РИШОДНИНГ ЧЕМПИОНЛИК ОРЗУСИ

rishod

“Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов спортни ривожлантиришга катта эътибор бераяпти. Мен ва юртдошларим қўлга киритаётган ғалабалар замирида мана шу ғамхўрлик ётади. Ўзбекистон ёшларининг бир вакили сифатида нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиш ва Ватаним шаънини ҳимоя қилиш мен учун шарафдир”.

Дзюдо бўйича Пекин ва Лондон Олимпиадалари бронза медали совриндори Ришод Собиров Франциянинг “L’esprit du judo” журнали мухбирига берган интервьюсидан.

 

Спортда тасодифан ғалаба қозониш жуда мушкул. Тоғнинг чўққисига йўл кичик қадамдан бошлангани каби спортдаги чемпионлик ғолиблик нашидасини қалбдан ўтказган ондан куртак ёзади. Ҳеч ким шамол йўналишини ўзгартира олмайди. Бу аниқ фалсафа. Аммо ҳар қандай инсон мақсадига эришиш йўлида елканларни кўтариш имконига эга. Ўн бир ёшидан дзюдо билан шуғулланишга енг шимариб киришган бухоролик Ришод Собиров ҳам спорт уммонида сузаётган “дзюдо” номли кеманинг “елканларини” баланд кўтарди.

Кураш Ришоднинг қонида бор. Полвон авлодининг вакили у. Болалигидан кураш тушишнинг ҳадисини олган у. Шунинг ўзи профессионал спортни танлашига етарли бўлди. Унинг болалиги спорт машқлари билан ўтди. Тинимсиз машқларнинг натижаси тез орада бўй кўрсатди. 2005 йилда Хитойнинг Тайпей шаҳрида ёшлар ўртасида Осиё биринчилигида биринчи ўринни қўлга киритди. Бу шунчаки ғалаба эмасди. Бу дзюдо ватани – Япония шарафини ҳимоя қилаётган спортчиларнинг курагини ерга текказиш орқали амалга ошганди. Ўзбекистон – спорт мамлакати эканининг навбатдаги исботи эди бу. Ўшанда шоҳсупада туриб Ватан байроғи олдида янги-янги ғалабалар ҳақида ўйлади. Оғирроқ тош босадиган навбатдаги ғалабани кўнглидан ўтказди.

Эзгу ниятлар, эзгу орзулар, эзгу мақсадлар  ҳар доим ижобат бўлган.  Шу тариқа полвонимизнинг ғалабалари бир-бирига уланиб кетди. 2008 йилда Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинларида 3-ўринни, Япониянинг Токио шаҳрида жамоалар ўртасида Жаҳон Чемпионатида 2-ўринни, 2009 йили Германиянинг Гамбург шаҳрида Халқаро турнирда 1-ўринни эгаллади. Икки минг ўнинчи йил дунё дзюдо олами олтмиш килограмм вазн тоифасида янги юлдуз пайдо бўлганини эътироф этди. Ўша йили Собиров ўзи иштирок этган қарийб барча турнирда муваффақият қозонди. Жанубий Кореянинг Сувон, Туниснинг Гаммарт, Россиянинг Москва шаҳарларида ташкиллаштирилган Халқаро турнирларни 1-ўринда, Франциянинг Париж ҳамда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳарларида бўлиб ўтган Халқаро турнирни 2-ўринда якунлади. Халқаро мусобақаларда тобланган курашчи сентябрь ойида Жаҳон чемпиони, ноябр ойида Осиё ўйинлари ғолибига айланди.

“Ҳар бир спортчи ўз олдига катта мақсад қўйиши шарт. Олимпия, Жаҳон чемпиони бўламан деб. Кейин шу мақсад сари интилиб меҳнат қилиши керак. Ҳар бир ғалабанинг сири – қатъий тартиб-интизом ва машғулотларда тер тўкиб ишлашдан иборат. Меҳнат, машаққат, сабр, ҳаракат – ҳамма спорт турида ютуқларнинг гарови ҳисобланади”, – дейди курашчи. Эътиборлиси, бу Ришод Собировнинг “чемпионлик формуласи”.

Машғулотларни тўхтатмаган спортчи  2011 йили ҳам ўз вазнида етакчиликни сақлаб қолди. У икки Халқаро турнирда юқори поғонага чиқиб, Жаҳон Чемпионатида кетма-кет иккинчи маротаба зафар қучди! Икки карра Жаҳон чемпиони, деган номга сазовор бўлди.

“Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш, давлатимиз байроғини доимо баланд тутиш бизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу туйғу бизга ғайрат-шижоат бағишлайди, янги-янги ғалабалар сари руҳлантиради”, – деганди спортчи. Курашчининг гапида жон бор. У Ватан туйғусидан руҳланиб, Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган Халқаро турнирда яна биринчи ўринни эгаллади. Бироқ 2012 йилги Ёзги Олимпия ўйинларида бронза медаль билан чекланди. Ўша мавсумда Халқаро дзюдо федерацияси ўзбек полвонини “2012 йилнинг энг яхши дзюдочиси”, деб тан олди.

Халқаро дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинган сўнгги Олимпия рейтингида Ришод Собиров 66 килограммгача вазн тоифасида 8-ўринни эгаллаб турибди. Бу Ришоднинг натижалари пасайганидан далолат бермайди, асло. Аксинча тўрт йилликнинг нуфузли спорт тадбири арафасида ортиқча босимдан халос этади. Ўз навбатида энг асосий мақсади – Олимпиада чемпионлиги йўлида бу қўл келиши шубҳасиз. Ҳозирда дзюдочи барча рақибларини ўрганиш билан бир қаторда ўзининг камчиликларини бартараф этиш устида бош қотиряпти. Ягона мақсад – чемпионлик. Ришоднинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: “Лондондан қайтганимизда муҳтарам Юртбошимизга “Риодан, албатта, Сизга Олимпиаданинг олтин медалини олиб келаман”, деб ваъда берганман. Насиб қилса, шу ваъдамнинг устидан чиқаман”.

Яхши ният, албатта, ушалади. Олға, Ришод!

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ

1 Фикр "РИШОДНИНГ ЧЕМПИОНЛИК ОРЗУСИ"

  1. ОЛГА РИШОД! ОМАДИНГНИ БЕРСИН.МУСОБАКАЛАРДА КУРИНМАЕТГАНИНГНИ ТУШУНДИМ.ДЕМАК ХАММА КУЧ ОЛИМПИАДАГА.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*