама килмасди. хеч ким 12 та каманда колсин деб ЎФФ эшигага боргани йукку, ЎФФ тушунтириш берибди таклифларни урганиб маъкули танланди деб, ким таклиф қилибди ким рози бўлибди хеч ким билмайди ОАВ га хисоб берилмайди совл жавоб тарзидаги мухлислар фиукри карор кабул килишда инобатга олинмайди.
    Ундан кура боллар футболи оммавий футболни ривожлантириш керак. масалан: Жиззах шахридаги футбол мактаб интернати футбол майдонига бориб куринглар у ерда қандай қилиб футбол уйнайдилар тупроқ булиб ётибди, кишки спорт зал йук, стадион ахволи 2 лига даражасига хам тортмайди. шу каби муоммоларни хал қилиш керакмиди. барча вилоятларда бу каби муоммолар бор . катта футбол оммавийлиги эса йилдан йилга ўлиб бомоқда. сабаби 18х38 га пуллик кичик стадионлар курилмоқда. хеч ким катта стадионга бориб футбол уйнамайди.

  3. Xayrulla aka nimaga bu haftada «shedevr» ko’rsatuvi juma kun bo’lmadi

  4. Mana asl haqiqat raxmat Xayrulla Xamidov shuni Sport kanaliga xam olib chiqing… UFF nimalar qilayotganini xamma bilsin…

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*