ҲАФТА ЎЙИНЛАРИ: «ЛОНДОН ДЕРБИСИ»ДА КИМ КУЧЛИ?

totten ches

“Эрудит СПОРТ” нашри қуйида томошабоп ўтиши кутилаётган беш тўқнашувни ўтказиб юбормасликни тавсия қилади:

№5-матч: “Милан” – “Шкендия” (17 август, пайшанба, соат: 23:45)

Ўзаро учрашувлар:

0 ҒАЛАБА 0 ДУРАНГ 0 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув:

Имконият: 50/30/20

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Милан” – “Шкендия”

350,95 миллион евро VS 6,58 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Македония вице-чемпиони “Шкендия” Европа лигасининг иккинчи саралаш босқичида “ХИК”, учинчисида “Тракай”га чиқиш эшигини кўрсатди. Эндиликда бош мураббий Катип Османи жамоасидан 53 марта қимматроқ таркибга эга “Милан”га қаршилик кўрсатади. Шуни айтиш керакки, меҳмонлар уч йилдирки гуруҳ босқичига чиқиш йўлида кураш олиб боради. Яна “Россонерилар” Тетово жамоаси учун энг номдор рақиб сифатида тарихга киради. Ўз ўрнида “Милан” ҳам учрашувга панжа ортидан қарамайди. Мутасаддилар клуб Европа Лигасида узоқроқ масофани босиб ўтиш тарафдори. Шунинг учун Винченцо Монтелла ҳар икки баҳсда асосий кучларни майдонга ташлайди.

 

№4-матч: “Бавария” – “Байер-04” (18 август, жума, соат: 23:30)

Ўзаро учрашувлар:

31 ҒАЛАБА 10 ДУРАНГ 11 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Бавария” – “Байер-04” 0:0 ва 2:1

Имконият: 40/30/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Бавария” – “Байер-04”

603,40 миллион евро VS 211,30 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

“Карло ота” мавсумга тайёргарлик давомида худди игнанинг устида ўтиргандек бўлди. Чунки Халқаро Чемпионлар ва Аудио кубогида жамоа ўйини қовушмай, ғалабадан қуруқ қолди. Мухлисларда “Аравани тортиб кетармикан?”, деган ҳадик уйғонганда Суперкубокда ғалаба қозониб, барчасини бости-бости қилди. Бироқ бу вақтинча. “Немис машинаси” қандай тезликка эга эканини бошқа мусобақаларда ҳам намойиш этиши зарур. Йўқса, италиялик мутахассиснинг истеъфоси ҳақидаги гаплар “болалаб кетади”. Охирги ўн тўрт мавсумдаги энг ёмон натижадан кейин “Байер-04” ҳам ишқибозларнинг кўнглига чироқ ёқишни мақсад қилган эмасми, грандлар билан курашга тайёрлигини кўрсатиш пайида бўлади. Боз устига, мутахассис Херрлих Хейко ҳам бежизга “Аспиринчилар”га бош қилиб тайинланмаганини исботлашга “енг шимариб киришади”.

 

№3-матч: “Ливерпул” – “Кристал Пэлас” (19 август, шанба, соат: 19:00)

Ўзаро учрашувлар:

18 ҒАЛАБА 7 ДУРАНГ 9 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Ливерпул” – “Кристал Пэлас” 4:2 ва 1:2

Имконият: 40/30/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Ливерпул” – “Кристал Пэлас”

457,50 миллион евро VS 171,95 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Шу вақтгача  Премер лиганинг энг ёш жамоаси мақоми “Тоттенхэм”га тегишли эди. Эътиборлиси, Юрген Клопп “Ливерпул”ни икки йилда чемпионатнинг кенжа клубига айлантирди. Бу “Қизиллар”нинг фойдасига ишлармикан? Жорий турда майдон эгалари Франк де Бур қўл остида мавсумга ҳозирлик кўрган “Кристал Пэлас”га қарши майдонга саф тортади. Хабарингиз бор, “Бургутлар” сўнгги матчда “Мерсисайдликлар”нинг оғзидаги ошини тортиб олиб, Юргенни ғазаб отига миндирганди. Бошқача айтганда, мезбонлар устозининг Лондон клуби билан ниҳоясига етмаган ҳисоб-китоби бор. Лекин Клоппнинг голланд ҳамкасби бунга рози эмас ва турган гапки реваншга йўл қўймаслик йўлида барча чорани ишга солади. Қизиқарлиси, “Кристал Пэлас” “Энфилд”да ўзини сувдаги балиқдек ҳис этади. Яъни, “Ливерпул” майдонидаги охирги уч ўйинда ҳам ортга уч очко билан қайтган.

 

№2-матч: “Манчестер Сити” – “Эвертон” (21 август, душанба, соат: 00:00)

Ўзаро учрашувлар:

53 ҒАЛАБА 26 ДУРАНГ 31 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Манчестер Сити” – “Эвертон” 1:1 ва 2:0

Имконият: 40/30/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Манчестер Сити” – “Эвертон”

615 миллион евро VS 295 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Премер лига тожини кийиш ҳақида ўйлаётган Гвардиола дебют мавсумда Роналд Куманнинг “Эвертон”идан қабул қилган тарсакисини унутмагани аниқ. Ўшанда “Ирислар” номдор рақибни аяб ўтирмаганди. “Шаҳарликлар” устози йўл қўйган хатоларидан хулоса чиқариб, вазиятни ўнглаш учун трансфер бозорида тиниб-тинчимади. Қанотларни кучайтирди, марказга янги ижрочиларни таклиф қилди. Шунгами экспертлар “Манчестер Сити”нинг имкониятларини юқори баҳоламоқда. Шундай бўлсада, “Эвертон”ни ҳисобдан чиқариш ярамайди. Тўғри, “Кўклар” етакчиларни пуллаб юборди. Лекин шунга яраша уларнинг ўрни янги футболчилар эвазига тўлдирилди. Қолаверса, турнир “экватори”да юриш голланд мураббийининг жонига теккан. “Ирислар” ҳам маррани баланд олиб, Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишни режалаштирмоқда.

 

№1-матч: “Тоттенхэм” – “Челси” (20 август, якшанба, соат: 20:00)

Ўзаро учрашувлар:

44 ҒАЛАБА 34 ДУРАНГ 56 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Тоттенхэм” – “Челси” 1:2 ва 2:0

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Тоттенхэм” – “Челси”

460,50 миллион евро VS 595,80 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

    Сўзсиз, Туманли ўлкадаги марказий учрашув “Тақачилар” ва “Аристократлар” ўртасидаги “Лондон дербиси”дир. Ўтган мавсумда “чемпионлик пойгаси”да курашга киришган томонлар энди иккинчи турдаёқ муносабатга ойдинлик киритади. Мураббий Маурисио Почеттино Премер лига карвони йўлга тушгунча бирорта ўйинчи харид қилмади. “Челси” бош мураббийи билан бунинг акси кузатилди. Аллақачон тўртта чарм тўп устасини таркибга қўшиб олган Конте яна уч-тўрт футболчига кўз тикяпти. Хўш, қайси мутахассис танлаган йўл ўзини оқлайди? Таркибни сақлаб, уни сайқаллаган “Тоттенхэм” устозиними ёки янги ғалабаларга янги ижрочилар етаклаб боришини уқтираётган “Челси” менежерини? Якшанба оқшомида ушбу саволга жавоб топиш билан бирга томошабоп тўқнашувнинг гувоҳига айланамиз.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ

Фикрлар "ҲАФТА ЎЙИНЛАРИ: «ЛОНДОН ДЕРБИСИ»ДА КИМ КУЧЛИ?"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*