Диёр Имомхўжаевдан: «Чархпалак-2»

pfll-2

Футболга энди қизиқаётган даврим анча соф эди. Мен бунда иккита дарвозага тўпни киритишни футбол билардим, ўзим шунга ҳаракат қилар, кўрганларимдан шуни кутардим. Кейинроқ бунинг орқасида катта сиёсат турганини кўрдим.  Мен ҳозиргача футбол ўйнашни яхши кўраман. Ҳакам ҳуштаги чалиниб, у ўйинни якунлагунига қадар бўлган жараённи севаман. Унинг атрофи ҳақида гап кетганида эса сиёсий қарашлар, нафслар ва манфаатлар тўқнашуви каби тушунчалар кўз олдимдан ўтади.

“Эрудит Спорт”нинг билмам қачонги, лекин анча олдинги сонларида голландиялик Ҳанс Верел ҳақида мақола ёзгандим. Унинг “Пахтакор”га келиши ва кетиши сабаблари, Ўзбекистон футболидаги аҳволга тўхталгандим. Ҳозир эса унинг атрофидаги каттароқ ишларни бир тахлам қилиб олиш ниятим бор. Қолганини эшитинг.

Ҳа, олдиндан бир нарса учун узр сўрайман. Йиллар ва саналарда адашишим мумкин, аммо буни мавзу учун зарари бор деб ҳисобламаганим учун давом этаман. Хуллас, ЎФФ тепасига катта одамлар келган ва янгиланишлар бошланган даврга қайтамиз. Улар “Пахтакор”га ҳам эгалик қилиб, ҳам футбол аравасини тортгани учун ғалати давр бошланганди. Чунки мен “Челси” ёки “Арсенал” раҳбарлари бир вақтнинг ўзида Англия Футбол Ассоциациясининг тепасида ўтиришини тасаввур қила олмайман. Биз эса шундай кунларни ҳам бошдан кечирганмиз.

Умумлаштириб кўринг, футболга пул киришни, бироқ ундан мухлис кетишни бошлади. Тошкент стадионлари ўша кезлардан бошлаб хувиллашга ўтди. Чунки мен мактабни битириш арафасида турганимда ҳам синфдошларим билан одам тўла “Пахтакор”га бориб турардик. Жамоамиз кучайди, халқаро майдонда ҳам яхши натижаларга эришгандек бўлдик. Аммо асосий мақсадлар учун бу камлик қилди. Масалан, на Жепаров, на бошқаси барибир кучли бешликка борди. Ҳатто Россияга ҳам чиқмади кўпчилик. Гегемонлик Осиё мамлакатларини забт этиш учунгина етарди. Терма эса Жаҳон Чемпионатига яқинлаша олмасди.

Мана шу давр ва ўша авлод бугунги футболни якунлаб берди. Чунки энди Жепаровларнинг ёши ўтди, ўша системада юлдуз бўлганлар ўрнини кейингилар босадиган давр етиб келди. Мен шу цикл Самвел Бабаяннинг ишдан кетиши билан якунига етди деб ҳисоблайман. Яъни, мен айтган даврдан, то шу кунгача футбол тепасидаги асосий ишларни шунинг ичидагилар қилди. Якун нима бўлганини ҳамма кўрди. Норозилик, порталга ёзилган минглаб хатлар, ижтимоий тармоқдаги кескинлик ва ҳоказо.

Бунда чиройли бир мантиқ бор, шу боисдан ҳам Самвел Бабаяннинг миллий терма жамоа бошқарувига келганига афсусланмайман. Одамлар ким аслида ким эканини кўриб қўйишлари учун ҳам бу нарса керак эди. Ўз вақтида юқоридагилар билганларича яшашди. Ҳеч кимга ҳисоб беришмади, кўнгиллари тусаган ишни қила олишди. Уларга нисбатан бўлаётган норозиликка қарши энг кескин жавоб Бабаянга бош жамоани ишониб топшириш эди. Бу энди авжига чиқиш, бу мухлисларга бирдек тупуриб ўтиш эди. Албатта, ора-чорада акаларини мақтаган, қирол даражасига кўтарган, ҳайкал қўйишни таклиф қилган ялоқхўрлар бўлди. Мана-ман деган журналистлар терма ўз бахтини топди, дейишдан ҳам уялмади. Ҳали ота-онам туғилмаган бир вақтларда одамлар бахтини қонхўр диктатор қўлида кўрган экан. Ўша журналистлар бунгача бўлган даврдан кўнгиллари айнаб, кейинроқ чиройли хўрозқандга учиб қолишди.

Ва бунинг якуни қандай бўлишини биз энг охирида кўрдик. Биринчи қадамлар хато бўлгани учун ҳам биз ўша Жепаровлар авлоди навқирон даврида ҳам, мункиллаганида ҳам мундиалга бора олмадик. Чунки уларни бошқарган қўлларда кирлик бор эди. Шаффофлик йўқ эди, ҳисоб топширилмасди. Бундай тузумлар эса эртами-кечми таг-томиридан тешилиб кетади. Бизда ҳам шундай бўлди.

Энди янги давр бошланяпти. Ўша Ханс Верел истаган футбол кўринишининг оёғига болта урганлар бир кунда ишдан кетди. Уларга қўшилиб яна кимлардир лавозимидан тушди. Яшасин, энди бахтлимиз, эртамиз порлоқ, дейишимиз керак. Дейишяпти ҳам. Аммо менда ҳадик ва чўчиш бор. Чунки футбол ҳокимияти тепасидагиларнинг қўлида яна ўша-ўша фигураларни кўряпман: Ўзбекистон футболи ва “Пахтакор”. Бу аввалгисидан бошқачароқ, бунда ёш кадрлар бор, улар жаҳон кўрган, тил билади, замонавий фикрлайди. Бунисига гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бироқ мен ҳавас қиладиган журналистлар ва мен истайдиган ғарб нашрлари ҳеч қачон “Ливерпуль” ёки “Юнайтед” раҳбариятининг Англия Футбол Ассоциацияси тепасига келишига йўл қўйиб бермасди. Чунки бунда ўрталик йўқ. Ҳатто энг холисман деган инсон ҳам ўрталик тополмай қийналиб қолади. Топа олмагансан, деб доимо ниқтаб тургувчилар топилади. Нима демоқчиман, инсон фактори йўл қўймайдиган ва эплолмайдиган ишлар бор. Бунда унинг қандай инсон эканлиги муҳим эмас. Мен юқорида айтганлар билан бугунгиларни солиштирса, ер билан осмонча фарқ бор. Бироқ хатолар барибир ўша-ўша. Ваҳоланки, хатони хато билан тўғирлаб бўлмайди…

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

 

3 Фикрлар "Диёр Имомхўжаевдан: «Чархпалак-2»"

  1. Islom (fanat Milan Navbahor) | 29.10.2017 в 00:21 | Ответить

    Ajoyib

  2. to`g`ri aytibsiz fikringizga 100 foiz qo`shilaman

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*