БИР ЎЙИН ТАРИХИ: РОССИЯНИНГ ГОЛЛАНДЧА ЭРТАГИ

81658546_10

2008 йилги Европа чемпионати Австрия ва Швейцария майдонларида ўтказилган ва унда Испания терма жамоаси ғалаба қозонганди. Айнан ўша йилдан испанларнинг дунё футболидаги гегемонияси бошланган эди. Бироқ бугун Евро-2008 да муваффақиятли қатнашган бошқа жамоа – Россия ҳақида гаплашмоқчимиз. Гус Хиддинк бошчилигида руслар қитъа биринчилигида ўз тарихларидаги энг яхши натижани қайд этиб, ярим финалгача етиб боришганди. Чорак финалда Россия Голландияни 3:1 ҳисобида мағлуб этган ва бу ўйинни кўпчилик яхши эслайди.
Юқорида бу мусобақа Россия футболи тарихидаги энг муваффақиятлиси дедик. Руслар ўзларини Европа чемпионатининг биринчи ғолиби сифатида билишади, лекин 1960 йилги илк совринни Собиқ Иттифоқ терма жамоаси қўлга киритган. Шу сабаб айнан 2008 йилги мусобақа Россия номи билан боғлиқ энг омадли турнир ҳисобланади руслар учун. Худди ҳозирги каби узоқ вақт омадсизликларга юз тутган рус футболи мамлакатнинг бош жамоасига Гус Хиддинкни бош мураббий этиб тайинлади. 2006 йилда жамоани қабул қилиб олган мураббий натижани узоқ куттирмади. Евро-2008 гуруҳ босқичида руслар амалдаги ғолиб Греция, бўлажак ғолиб Испания ва Ибрагимовичи бор Швеция билан бир гуруҳдан ўрин олди. Бир қарашда Россия гуруҳ аутсайдери бўлиб кўринганди ва биринчи турда Испания Россияни 4:1 ҳисобида енгиб, тахминларни тасдиқлагандек бўлди. Иккинчи турда эса руслар амалдаги Европа чемпиони Грецияни 1:0 ҳисобида енгди. Константин Зиряновнинг голи ўйинда ягона бўлди. Учинчи турда эса Хиддинк шогирдлари жуда чиройли ўйин кўрсатиб, Швецияни 2:0 ҳисобида мағлуб этишди. Биринчи бўлимда Роман Павлюченко ҳисобни очди. Иккинчи тайм аввалида эса Андрей Аршавин ҳисобни иккитага ошириб Россиянинг ғалабасини мустаҳкамлайди. Швецияга қарши ўйинда Аршавин Евро-2008 доирасидаги илк ўйинини ўтказганди. Чунки саралашнинг охирги турида қизил карточка олгани сабаб УЕФА уни иккита ўйинда дисквалификация қилганди. Куч тўплаб қайтган Андрей шведларга қарши ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилганди.
ЎЗИНГДАН ЧИҚҚАН БАЛОГА…
Чорак финалда Россияни ўз гуруҳида Италияни 3:0, Францияни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратган Голландия кутиб турганди. Россия ҳар қанча яхши кўринмасин бу баҳсда уларнинг ғалабасини ҳаддан зиёд оптимист мухлисларгина тахмин қилиши мумкин эди. Бироқ замонавий футболда асосий омил мураббий экани бу учрашувда ҳам яна бир исботланди. Хиддинк голландларни жуда яхши ўрганганди. Биринчи бўлимда руслар кўпчилик учун кутилмаганда ҳужумга зўр беришади. Иккинчи бўлим аввалида эса Россия ҳисобни очади. Чап қанотда Зирянов ажойиб ҳаракатлари билан тўпни жарима майдончаси марказига узатади. У ерда ҳимоячилардан фаолроқ ўйнаган Роман Павлюченко тўпни тўхтатмай Ван дер Сар дарвозасига жойлайди – 0:1. Воқеалар бундай ривожланишини кўпчилик кутмаганди. Голландия голдан кейин ҳужумга зўр беради. Бироқ ҳужумлар ҳадеганда самара беравермайди. 86-дақиқага келиб ниҳоят вазият тенглашади. Жарима зарбасидан кейин Руд ван Нистелрой бош билан Акинфеев дарвозасини ишғол қилади. Кўпчилик айни шу дамда руслар учун ҳаммаси тугаганини ва энди Голландия ўзига келиб олишини тахмин қилганди. Лекин ўша кўпчилик Россияни голландиялик Гус Хиддинк бошқараётганини унутиб қўйганди.
