ҚУЛОҚСИЗ ШОМУРОДОВ, ДАВРОНСИЗ «СЎҒДИЁНА», КЕЛИБ-КЕТГАН ГЕСС: ДАВРАЛАР ОРАЛИҒИДАГИ ЭНГ МУҲИМ 4 ВОҚEА

даврон файщиеев

Олий Лига жамоалари иккинчи давра ўйинларини бошлашга яқин туришибди. Клубларимизда давралар оралиғида кўплаб ўзгаришлар юз берди. Тошкентнинг икки жамоаси «Бунёдкор» ва «Пахтакор» янги футболчилар ҳисобига анча кучайди. Баъзи жамоалар эса мураббийлар штабига ўзгартириш киритган ҳолда иккинчи даврага тайёрланди. Давралар оралиғида содир бўлган энг муҳим воқеаларни эслаймиз.

ҚУЛОҚСИЗ ШОМУРОДОВ
Терма жамоамиз аъзоси Элдор Шомуродовнинг жамоадан кетиши ва Россия клубига ўтиши ҳақидаги гаплар анчадан буён тарқалганди. Ўтган йили Элдор футболчиларнинг трансфери билан шуғулланадиган корхонаси билан шартнома имзолаганди. Шу сабаб унинг айнан Россия чемпионатига йўк олганидан ҳеч ким ажаблангани йўқ. янги етишиб келаётган вакилларимиздан Ўзбекистон чемпионатидан кучлироқ лигага йўл олган илк футболчи айнан Шомуродов бўлди. Элдор Россиянинг «Ростов» жамоаси билан шартнома имзолади. Бироқ энди бу ўтган йили Чемпионлар Лигасида ўйнаган, «Бавария»ни мағлуб этган жамоа эмас. Чунки Қурбон Бердиев ўзи билан Сардор Азмунни олиб, «Ростов»дан кетди. Полоз, Нобоалар ҳам жамоадан кетишди. Шундай бўлса ҳам, «Ростов» Россия Премьер-Лигасида қатнашади ва бу чемпионат бизнинг Олий Лигадан анча кучли. Шомуродовнинг трансфери эса алоҳида масала бўлди. «Бунёдкор» раҳбарлари маълум қилишдики, Элдор клубдагиларга айтмай Россияга борган ва «Ростов» билан шартнома имзолаган. Турган гапки, «Қалдирғочлар» трансфердан ҳеч қандай моддий фойда кўришмаган. Бу эса Сардор Рашидовни 2,1 миллион долларга сотган клуб учун алам қилиши аниқ. Шу сабаб «Бунёдкор»дагилар Элдорни «тузлуққа тупурганлик»да айблашди. Нима бўлганда ҳам, бу трансфердан терма жамоамиз ютади.

ГEСС ЯНА «ШЎРТАН»ДА
Ғузорнинг «Шўртан» жамоаси учун мавсум қизиқалри ўтмоқда. Жамоа етакчилар қаторида бормаётган бўлишига қарамай, мухлислар зерикиб қолишмаяпти. Мавсум бошида кўплаб ўйинларда имкониятни бой берган «Шўртан» Александр Волковни ишдан бўшатган ғузорликлар Ихтиёр Каримов қўл остида Тошкент грандлари ва жумладан мамлакат чемпиони «Локомотив»ни мағлуб этиб, кўпчиликни ҳайратлантиришди. Кейин эса Урош Милославлевич муаммоси сабаб клуб яна муаммолар гирдобида қолди. Жамоа деярли ҳеч қанча вақт ўйнамаган футболчидан 13 минг доллар қарз бўлгани сабаб ФИФА унга жазо белгилади. Халқарон футбол иттифоқи ПФЛга «Шўртан»ни мавсум охирида Биринчи Лигага тушуриб юборишни буюрди. Бироқ бу ҳақда расман ҳеч нима дейилгани йўқ. Давралар оралиғида эса «Шўртан» яна мураббийни ўзгартирди. 2009-2011, 2012-2013 йилларда ғузорликлар бош мураббийи сифатида ишлаган Эдгар Гесс яна «Шўртан» бош мураббийи этиб тайинланди. Ҳисоб бўйича учинчи марта. Унинг қўл остида жамоа 2010 йил Ўзбекистон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллагн ва кубок финалигача етиб борганди. Кейинги мавсумда эса ОФК кубогининг 1/8 финалида ўйнаган. Мавсум аввалида Гесс Самарқанднинг «Динамо» жамоасига ҳам бош мураббий этиб тайинланган. Кейин эса бирдан йўқолиб қолди. Гесс «Шўртан»да ҳам узоқ қолмади. У Ғузорга келганига бир ҳафта бўлмай жамоадан кетди ва бунга клубнинг пул топиб бера олмаганини сабаб қилиб кўрсатди.

ДАВРОНСИЗ «СЎҒДИЁНА»
Даврон Файзиев «Сўғдиёна»ни анчадан буён бошқариб келаётган ва унинг Жиззах жамоасида ишлаётганига ўрганиб қолгандик. Бироқ Даврон Файзиев кутилмаганда ўз аризасига биноан жамоадан кетишга қарор қилди. Ҳар ҳолда клуб матбуот хизмати шундай хабар тарқатди. Биринчи даврада Файзиев жамоа билан юқорироқ поғона учун курашишини айтган ва жамоадан кетиши ҳақида ҳеч нима демаганди. Унинг ўрнини эса укаси Диёр Файзиев эгаллади. У вақтинчалик бош мураббий вазифасини ўтайди. Бош мураббий ёрдамчиси сифатида Зоҳид Нурматов ишлайди. Собиқ дарвозабон Игорь Михайлов эса жиззахликларнинг дарвозабонларига мураббийлик қилади. «Сўғдиёна» футбволчилари ҳам Даврон Файзиев билан ишлашга ўрганиб қолишганди. Шу сабаб унинг кетиши жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

ОЛИЙ ЛИГАНИ ИНТEРНEТДА КЎРАМИЗ
24 июль куни Тошкентдаги «Raddison Blu Hotel» меҳмонхонасида ПФЛ ва Швейцариянинг «Empower Sports» компанияси иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Эндиликда бу компания тасарруфидаги Mycujoo.tv сайти Ўзбекистон чемпионати ўйинларини интернет орқали трансляция қилади. Швейцарияликлар қўйган талабларни Олий Лиганинг 7 жамоаси: «Локомотив», «Пахтакор», «Қўқон-1912», «Олмалиқ», «Сўғдиёна», «Машъал» ва «Обод» клублари бажара олишган. Иккинчи даврадан бошлаб ушбу жамоаларнинг стадионларида ўтадиган ўйинларни Mycujoo.tv сайтида жонли эфирда томоша қилиш мумкин бўлади. Бу сайтнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам ўйинлар трансляция қилинади. Корхона ходимлари Диего Компаире ва Даниэль Портабелла Тошкентдаги учрашувда трансляциялар қандай олиб борилиши ҳақида изоҳ беришди. ПФЛ иккинчи даврадан юқорида номи келтирилган жамоалар стадионларида ўтадиган ўйинларни жонли эфирда томоша қилиш мумкин бўлишини расман тасдиқлади. Бу ўзбек футбол мухлислари учун яхши янгилик бўлди албатта.
Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "ҚУЛОҚСИЗ ШОМУРОДОВ, ДАВРОНСИЗ «СЎҒДИЁНА», КЕЛИБ-КЕТГАН ГЕСС: ДАВРАЛАР ОРАЛИҒИДАГИ ЭНГ МУҲИМ 4 ВОҚEА"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*