ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: КИННАЧИЛАРГА ҚОЛГАН КУНИМИЗ…

PFLa

Футбол журналистикасида меҳнат қилаётган касбдошларим ҳақида ҳақоратомуз фикрларни кўриб қолсам, уларни ҳимоя қилиш функцияси автоматик равишда ишга тушади. Тўғри, соҳада ишлаётган ҳамма зўр эмас, беш қўл баробар бўлмагани каби (ўзи қайси соҳада ҳамма зўр?) Аммо футбол орқасидан нон топаётган қолганлар билан солиштирганда, футбол журналистлари анча олдинда экани рост. Буни ҳар қандай даврада исботлаб бериш қўлимдан келади, энсангиз қотмасин.

Мавзуни очишимга икки сабаб бор. Бири терма жамоалар маркази ходимининг субутсизлиги, иккинчиси “Шўртан” матбуот хизматининг юмалоқ мақоласи. Ҳар иккисида ҳам футбол журналисти ҳақорат остида қолди. Якунда эса айнан унинг фикри тўғри бўлиб чиқдики, ҳақоратлаган томоннинг чакаги ўчди, бироқ ўша икки томон ғурури расман узр сўраб қўйишга ярамади. Шунисиёқ ким аслида ким эканини кўрсатиб турибди.

Журналист ҳар жабҳада ҳақ деган фикрни илгари сурмайман. Ҳамма қатори у ҳам хато қилади, адашади. Аммо касбий принципларидан тўғри фойдаланаётган бўлса, тушунмай туриб балчиққа ботириб қўйиш ғирт нотўғри нарса.

Терма жамоалар марказида меҳнат қиладиган ходим бор, алоқаларимиз яхши, русчасига айтганда трудоголик, ҳаракатларини қадрлайман. Ҳозир уни эсласам, Моуриньо “Реал”ни қўлга олган давр ёдимга тушаверади. Айрим футболчиларни умуман таниб бўлмай қолганди, эсингиздами? Анчелотти эса яна ҳаммасини ўз измига туширди. “Футбол профессори”нинг термага ташрифи шундай таассурот қолдиради. Мен унгача дўстимизнинг чиқишларини кўрмаганман, “профессор” ташрифи уни илғор қилди. Биз ақллимиз, сиз эса тупой, дейилади ҳозир.

Хуллас, журналист Виталий Денисов жароҳати ҳақида ёзиб, унинг Қатар ва Сурияга қарши ўйинларда майдонга туша олмаслигига шама қилган. Кетидан замон билан ҳамнафас инсон facebook саҳифасида барча футбол журналистларини бир тешикка жойлаб қўйди. У Денисовнинг шифокори билан шахсан гаплашган, у Қатар билан ўйинда майдонга тушади.

Якуни ҳақида сиз биласиз, Денисов ҳар икки ўйинда ҳам иштирок этмади. У Жанубий Корея ва Хитойга қарши ўйинларда ҳам қатнашмайди, буни Денисовнинг шифокори билан гаплашмай туриб ҳам айтиш мумкин. Мана шундай бир пайтда бир оғиз “узр” калимасини кутдим. Аммо қурибгина кетгур ғурур бунга йўл қўймади. “Ўртоқлар, Денисов ҳақида турлича фикрлар билдирилмоқда, шуни аниқлаш учун докторига телефон қилдим, у соғаймоқда, умидни туширманг, насиб бўлса, Қатар билан ўйинда Виталийни кўрамиз”, деб ёзиш мумкин-да асли. Аммо биз тупоймиз-ку, шуни эслатиб кетиш керак. “Ҳамманг лапашангсан”, деб бошлаш звучит как то.

Истанг Россия нашрларини олинг, истанг Marca, La gazzetta dello sport’дан тортиб, Mirror’га қадар варақлаб чиқинг, футболчилар трансфери, нархи, бўлажак режаси ҳақида миллион хил маълумотга дуч келасиз. Оддий мисол, шу трансфер ойнасида Мбаппе қайси клубларда ўйнаб чиқмади, дейсиз? Агар журналист фақатгина расмий маълумотни кутиб яшаса, унинг матбуот хизматидан нима фарқи қолади. Мен дуч келган маълумотни тарқатиш ёки мунажжимлар башорати каби фол очиш ҳақида айтмаяпман. Журналист қайсидир хабар ҳақида маълумот бераётганида, бир нималарга ёки кимдирларга асосланади. Осмондан олиб ёзадигани журналист эмас. Сен шу соҳада ишлаётганинг учун Денисовнинг доктори ёки ошпазини топа оласан, журналистда бундай имконият жуда кам. Аммо у ҳаракат қиляпти, меҳнат қиляпти, изланяпти. Терма атрофида нималар бўлаётганига қизиқиб, маълумот талаб қилаётган миллионларни ўйлаб шундай қиляпти. Сен-чи? На ўртоқлик ўйинларини нормал ҳал қила оласан, на ҳисобот берасан, марказ нега очилди-ю, нега ёпилди, кимдир тушунтирмайди ҳам. Ким билан ўйнадик, қандай формада ўйнадик, майдон қандай эди, футболчилар қайси меҳмонхонада, ҳеч ким билмайди. Борса келмасдан маълумотлар оламиз, термадан эса йўқ. Кимнидир маҳрига тушмаган бу жамоа, у ҳамманики ахир. Яхшиси, шуларни чиройли қилиб етказ, ёпиқ қалъани бузишга ҳаракат қилаётган журналистга осилиш шарт эмас.

Яна урушдан кейин чиққан қаҳрамон образида “Шўртан” матбуот хизмати намоён бўлди. Бу кимнинг иши, матбуот котиби ўзи ким, ҳақоратланган Фахриддин Чориев аслида қаерда ишлайди, менга қоронғу. Аммо вазият ўхшаш. Журналист “Эшитдик-да” рукнида Эдгар Гесс “Шўртан”га келаётгани ҳақида ёзди, айби шу. Келади, аниқ, гарантия демаган, мумкин деган. Ишни фельетон ёзишдан бошлаган бўлса керак, матбуот котиби журналистни савиясиздан олиб, савиясизга солиб, хуллас, бир-икки тепиб, тизза бериб, бошидан ошириб ерга отибди. Ҳа бу “Шўртан” сайтининг аҳволи қандай, матбуот хизмати ўзи қандай ишлайди, нима қиляпти “Шўртан”, шунча шалтоғини қачон тозалайди демасдан, журналистга ташланиш осонроқ, тушуняпсизми? Бир ой ўтмай ростданам Эдгар Гесс бош мураббий бўлиб турибди-ку!

Менга бир жиҳат қизиқ, уялганмикин юмалоқ чиқиш муаллифи. Эркаклик ғурури сағал бўлса-да ҳижолат тортиб қолдими? Матбуот хизмати қандай ишлаши керака, расмий хабар аслида қандай ёзилади, қайси сўзлар унинг учун ортиқча — маълумоти йўқ. Чиройли, расмий, аниқ ва тиниқ маълумот етказиш этикаси нималигини тушунмайди, лекин ёзишни синдириб ташлайди. “Кунимиз кинначиларга қолиб кетди”, дегани шу менимча.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: КИННАЧИЛАРГА ҚОЛГАН КУНИМИЗ…"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*