ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ФУТБОЛНИ ҚАНДАЙ БОШҚАРИШ КЕРАК?

USA

Халқаро Чемпионлар Кубоги ҳақида эшитгансиз. Ким учундир тақвим, формат ва қолган жиҳатлар тушунарсиздек кўриниши мумкин. Аммо бунинг орқасида ақлли сиёсат ётгани яққол кўриниб турибди.

Нега керак?

Мадриднинг “Реал” клуби ҳар йили дунё бўйлаб турнега чиқишга мажбур. Биринчидан, “Қироллик клуби”нинг деярли барча мамлакатда мухлислари бор. Вақти-вақти билан ўша ишқибозлар қаршисида саф тортиб туриш, клуб мавқеини янада юксалтиради, одамларда “Реал” билан боғлиқ ёрқин хотиралар қоладики, уларнинг кўпи кейинроқ ҳам шу жамоага бефарқ бўлмайди. Оддий мисол, Европа грандлари сотиб олинган қимматбаҳо футболчилар учун ҳаражатни, шу йигитлар исми туширилган футболкалар савдосини сотишдан ёпиб ташламоқда, тўғрими?

Иккинчидан, клуб менежментида ҳар йили турли тадбирлардан пул ишлаш масаласи ҳам бор. Бу айниқса танаффус вақтида қўл келадики, Осиё ва Америка бозорига ташриф, режалаштирилган пулни ўша ернинг ўзидан йиғиб келиш имкониятини тақдим этади. Чемпионлар халқаро кубоги бу борада машҳур клублар мушкулини осон қилди. Энди “Реал” ҳар бир рақиб, стадион, қолган икир-чикирлар ҳақида узоқ ўйлаши шарт эмас. Нима истаётганини тушунтириб берса, улар ҳаммасини бажо келтирилади.

Учинчидан, машғулот майдони, қииматбаҳо отеллардан тортиб, қолган барча ташкилий масалалар тўлиқ ташкилотчилар зиммасида. Мусобақа келтираётган фойда шу каби жиҳатлардан ташқари, футболчиларга қўшимча бонуслар беришгача етиб ортади.

Тўртинчидан. Ўртоқлик ўйинлари борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўзимизнинг жамоаларни олиб кўринг. Бир амаллаб Туркияга бориб, кўпчилик билмайдиган клубларга қарши ўртоқлик ўйинларида иштирок этишга мажбур бўлади. Ундан кам бўлмаган спаринг рақибни Тошкентдан ташқарига чиқмай ҳам топиш мумкин. Бироқ хориждаги муҳит футболчиларнинг рухий тикланиши ва ўз кучига бўлган ишончини ошириш учун ҳам керак деб ҳисобланади.

Чемпионлар халқаро кубоги эса бу ишни аъло даражада йўлга қўйиб берди. Ташкилотчилар “Реал”га алоҳида рақиб излаб, кимгадир мурожаат этиши энди шарт эмас. Улар ўзлари ҳамкорлик қилаётган 10-14 клубни бир-бири билан учраштириб қўяверади. Бунда аниқ бир тартиб ёки мантиқ бўлиши шарт эмас. Қандайдир дерби бўлса — тренд. “Барселона”нинг “Ювентус”дан алами борми, демак ўйин тренд бўлиши аниқ.

Формати қандай?

Ташкилотчилар мухлисларга қизиқ бўлсин учун, ҳар ўйиндан кейин тақдирлаш маросимларини ўтказиб ётибди. Осиё ва америкалик ишқибозлар ўзини ҳал қилувчи ўйинга ташриф буюргандек ҳис қила олиши муҳим.

Ўйин эҳтимолий дуранг билан якунланса, пенальтилар серияси ўйлаб топилган. Бу учрашувни ҳақиқий шоуга айлантиради. “Реал” ва “Манчестер Юнайтед” ўртасидаги беллашувни кўрган бўлсангиз керак, ҳар икки клубнинг умумий 7 нафар футболчиси қийшиқ зарба йўллади. Ўша куни стадионга ташриф буюрган мухлислар чинаккам шоудан баҳраман бўлди. Ахир уларда яна қачон севимли жамоаларининг пенальтилар сериясидаги ҳаяжонли онларини жонли кўриш имконияти бўлиши мумкин?

Ғолиб жамоага 3 очко, пенальтидан ютганига 2 ва ютқазганига 1, тўғридан-тўғри мағлуб томонга 0 очко. Эсдалик совғаларининг ҳар ўйиндан кейин топширилиши, машҳур футболчилар иштирокидаги фотосессия ва матбуот анжуманлари Европадаги расмий ўйинлардаги руҳиятни бера олади.

Фойда қанча?

Халқаро Чемпионлар Кубоги ўйинлари трансляцияси пул туради. Шунинг учун ҳам кўплаб ўйинлар Ўзбекистон телеканаллари томонидан сотиб олинмади. Трансляциянинг ўзидан келаётган даромад ташкилотчилар қилаётган ҳаражатни қоплаш учун етади. Бунга Сингапур, Австралия, Хитой, АҚШ ва шунга ўхшаш бир қатор мамлакатлар ёрдамини ҳам қўшадиган бўлсак, фойда янада семиради. Хитой ёки Сингапур топ клублар мамлакатга мунтазам ташриф буюришини истайди. Энди улар 3-4 клубга алоҳида-алоҳида чиқиши шарт эмас. Пулни ташкилотчиларига тўлаб берса, навбати билан топ клублар айланиб тураверади.

“Реал” ҳамда “Барселона” иштирокидаги ўртоқлик класикоси учун чипталар мусобақадан 1,5 ой аввал чиқарилган бўлиб, 2 соат ичида сотиб бўлинганди. Чипталарнинг энг арзони 300 доллардан бошланди ва 1000 долларга қадар давом этди. Энг элит нуқталар учун таклифномалар 5000 долларга ҳам сотилди. Агар 70 минг мухлис келадиган стадионга 100 доллардан чипта сотилса, бу 7 миллион доллар дегани. Мана энди энг арзон чиптаси 300 долларлик ўйиндан тушадиган даромад ҳақида ўйлаб кўринг. Қолган ўйинлар учун камида 150-200 доллардан чипталар сотилди. Демак, ҳамма манфаатдор: мухлислар, ташкилотчилар, клублар ва мезбонлар.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

1 Фикр "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ФУТБОЛНИ ҚАНДАЙ БОШҚАРИШ КЕРАК?"

  1. Samandar Avazbekov | 05.08.2017 в 12:34 | Ответить

    AFSUSKI PFL MANA SHUNAQA ODDIY MENEJMENTNI XAM BILMAYDI. MISLO UCHUN UZIMIZDAGI STADIONGA BORSANG ODDIY SUV OLIB KIRISH MUMKIN EMAS, ISSIQDA UTITSHING SHART QUYOSHGA QARAB. CHUNKI UYIN 17-00DA XAM BOSHLANAVERADI! BUNAQADA KIM UTIRGISI KELADI STADIONGA

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*