ОЛИЙ ЛИГА: ИККИНЧИ ДАВРАНИНГ ЭНГ МУҲИМ 10 ТРАНСФЕРИ

transferi

Олий Лига иккинчи давраси бошланишидан олдин барча клубларимиз ўз таркибларида ўзгаришларга қўл уришди. Хусусан, бир қатор клубларимиз ўз сафларини кучайтириш мақсадида муҳим трансферларни амалга оширишди. Воқеалар ривожини кузатиб борган «Эрудит Спорт» ўз одатига кўра, давралар оралиғида рўй берган энг шов-шувли 10 трансфер рўйхатини тузди.

1. ТИАГО БАЗЕРРА

Собиқ клуби: «Адана Демирспор»

Янги клуби: «Пахтакор»

Кутилганидек, Олий Лига давралар оралиғидаги трансферлар ойнасида энг фаол клуб «Пахтакор» бўлди. Тошкент жамоасининг янги раҳбарият ва янги мураббийлар штаби мақсадга яраша футболчиларни таклиф этишди. Улар орасидан бразилиялик яримҳимоячи Тиаго Базерра анча тажрибали саналади. 30 ёшли «диспечер»нинг трансфер баҳоси бежизга 400 минг еврога баҳоланмаган. Айнан ушбу харид «Пахтакор» учун энг яхшиси бўлиши мумкин. Зеро, Арвеладзе ҳам айнан унинг атрофида жамоа ўйинини ташкил этмоқчи.

2. ЖАСУР ҲАСАНОВ

Собиқ клуби: «Қизилқум»

Янги клуби: «Насаф»

Рўзиқул Бердиев Жасур Ҳасанов мисолида «Насаф»га чемпионлик руҳини бера оладиган футболчини таклиф этди. Тажрибали яримҳимоячи қанот бўйлаб ҳужумларга катта урғу берадиган «Насаф» жамоасининг асосий фигураларидан бирига айланиши кутилмоқда. Ҳасановнинг тажрибаси Қарши клубига кубок ва Олий Лигадаги юксак мақсадлар учун хизмат қилиши муқарар.

3. ЭЛДОР СУЮНОВ

Собиқ клуби: «Насаф»

Янги клуби: «Пахтакор»

Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Элдор Суюнов Қашқадарёни тарк этиб, Тошкент сари юзланди. Иқтидорли посбон «Пахтакор»да Лобанов билан жиддий рақобат қилиши аниқ. Бўйдор дарвозабон мисолида «Шерлар» дарвоза чизиғини мустаҳкамлашди

4. ШЕРЗОД АЪЗАМОВ

Собиқ клуби: «Насаф»

Янги клуби: «Пахтакор»

Олий Лиганинг энг яхши марказий ҳимоячиларидан бири Шерзод Аъзамов ҳам Суюнов ортидан «Пахтакор»га ўтди. Айнан ушбу футболчи янги «Пахтакор»нинг ҳимоя қўрғони етакчисига айланиши кутилмоқда. Аъзамов ва Суюнов энг аввало, айнан чемпионлик мақсадида пойтахт клубига ўтишгани сир эмас

5. МАРКО СИМИЧ

Собиқ клуби: «Ростов»

Янги клуби: «Пахтакор»

Ўтган мавсумда Қурбон Бердиев бошқарувидаги «Ростов»да 7 ўйинда майдонга тушган черногориялик Марко Симич Шота Арвеладзенинг таклифига биноан, Ўзбекистонга келди. Сербияда туғилган 30 ёшли ҳимоячи ўз ўйини билан Тошкент жамоаси ҳимоя чизиғини жиддий кучайтириши шубҳасиз. Марко ватандоши Аднан Ораховацнинг ўрнини эгаллайди.

6. АДНАН ОРАХОВАЦ

Собиқ клуби: «Пахтакор»

Янги клуби: «Динамо»

Сўнгги уч мавсумдан буён Олий Лигада «Пахтакор» сафида тўп сурган черногориялик Аднан Ораховац эса Тошкентдан Самарқандга кўчди. «Динамо» клуби Ораховац мисолида ҳимояни жиддий кучайтирганлигини «Бунёдкор» билан ўйиндаёқ кўрдик. Олий Лиганинг энг кучли ҳимоячиларидан бирини қўлга киритган «Динамо» кубокда финалда тўп суришни, Олий Лигада эса юқори мақсадларни қўйганлиги сир эмас.

7. ШОҲРУҲ ГАДОЕВ gadoev

Собиқ клуби: «Бухоро»

Янги клуби: «Бунёдкор»

Воҳа футболи тарбияланувчиси сўнгги бир йил давомида Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишида тўп сурди. Йил бошида «Бунёдкор»дан «Бухоро»га борган тезкор яримҳимоячи Миржалол Қосимовнинг таклифига биноан яна «Қалдирғочлар» сафига қайтди. «Бунёдкор» Шоҳруҳ Гадоев билан «Ростов»га ўтган Элдор Шомуродовнинг ўрнини тўлдирмоқчи эканлигини тушуниш қийин эмас

8. ФАРҲОД ТОЖИЕВ

Собиқ клуби: «Т-Тим»

Янги клуби: «Динамо»

Малайзияда тўп суриб қайтган Фарҳод Тожиев Ўзбекистонга қайтгач, дастлаб «Олмалиқ», кўп ўтмай эса «Динамо» сафига қўшилди. 30 ёшли ушбу ҳужумчи фаолиятининг энг юксак даврини айнан Самарқандда ўтказгани кўпчиликнинг ёдида. Тожиев мисолида «Динамо» ҳужум чизиғини жиддий кучайтира олди.

9. АЗАМАТ АЛЛАНИЁЗОВ

Собиқ клуби: «Қизилқум»

Янги клуби: «Бухоро»

«Насаф» клубидаги ўйинлари билан ном қозона олган голеадор ҳужумчи биринчи даврани Навоийда ўтказди. Аммо «Қизилқум» сафида омади юришмаган форвард иккинчи даврани Бухорода ўтказади. Бироқ айтиш жоизки, Алланиёзов учун «Бухоро» ҳужум чизиғида Иван Нагаев, Баҳриддин Ваҳобовлар билан рақобатлашиш осон кечмайди

10. ЛУТФУЛЛА ТЎРАЕВ

Собиқ клуби: «Фельда Юнайтед»

Янги клуби: «Олмалиқ»

Луфтулла Тўраев ҳам Малайзиядаги фаолиятидан кейин яна ортга қайтди. 29 ёшли футболчига «Бунёдкор», «Нефтчи» клублари қизиқиш билдирган бўлишсада, Лутфулло «Олмалиқ» вариантига тўхталди. Зеро, бу жамоада унинг собиқ мураббийи Виктор Кумиков фаолият юритмоқда. Тўраев «плеймекер» сифатида олмалиқликлар ўйинини кучайтира олишига ишонса бўлади.

Саид УСМОН, «Эрудит СПОРТ» газетаси.

1 Фикр "ОЛИЙ ЛИГА: ИККИНЧИ ДАВРАНИНГ ЭНГ МУҲИМ 10 ТРАНСФЕРИ"

  1. Oldindan Vohima qilishuvdi Paxtakor Superklubga aylanadi deb! Bu transferlari bilan Oliy Ligada Uchlikka xam kiromasa kerak. Lokomotiv ancha kuchli Paxtakoradan

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*