АРШАВИН «РАҚСИ»
Ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланганидан кейин бош ҳакам Любош Михел жамоаларни қўшимча бўлимларга таклиф қилади. Бўлимларнинг биринчиси якунланаётганида Андрей Аршавин катта саҳнага чиқади. У қарши ҳужумда тўпни эгаллаб, қанотдан олдинга боради ва ҳимоячини ажойиб тарзда алдаб ўтиб, тўпни дарвоза яқинида узатади. Бўш дарвозага эса Дмитрий Торбински тўпни жойлаб қўяди. Бутун стадион ларзага келди дея олмаймиз, чунки стадиондаги мухлисларнинг аксари голландияликлар эди. Ўйин Базель шаҳрида ўтганди. Бу шаҳарнинг туб аҳолиси 170 минг кишини ташкил қилар ва ўша ўйинда Голландияни қўллаш учун 100 мингдан зиёд голландиялик мухлислар шаҳарга боришади. Ана шундай атмосферада руслар ғалабани илиб кетишга жуда яқин келишаётганди Диманинг голидан кейин. Иккинчи қўшимча бўлим аввалида эса Андрей Аршавин аутдан узатилган тўпни қабул қилиб, жарима майдончасига ёриб киради ва Ван дер Сар дарвозасига ҳал қилувчи голни уради – 1:3. ўйин тақдири мана шу зарбадан кейин ҳал бўлганди. Россия ўз тарихида биринчи марта Европа чемпионатининг ярим финалига шу тариқа йўл олганди. Бироқ ярим финалда худди гуруҳда бўлгани каби Испания Россияни йирик ҳисобда маглуб этади.
Ўша мусобақадан кейин россиялик кўплаб футболчилар қитъанинг номдор жамоаларига ўтишади. Андрей Аршавин «Арсенал»га, Роман Павлюченко «Тоттенхэм»га, Динияр Билялетдинов «Эвертон»га ўтади. Кейинроқ Юрий Жирков ҳам «Челси»га ўтиб кетганди. Айнан ўша таркиб ва ўша футболчилар замонавий рус футболидаги энг яхшиси бўлиб турибди. Мусобақадан кейин футболчиларнинг баъзилари давлат мукофотларига лойиқ топилганди.

Евро-2008, ¼ финал
2008 йил, 21 июнь. Базель
«Санкт-Якоб парк» стадиони 40 минг томошабин
ГОЛЛАНДИЯ – РОССИЯ 1:3
Голлар: ван Нистелрой (86) – Павлюченко (56), Торбинский (112), Аршавин (116).
Голландия: Эдвин Ван дер Сар, Халид Булахруз  (Хейтинга Жон ,54), Жованни ван Бронкхорст, Андре Ойер, Йорис Матейсен, Рафаэль ван дер Варт, Найджел де Йонг, Уэсли Снейдер, Орландо Энгелар (Иброҳим Афеллай, 62), Руд ван Нистелрой, Дирк Кёйт (Робин ван Перси, 46).
Россия: Игорь Акинфеев, Сергей Игнашевич, Александр Анюков, Денис Колодин, Юрий Жирков, Константин Зирянов, Игорь Семшов (Динияр Билялетдинов, 69), Сергей Семак, Иван Саенко (Дмитрий Торбинский, 81), Андрей Аршавин, Роман Павлюченко (Дмитрий Сичев, 115).
Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "БИР ЎЙИН ТАРИХИ: РОССИЯНИНГ ГОЛЛАНДЧА ЭРТАГИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*