ДИEГO КОСТА: «КОНТE МАРД БЎЛСА, ҲАММАСИНИ ЮЗИМГА АЙТГАН БЎЛАРДИ»

diego-costa-0

«Челси» футболчиси Диегo Коста жамоанинг дастлабки ўйинларида таркибга киритилмаяпти. У охирги йилларда жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиб келаётганди, лекин кутилмаганда «Челси» унинг хизматларидан фойдаланмасликка қарор қилди. Антонио Конте жамоага собиқ шогирди Алваро Моратани олиб келди. Коста таркибга киритилмаганидан кейин Бразилияга ота-онасининг уйига кетди ва ҳозир ўша ерда дам олмоқда. Коста Daily Mail журналистини Бразилияга таклиф қилди ва ўша ерда ҳозирги ҳолати ҳақида гапириб берди.

– Диегo, нималар бўляпти ўзи? Нимага жамоа билан бирга эмассиз?
– Биласизми, ёз мен учун Контедан «Челси»даги фаолиятим тугагани ҳақидаги хабарни олиш билан бошланди. Ғалати ёз бўлди. Мен майда ўтган кубог финалидан кейин «Челси» базасига бормагандим. Контенинг ўша хабарини телефонимга сақлаб қўйганман.
– Биринчи тур ўйинларини кўрдингизми?
– Ҳа, мана «Челси» ютқазяпти. Менимча, қизил карточка кўп нарсани ҳал қилди. Англиядаги футбол ҳеч қаердагига ўхшамайди. «Арсенал»нинг «Лестер»га қарши ўйинини кўрдингизми? Дахшат. Ундан кейин «Уотфорд» — «Ливерпуль». Иккита ўйинда ҳам масала охирги дақиқаларда ҳал бўлди. Бундан ташқари Руни «Эвертон»даги биринчи ўйинида гол урди. Мен ўзимни одам деб ҳисоблолмайман бундай ўйинларни кўрмасдан. Сиз бўлсангиз, биринчи турни кўрдингизми дейсиз (кулади).
– «Челси»даги тақдирингиз нима бўлди?
– Эни у ерда ўйнамайман. Мени қўйиб юборишларини хоҳлаяпман. Чунки мураббий мени ўйнатмоқчи эмас. Ўзимга қолса, «Челси»дан кетмас эдим, чунки у ерда ўзимни яхши ҳис қилаётган эдим. Жамоадошларим буни тасдиқлаши мумкин. Йигитлардан сени соғиндик деган хабарлар оляпман. Улар билан муносабатларимиз жуда яхши. Сеск, Давид, Виллианлар билан деярли ҳар куни гаплашиб тураман. Улар аҳволим қандай эканини сўраб туришади. Мен жамоадошларимни яхши кўраман.
– Мураббий сизнинг жароҳат сабаб ўйнамаётганингизни айтди.
– Йўқ, йўқ, йўқ. Мени жазолашмоқда. Ҳаммаси аслида январдаёқ ҳал бўлганди. Ўшанда «Челси» билан шартномани узайтиришим керак эди, лекин бирдан жараён тўхтаб қолди. Бунинг ортида мураббий турганини сездим. Тан олиш керак, у ажойиб мураббий, лекин инсон сифатида бундай дея олмайман. Конте футболчилар билан яқин муносабатда бўладиган мураббийлардан эмас. У ўзи ва футболчилар билан орасида масофа сақлайди. Унда харизма йўқ.
– Харизма ҳақида гапирганда Жозе Моуриньо эсга тушади.
– Жозе яқинда менга қўғироқ қилди, аҳволим қандай эканини сўради. У менга омад тилади. Жозе билан муносабатлатларимиз жуда яхши эди. У билан ҳеч қачон муаммога дуч келмаганман. «Челси»да ишлар юришмай Моуриньо кетганидан ҳаммамиз хафа бўлгандик.
– Мората ҳақида нима дея оласиз?
– Алваро ажойиб футболчи. Трансфер бозори ақлдан озаётган бир вақтда ёш ҳужумчи учун ёмон пул тўлашмади. Мората «Челси»га фойда келтиришига ишонаман. У Мадридда ажойиб мавсумни ўтказди ва мураббий бундай футболчи билан ишламоқчи бўлгани тушунарли. Лекин кимнингдир жамоадаги тақдири телефонда смс ёзиш орқали ҳал қилинмайди. Мураббий мард бўлиши ва ҳаммасини юзимга айтиши керак эди. Хабарни олган вақтим Испания терма жамоаси билан бирга эдим ва хонада ёлғиз ўтиргандим. Контенинг «Челси»да қолмаслигим ҳақидаги хабари мени шокка туширди. Жамоадошларимга кўрсатганимда мураббий қандай қилиб ўз шогирди билан шундай қила олишидан ҳайратга тушишди. Мени ёлғончиликда айблаётганларга ўша хабарни кўрсатишим мумкин.
– Кубок финалидаги «Арсенал» билан ўйинда «Челси» имкониятни бой берган эди. Ўшандан кейин Конте сиз билан гаплашдими?
– Йўқ, алсо. Ҳеч қандай суҳбат бўлгани йўқ. У қарор қабул қилиб бўлган. Шундай ишлаш тўғри деб ўйлайди. Конте Италия чемпионатидан келган ва у ерда ҳамма жиддий. Бироқ бизнинг ҳазилларга тўла кийиниш хонамиз унинг кўзига балодай кўринган чоғи. Энг ачинарлиси мухлислар мени яхши кўришарди. Мана шунга ичим ачийди. Лекин улар футболда қандай ишлар бўлишини кўриб қўйишлари керак.
– Клубдан кетишингизга нима халақт беряпти?
– Ўзим ҳам билмайман. Агар мураббий мени ўйнатишни хоҳламаётган бўлса, мени қўйиб юбориши керак, тўғрими? Мен Марина Грановская (Абрамовичнинг ёрдамчиси) билан гаплашдим ва мени қўйиб юборишларини сўрадим. Мақсадим «Атлетико»га қайтиш. Клуб эса мени Хитойга ёки бошқа кўпроқ пул берадиган жамоага сотмоқчи. Мен кўп пул берадиган жамоада ўйнашни истамайман. Испания мен учун қулай. Диегу Симеоне мени ўз жамоасида кўришни хоҳлайди. Бу аниқ. У ерда мени мухлислар ҳам, клуб ҳам ҳурмат қилади. Ўзимга ҳам Мадрид ёқади.
– «Челси»да сизга қандай муносабатда бўлишмоқа?
– Улар менинг ўринбосарлар билан машғулот ўтказишимни хоҳлашади. Асосий жамоанинг кийиниш хонасига киришга рухсат беришмади. Менга худди жиноятчига қарагандай қарашмоқда. Мен жиноятчи эмасман. «Челси» учун қилган ишларим сабаб бундай муносабатга муносиб эмасман. Клуб мени ҳеч қаерга қўйиб юбормаса ва маошимни тўламаса, Бразилияда қоламан. Шу ерда шуғулланаман ва кучлироқ бўлиб қайтаман. Энг асосийси ҳозир ота-онам билан биргаман. Мени ҳурмат қиладиганлар билан. Ой охирига қадар «Атлетико» музокараларни якунласа, яхши бўларди. Мен тинч яшашни ва Жаҳон Чемпионатига тайёрланишни хоҳлайман.

Аюбхон таржимаси

Фикрлар "ДИEГO КОСТА: «КОНТE МАРД БЎЛСА, ҲАММАСИНИ ЮЗИМГА АЙТГАН БЎЛАРДИ»"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*