Диёр Имомхўжаевдан: Чархпалак

pfll2017

Биз ҳар қандай соҳада маълум бир муаммонинг оқибатлари билан куршиб ётибмиз. Шу боисдан ҳам хато кетидан хато чиқиб келаверади. Ўз вақтида отам муаммодан қочиш эмас, уни ечиш керак деб ўргатганди. Йиллар давомида мана шу сўз қулоқларим остида ўз жарангини йўқотмади. Мен уни принципларимга сингдириб юбордим. Бугун шу хусусда гаплашамиз.

Хўш, нима қилиш керак, дейсизми? Муаммонинг сабабларига қарши курашиш босқичига аллақачон ўтишимиз керак. Ривожланган мамлакатларда шундай. Бу худди компьютерга антивирус ўрнатишдек гап. Сиз ҳар сафар ишдан чиқаётган платани янгилайверасиз, вируслар эса ўша платани зарарсизлантириб чарчамайди. Бунда сиз муаммонинг оқибатларига қарши курашяпсиз ва айтайлик, қимматга тушяпсиз. Соҳани яхшироқ билган одам эса яхши бир антивирус сотиб олади ва вирусларга қарши кураш бошлайди. Бу билан у платани узоқ йиллар давомида сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Мана бу муаммонинг келиб чиқиш сабаблари билан курашиш. Бу гўзал иш, ҳар қандай соҳада ҳам.

Кунларнинг бирида ТВ кўриб ўтириб, йўловчини уриб кетган Дамас ҳайдовчиси ҳақида қўрқинчли кўрсатувга кўзим тушиб қолди. Жабрланувчи вақтида ёрдам кўрсатилмагани учун оламдан ўтган, чунки Дамас ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳамкасбимиз ҳайдовчини роса тузлади, туғилганларига пушаймон қилди. Бу билан чекланишни истамай, унинг ота-онасини экранга олиб чиқди. Ота қизарди уятдан, вақти келиб ТВда шундай мункиллаб туриш учун ўғилни дунёга келтирмаган. Она эса бунинг учун оқ сут тутмаган боласига. Хўш, ҳайдовчини ёмон кўриб қолдингизми? Стоп! У айбдор, бунинг учун жавоб беради. Бироқ ҳодисада бахтсизлик тамғаси бор. У машинани ичиб ҳайдамаган, шунчаки зимистонда йўловчини кўрмай қолган. Шу воқеагача бинойидек ўғил, ота, турмуш ўртоқ бўлган, деб фараз қилайлик. Битта бахтсизлик ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборяпти.

Аслида мана шундай ҳамкасбларимиз борлиги учун ҳам биз бир жойда депсиниб турибмиз. Мен унинг ўрнида зимистон кўча нега ёритилмаган, қачонгача шундай бўлади, деган мавзуни биринчи планга олиб чиқардим. Шўрлик ота-онани эмас, ҳокимни, депутатни экранга олиб чиқардим. Чунки индинга Нексия ҳайдовчиси бундай кўчада одам уриб кетади, унинг эртасига Спарк. Биз эса ҳар бирининг ота-онасини ТВга олиб чиқиб барака топмаймиз.

Владимирда 20 га яқин ўзбекистонлик поезд автобусни уриб кетиши натижасида ҳалок бўляпти. Икки қозоғистонлик ҳайдовчида фаросат бўлганида, поезд йўлида тўхтаб қолган барча йўловчини биринчи навбатда автобусдан тушириб юбориш ҳақида ўйларди. Аммо уни 50 ўзбекистонлик камроқ қизиқтиради, у автобусини қутқариб қолиш ҳақида ўйлайди. Нима қилайлик? Қозоғистонлик ҳайдовчининг ота-онасини экранга олиб чиқамизми? “Дамингни ол” деган жавобни оламиз катта эҳтимол билан. Бунда мен икки мамлакат ўртасида қандайдир нифоқ бор демайман. Шунинг акси бўлиб, ўзбекистонлик ҳайдовчи қозоғистонликларни автобусда олиб кетаётган бўлиши мумкин эди, тўғрими? Мана энди сизга савол: 50 ўзбекистонлик йўл азоби — гўр азоби деб, атайин автобусда йўлга чиққан деб ўйлайсизми? Бундан қандайдир фойда борми? Мен негадир самолёт чипталарининг нархи бу қадар осмон бўлмаганида, улар Россияга учиб қўя қоларди деб ўйлайман. Биз эса воқеанинг оқибатлари билан курашамиз. Яъни, алоҳида самолёт буюртма бериб, ичига докторларни солиб, ўликларни келтириш учун Россияга учиб борамиз. Мени тушундингиз-а?

