ҲАФТА ЎЙИНЛАРИ: «МЮ» — «ТОТТЕНХЭМ», «МИЛАН» — «ЮВЕ»ГА ҚАРШИ

man-utd-tottenham

 “Эрудит СПОРТ” нашри қуйида томошабоп ўтиши кутилаётган тўрт тўқнашувни ўтказиб юбормасликни тавсия қилади:

№4-матч: “Наполи” – “Манчестер Сити”

1 ноябр, чоршанба, соат: 00:45

ТВ-трансляция:

Ўзаро учрашувлар:

1 ҒАЛАБА 1 ДУРАНГ 1 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Наполи” – “Манчестер Сити” 2:1 ва 1:2

Имконият: 30/30/40

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

Наполи” – “Манчестер Сити”

353,90 миллион евро VS 588,50 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

А Серияда етакчиликни ўз қўлига олган “Наполи” Премьер лига карвонбошиси “Манчестер Сити”ни қабул қилади. “Шаҳарликлар” рақиблари билан ҳазиллашмаётганини яна бир бор исботлади. Илк учрашувда “Аззури” голлар ёмғирига учрамаганига қарамай, меҳмонлар кучли босим остида ҳаракатланишга мажбур бўлди. Тан олиш керак, “Сити”га йўлиққан клублар ҳолига маймунлар йиғлаяпти. Неаполликлар устози Маурицио Сарри ҳам рақиб ҳақида юқори баҳо берди: “яхшиси, кучсизроқ клубга қарши ўйнаганимиз маъқул”. Ўз навбатида, италиялик мутахассис шакллантирган жамоа Гвардиоланинг олқишига сазовор бўлди. Испан мураббийининг фикрича, шу пайтгача дуч келган рақиблари орасида “Наполи” энг яхши жамоалардан бири. Қайд этиш керакки, Туманли ўлкадаги манаман деган грандлар ҳам “Манчестер Сити”ни курагини ерга теккизишни уддасидан чиқолмаяпти. Бироқ майдон эгалари инглиз клубини тўхтатиши зарур. Акс ҳолда Чемпионлар лигаси плей-офф йўлланмаси сўроқ остида қолади.

 №3-матч: “Рома” – “Челси”

31 октябр, сешанба, соат: 00:45

ТВ-трансляция:

Ўзаро учрашувлар:

1 ҒАЛАБА 1 ДУРАНГ 1 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Рома” – “Челси” 3:3 ва 3:1

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Рома” – “Челси”

327,23 миллион евро VS 614,40 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

“С” гуруҳида ҳам итальян ва инглиз жамоалари ўртасидаги тўқнашув бўлиб ўтади. Иштаҳа дастурхон устида келади деганларидек “Бўрилар”ни Лондондан бир очко билан қайтгани қониқтирмади. Айниқса, “Рома”ни шуғуллантираётган Эусебио Ди Франческо ғалаба қўлдан чиққанидан ранжиди. Турган гапки, уч очкони деб “кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлган” “Сариқ-қизиллар” жавоб баҳсида “Аристократлар”ни қуруқ қўл билан қайтаришга интилади. Дастлабки тўқнашувда аёнлашдики, қаловини топса қор ҳам ёнади. Яъни, тактик Контенинг режаларини ҳам пучга чиқариш ҳеч гап эмас. Йўқса, ўша ўйинда тўп назорати, аниқ узатмалар, дриблинг, ҳаводаги кураш, тўпни тортиб олиш каби муҳим кўрсаткичларда “Кўклар” рақибларига имкониятни бой берганини қандай изоҳлаш мумкин? “Чўқинтирган ота” буни тушиниб турибди ва вазиятни ўз томонига оғдириш учун нимадир ўйлаб топади. Бундан ташқари, икки италиялик мураббий ўртасидаги “дуэль” ҳам тўқнашувни томошабоп ўтишига хизмат қилади.

№2-матч: “Манчестер Юнайтед” – “Тоттенхэм”

28 октябр, шанба, соат: 16:30

ТВ-трансляция:

Ўзаро учрашувлар:

77 ҒАЛАБА 39 ДУРАНГ 36 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Манчестер Юнайтед” – “Тоттенхэм” 1:0 ва 1:2

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Манчестер Юнайтед” – “Тоттенхэм”

565,75 миллион евро VS 492,25 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Яқинда “Тоттенхэм” мураббийлик постида ўтирган Почеттино қўл остидаги жамоасини Манчестер клублари билан солиштириб, ўртада ер билан осмончалик фарқ бор деганди. Эндиликда “бўйига қараб тўн бичиб юрган” Маурисио ҳамкасбига тегишли “автобус”ни қувиб ўтиши керак. Мабодо “Тақачилар” буни амалга ошириб, “Орзулар театри”да уч очкони нақд қилса, майдон эгаларининг бир қанча натижасини чиппакка чиқаради. Масалан, “Манкунианлар” мухлислари қаршисида 21 матчдан бери ютқазмаяпти. Қолаверса, ўн ўйиннинг тўққизтасида Де Хеа дарвозасига гард юқтирмаган. Қизиғи, “Тоттенхэм” сўнгги олти меҳмондаги учрашувда ғалаба қозонган ҳамда ўша беллашувларнинг бештасида камида рақиб дарвозасини уч марта ишғол этган. Саккиз тур сарҳисоби шуни кўрсатадики, Моуриньо жамоаси тўп назоратида меҳмонларнинг яқинига йўлолмайди (60,7 фоизга 53 фоиз). Бошқа кўрсаткичларда ҳам Лондон клубининг устунлиги кўзга ташланади: рақиб дарвозасини нишонга олишда 19 зарбага 15,9 зарба; Узатмаларнинг аниқлигида 85,1 фоизга 84,2 фоиз.

№1-матч: “Милан” – “Ювентус”

28 октябр, шанба, соат: 21:00

ТВ-трансляция:

Ўзаро учрашувлар:

49 ҒАЛАБА 57 ДУРАНГ 62 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Милан” – “Ювентус” 1:0 ва 1:2

Имконият: 30/30/40

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

Милан” – “Ювентус”

340,80 миллион евро VS 540,30 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Ушбу қарама-қаршилик иштирокчилари турнир жадвалида қайси поғонани банд қилиб турганидан қатъий назар улар ўртасидаги кураш муросасиз кечган. Тўғри, “Ювентус” сўнгги тўрт мавсумда ўз гегемонлигини ўрнатган (охирги тўққиз матчнинг саккизтасида “Қизил-қоралар” имкониятни бой берган). Устига-устак, кетма-кет уч ўйиндирки “Россонерилар” уч очкодан мосуво бўлади. “Милан” футболчиларни чертиб-чертиб танлаб олган бўлса-да, эски касали хуруж қилишда давом этяпти. Афтидан, Монтелла ҳамон бунга чек қўядиган зиддизаҳарни ўйлаб топгани йўқ. Янги мавсумдан қатор ўзгаришларга қўл урган “Кўҳна синьора” ҳам негадир қоқилиб юрибди. Мураббий Массимилиано Аллегри чемпионат етакчиси “Наполи”дан беш очко ортда бормоқда. Мутахассис барчасини бости-бости бўлишини истаса, буёғига рақибларига очко улашмаслиги керак. Қизиқ, урган голидан ўтказгани кўп “Милан” беш йил кутилган ғалабага эришадими ёки “Ювентус” барчаси вақтинча ҳолат бўлганини исботлайди?

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ.

Фикрлар "ҲАФТА ЎЙИНЛАРИ: «МЮ» — «ТОТТЕНХЭМ», «МИЛАН» — «ЮВЕ»ГА ҚАРШИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*