ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: «ПАХТАКОР-79» ВА «ШАПЕКОЭНСЕ»…

paktakor

 “Шапекоэнсе” клуби ҳақида бугун ҳаммамиз биламиз. Колумбияга кетар чоғида ҳалокатга учраган ва жамоанинг 95 фоиз аъзосини йўқотган клуб 7 август куни “Камп Ноу” стадионида саф тортиб турганди.

Ҳалок бўлган футболчиларнинг кўпчилигига “Камп Ноу”га бориш бахти насиб қилмаган бўлиши катта эҳтимол. Бироқ уларнинг ҳурматини бажо келтириш учун “Барселона” ўз шаҳрига айнан “Шапекоэнсе” аъзоларини чорлади. Жанубий Американинг бир қатор клублари ёрдам қўлини чўзиб, “Шапекоэнсе” сафини ўз футболчилари билан тўлдириб бергани ҳақида эшитгансиз. Душанба оқшомида айнан ўшалар Каталония клубининг юлдузли таркиби билан елкама-елка саф тортиб турганди.

Жаҳоннинг исталган клуби “Барселона” билан ўйнашни ўзи учун шараф деб билади. Каталония жамоаси ўзининг асосчиси ҳисобланган Жоан Гамперни хотирлаб 1966 йилдан буён ҳар йили турнир ўтказиб келади. Унда ҳозиргача турли даражадаги клублар иштирок этди. Нуфуз ва обрў борасида қайғуриши шарт бўлмаган “Барселона” фақатгина йирик номларга ёпишиб олмаган. “Шапекоэнсе” таклиф қилинганидан ҳам буни билиш мумкин.

Мана шуларни хаёлга келтириб туриб, “Пахтакор—79” воқеасини эсладим. Чунки бизнинг фожеа “Шапекоэнсе” қисмати билан ўхшаш, балки аянчлироқдир ҳам. Бразилия клубининг бир қатор футболчилари омон қолди, шонли “Пахтакор”дан эса ҳеч ким.

Бугун бирор-бир янгилик бутун дунёда кенг муҳокама қилиниши учун дақиқалар кифоя. Оддий мисол, ҳалокатига қадар ўзим ҳам “Шапекоэнсе” деган клуб борлиги ҳақида тасаввурга эга эмасдим. Бироқ ҳалокат ҳақида 30 га яқин хабар ёздим, фотогалереялар тақдим этдик. Ўша вақтда бутун дунё шу иш билан машғул бўлиб кетганди. Ва “Барселона” ҳам орадан 9 ой ўтиб ташкил қилинадиган Гампер Кубогининг кейинги меҳмонини ўзи учун аниқлаб улгурганди. Йиллар орасидаги фарқни айтмаса, ўз вақтида “Пахтакор” футболчилари ҳам Гампер Кубогида иштирок этиши мумкин эди-ку, деб ўйлаб қолдим.

Бизнинг фожеага бугун 38 йил тўлди. Биз энди “Барселона” ёки қандайдир гранд клубдан таклиф кутадиган ҳолатда эмасмиз. Аммо ўзимиз чиройли бир хотира турниримизни ташкил қилиш имкониятига эгамиз. “Пахтакор”да раҳбарият алмашди. Қандайдир икки ой ичида ўзгаришалр кўрдик, мухлисларда умид пайдо бўлди, “Пахтакор” стадионида катта реконструкция бошланмоқда, хуллас, ҳеч ким бефарқ эмас буларга. Кейинги йилдан бошлаб мана шу раҳбарият “Пахтакор—79” хотира турнирига ҳам ҳурмат билан эътиборда бўлишига ишонгим келади.

Тўғри, ёш болалар, ўсмирлар ўртасида турнирлар ташкил этилади. 5—6 нуроний йиғилиб, “Пахтакор” ҳақида 10—15 ўсмирга хотираларини сўзлаб беради. Ваҳоланки, “Пахтакор”нинг қурби бундан кўпроғига етишига ишонаман. Агар иш тўғри йўлга қўйилса, биз ҳам ўзимизнинг Гампер Кубогимизга эга бўлишимиз мумкин.

Айтайлик, Бразилиянинг “Шапекоэнсе” клуби келаси мавсум Тошкентга таклиф этилиши мумкинми? Шота Арвеладзени ишга солиб, Голландиянинг “Аякс” клубини олиб келиш-чи? 11 август Европа миллий чемпионатларнинг кўпи старт олмаган бўлади. Ишонаманки, “Пахтакор”нинг ҳурмати 35 минглик стадион бемалол тўлади. Европа лигасининг финалида ўйнайдиган клуб ташрифи кўпчиликни бефарқ қолдирмаса керак. Вақти келиб, “Манчестер Юнайтед”, “Ливерпуль” каби оғир дамларни ўтказган жамоалар билан ҳам алоқага чиқиш имкониятимиз бўлар, билмадим. Ҳаммаси ташкилотчиликка боғлиқ.

“Пахтакор—79” фонида биз фақатгина бир жамоанинг эмас, бутун бир мамлакат футболининг қайғули ўтмишини кўрамиз. Уни ёритишда интернет нашрлар, газета ва радио, ТВ фаол бўлади, бунга шубҳа йўқ. Эсланг, “Пахтакор” ўйинларини кўриш учун вилоятлардан келадиган, ўша 79-йилдан кейин эса қадами стадиондан узилиб қолган акаларимиз ҳали-ҳамон етарлича топилади. Стадион ишқибозлар билан тўлиб тошганида “Пахтакор”нинг марҳум 17 ўғлони катта экранда бирма-бир эслаб ўтилиши, юқорида айтилгани каби 5—6 нуронийнинг ҳикояларидан бирмунчачиройлироқ, таъсирлироқ. “Пахтакор” ҳалок бўлганидан кейинги биринчи ўйинда диктор футболчилар номини ўқиб туриб йиғлаб юборгани, унга қўшилиб 60 минг эркак кўз ёш тўккани тилларда достон-ку. Нега энди бугуннинг ҳушовоз дикторлари ўша номларни ёш авлодга қайта таништира олмайди? “Пахтакор”нинг ўша таркибини баралла ўқиб, миллионлар мухлислар ёқимтойига айланиб қолган овоз эгаси ҳамон ўзимиз билан, нега улар тириклигида фойдаланиб қолаймиз-у, кейинроқ қўл учида турнирчалар ўтказамиз? Европанинг ҳар қандай клуби ёш футболчиларига мотивация бериш учун шонли ўтмиш кучидан фойдаланади. “Милан”га Мальдинилар ҳақида Монтелла сўзлайди, “Реал” юлдузларини Зидандан-да яхшироқ билишмайди. Футболчилар қандай клуб либосини кияётгани, қандай клуб шарафини ҳимоя қилаётганини тушуниши керак, жумладан, “Пахтакор” ҳам. 79-йилги таркибни яқиндан билган ва улар билан доим бирга юрганлар тобора кам қолаётгани ҳақида ўйлаб кўрайлик. Кейин бўладиган эҳтимолий узилиш сабаб биз у жамоани шунчаки ҳис қилмай қўйишимиз мумкин.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

1 Фикр "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: «ПАХТАКОР-79» ВА «ШАПЕКОЭНСЕ»…"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*