ТEКИНГА ТУШГАН «ТАНК»

4305050700000578-0-image-a-47_1502448622366

«Арсенал» ёзги трансфер ойнаси очилишининг илк кунларидаёқ ўз сафига ҳимоячи қўшиб олди. «Шальке»дан Сеад Колашинац исмли кўпчиликка таниш бўлмаган футболчи «Тўпчилар» билан шартнома имзолади. У эркин агент сифатида жамоага келди ва шу сабаб кўпчилик босниялик бу ҳимоячига унчалик эътибор бермади. Чунки оддий футболчилар учун ҳам катта пуллар тўланаётгани мухлисларни чалғитиб қўйиб, улар яхши футболчи қиммат боради деган фикрга келиб қолишган. Бироқ Колашинац бу нотўғри эканини исботлашни бошлаб юборди. Ҳозирча «Арсенал» сафида иккита ўйинда қатнашган ҳимоячи битта гол урди ва битта голга ассистентлик қилди.

БОСНИЯЛИК НEМИС
Колашинац Германиядаги муҳожирлар оиласида туғилган. Унинг ота-онаси босниялик. Сеаднинг бутун ҳаёти Германия билан боғлиқ, лекин шундай бўлса ҳам, Босния терма жамоаси сафида ўйнайди. У ўзи туғилган Карлсруэ шаҳридаги шу номли клубда илк сабоқларини олган. Профессионал фаолияти эса «Шальке»да бошланган. 5 йил гельзенкирхенликлар сафида ўйнаган ҳимоячи шу йил ёзда якунига етган шартномасини узайтиришдан бош тортди. Чунки унга бир қатор Европа клублари қизиқишни бошлаганди. Шу тариқа Англия футболида порлашни бошлаган ҳимоячини кўҳна қитъа футболига немис мактаби етиштириб берди.

НОТЎҒРИ ҚАРАШ
Кўпчилик Колашинацнинг текинга «Арсенал»га келганини айтиб, унга нисбатан нотўғри хулоса қилмоқда. Бироқ «Шальке» уни ҳайдаб солгани йўқ, шунчаки футболчи ўзи учун янги чақирувларни хоҳлади ва шартномасини узайтирмади. «Арсенал»га ҳам «Мени жамоага олинглар», деб келиб қолгани йўқ. Уни ўз сафига қўшиб олиш учун «Ювентус», «Челси» ва «Манчестер Сити» ҳам ҳаракат қилиб кўрганди. Бироқ юқорида номи кўрсатилган жамоаларда захирада қолиб кетишини билган ҳимоячи «Арсенал»га ўтди. Колашинац ўтган мавсумда «Шальке» сафида 36 та ўйинда қатнашиб, 3 та гол урди ва 9 та голга ассистентлик қилди. Кўп голга ассистентлик қилганидан билган бўлсангиз керак, Сеад қанот ҳимоячиси ва ҳужумга жуда фаол ўтади. Бироқ «Арсенал»да у ҳозирча иккита ўйинда ҳам марказий ҳимояда ўйнади. Чунки жамоа сардори Пьер Мертазакер «Челси»га қарши суперкубок баҳсида жароҳат олиб, майдонни тарк этди ва Колашинац унинг ўрнига тушди. Шу сабаб Сеад икки ўйинда ҳам марказий ҳимояда ўйнади.

СОВРИНЛИ ДEБЮТ
Мертазакернинг ўрнига майдонга тушган Колашинац мавсумнинг очилиш ўйинида «Арсенал»нинг илк голига муаллифлик қилди. Ҳимоячи бўлиши ва жамоадаги биринчи расмий ўйини бўлишига қарамай, босниялик футболчи ўзини йўқотиб қўймади ва марказий ҳимоячиларга хос совуққонлик билан ҳаракат қилди. Охир оқибат пенальтилар сериясигача борган ўйинда «Арсенал» ҳамшаҳари «Челси» устидан ғалаба қозонди ва Англия суперкубогини қўлга киритди. Қизиғи, бу Колашинацнинг фаолиятидаги илк соврини бўлди. Биринчи ўйинидаёқ бундай бахтга сазовор бўлиш унинг кайфиятига ижобий таъсир қилди. «Лестер»га қарши кечган АПЛнинг биринчи тур баҳсида Колашинац асосий таркибда ўйнади. У Дэнни Уэлбек ҳисобни тенглаштирган ҳолда ассистент вазифасини бажарди. Қизиғи, ўша вазиятда Колашинац марказий ҳужумчи ўрнида пайдо бўлди, чунки жамоаси ҳисобда ортда қолаётганди. Ҳимоячининг жуда яхши жисмоний ҳолати эса ҳимоядан ҳужумга тез-тез ўтиб туришга имкон беради. Агар Мертазакер сафга қайтса, Премьер-Лига мухлислари Колашинацнинг қанотдан ҳужумга қўшилиш маҳоратини ҳам кўриб олишлари мумкин.

БУ ЎША
Колашинац 2014 йилги Жаҳон Чемпионатида Босния терма жамоаси сафида илк йирик мусобақада қатнашди. Гуруҳ босқичи доирасидаги Аргентина ҳамда Босния ўртасидаги ўйинни эсласангиз керак. Ўшанда Месси ва шериклари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ўйиннинг 3-дақиқасида айнан Колашинац ўз дарвозасига гол уриб қўйганди. Бу гол Жаҳон Чемпионатларидаги энг тез урилган автогол бўлиб тарихда қолган. Колашинац антиқаҳрамон сифатида тарихга кириб улгурган. Англияга эса бу «унвон»дан «анти» сўзини олиб ташлаш учун келгани аниқ.

«У ШУНЧАКИ ТАНК»
«Арсенал» етакчиларидан бири Тео Уолкотт Колашинацнинг «Челси»га қарши дебютидан кейин у ҳақда фикр билдирди: «Кўриб турибсиз, у жуда кучли. Жуда ҳам. Тренажорда ишлаганини кўриб ҳайратда қолдим. У жуда бақувват бўлиши билан бирга яхшигина тезликка ҳам эга. Сеаднинг машғулотлардаги ҳаракатларини кузатишдан завқланаман. Премьер-Лига у учун энг зўр жой. Шундай давом этса, Сеад дунёнинг энг зўр лигасидаги энг зўр футболчилардан бирига айлана олади»,- дейди Уолкотт. Қайси нашр у ҳақда ёзса, жисмоний имкониятига ва одатда бундай футболчиларда учрамайдиган чаққонлигига эътибор беради. «Mirror» Колашинац ҳақида «Кучли бўлиб туғилган» сарлавҳаси билан мақола чоп этди. «Telegraph» нашри эса уни «Босниялик Халк» деб атади. Умид қиламизки, ўтган мавсумда орқага қадам ташлаган ва узоқ вақтдан буён Англия чемпиони бўлолмаётган «Арсенал»га Сеаднинг хусусиятлари ёрдам беради.

«ЭС» МАЪЛУМОТНОМАСИ
Сеад Колашинац.
Туғилган йили: 1993 йил, 20 июнда Германияда туғилган.
Терма жамоаси: келиб чиқиши босниялик ва Босния терма жамоасида ўйнайди.
Ўйнаган жамоалари: «Карлсруэ», «Хоффенхайм», «Штутгарт», «Шальке-04», «Арсенал».

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "ТEКИНГА ТУШГАН «ТАНК»"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*