Мана энди футболга қайтамиз. Биз муаммоларнинг оқибатлари билан курашганимиз учун ҳам ҳозиргача Олий Лиганинг камида 5 ҳакамини футболдан четлаштирдик. “Бухоро” — “Динамо” 0:0, “Шўртан” — “Навбаҳор” 3:3 ва “Пахтакор” — “Қўқон—1912” ўйинларини бошқарган ҳакамларни ҳайдаб солдик. Сизга савол: шу кетишда ҳаммани четлаштираверсак, Ўзбекистон футболида Равшан Эрматовдан бошқа кимдир қоладими ёки биз ҳакам ишлаб чиқарадиган фабрикага асос солиб улгурдикми? Пора олган, нохолисликка ружу қўйган, шунчаки ифлос ҳакамликни касб қилганларни жиддий жазолаш тарафдориман. Ундайларга қарши курашиш керак, деб биламан. Бироқ оғзаки буйруқ ва асоссиз кўрсатмалар, ҳеч бўлмаганда тушунтиришларсиз қарорларни ҳеч қачон тушунмайман. 10 та ўйинга четлатилган Олим Толибжонов “Шўртан” — “Навбаҳор” ўйинини бошдан кириб, бир жойдан чиқиб бошқарганини кўриб чиқдик. Жазодан кейин ўз устида ишлар, балки. Бироқ кейинги икки ўйинда бу қадар жиддий чорага арзийдиган бирор нарса кўрмадим. Агар мен билмай, лекин ЎФФдагиларга маълум коррупция бўлса, очиқ айтишсин, ҳакамларни оқлаган номард.

Футболи ривожланган мамлакатлар эса муаммонинг сабаблари билан курашяпти. АПЛда голни аниқлайдиган технология ишга тушган, ФИФА видеотакрорлар ҳақида бош қотириб ётибди, яна кимлардир сифатли трансляция вариантини, бошқалари дарвоза ортидаги ҳакамларни керак ҳисоблаяпти. Мана шундай даврда биз чора кўриш билан оворамиз.

Мен турлича мисоллар келтиришга уриндим. Уларнинг барида умумий боғлиқлик бор эканини тушунтирдим. Агар кимдир менга нега ундай бўляпти, деб савол берса, жамиятнинг, одамларнинг фикрлашларини сабаб қилиб кўрсатиб беравераман,бироқ бундан фойда йўқ. Мен шунга сабабларни ўрганишни истардим…

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

3 Фикрлар "Диёр Имомхўжаевдан: Чархпалак"

  1. холис фикрлайдиган дарвоза ортида хакам куйиш ва пеналти белгилаш ваколати унга берилиши керак. оддий туйларда 8-10 талаб видео камера ишлайди 1 туй 3 соатдан ортик булади, 1.000.000 сўм бўлади 1та уйин 1.5 соат 500.000 сўм кетар экан нима стадионни 8 та бурчагига камера ўрнатиб уйинни такроран ёзиб олинган ҳолила бўлса хам куртсатсинлар. мухлислар ва бошқа уйинни курмаган ЎФФдагилар курсин кейин хакамга бахо берсин атайин уйинни бузганми ёки адашиб бузганми

  2. prosta klass , ko`pchilik odamlar eskicha fikrlaydi

  3. Койилман. ичимдагини ёзибсиз. Сизга саломатлик ва ижодингизга ривож тилайман.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*