16-ТУР ПРЕВЬЮСИ: «ПАХТАКОР» НАВОИЙГА, «ҚЎҚОН-1912» ҚАРШИГА БОРАДИ

@Pakhtakor_fc@Pakhtakor_fc

5,6,7 август кунлари Олий Лига жамоалари иккинчи давра ўйинларини бошлашади. Жамоалар давралар орасидаги танаффусда тайёрланиб, таркибларида ўзгариш қилиб олишди. Олий Лиганинг иккинчи давраси анча қизиқарли кечиши кутилмоқда. Турнинг марказий баҳси Қаршида ўтказилади. «Насаф» ўз майдонида «Қўқон-1912»ни қабул қилади. «Пахтакор» эса Арвеладзе бошчилигидаги илк ўйинни «Қизилқум»га қарши ўтказади.

5 август (шанба)
«ОБОД» — «НАВБАҲОР»
Ҳали «Обод»нинг Олий Лигадаги ўйинларни давом эттириши ҳақида расман ҳеч қандай хабар берилгани йўқ. Украиналик инвесторлар клубга сармоя киритаётгани ва Демченко фамилияли мураббийнинг жамоада ишлаши ҳақида гаплар тарқалганди. Бироқ ҳеч қандай маълумот тасдиқланмаган. «Обод» ўйинларни давом эттирса ҳам, қандайдир натижа қайд этиши қийин. Чунки кўпчили футболчилар жамоани тарк этишган ва бошқа клублардан кетган жамоасиз футболчиларгина жамоада ўйнаши мумкин. «Навбаҳор»да ҳам аҳвол унчалик яхши эмас. Ҳар ҳолда Одил Аҳмедов интервьюсида ички муҳит яхши эмаслигини айтди. Биринчи давранинг охирги ўйинларида фақат дуранг ўйнаган «Навбаҳор» энди мавсум аввалидаги каби етакчилик учун даъвогар бўлолмайди.
Имкониятлар: 30/20/50.

«ДИНАМО» — «МEТАЛЛУРГ»
Самарқанднинг «Динамо» жамоаси биринчи давранинг илк турида «Металлург»ни Бекободда 2:0 ҳисобида мағлуб этган ва ўзининг қисқа муддатли шов-шувли юришини бошлаган эди. Бироқ бу серия узоққа чўзилмади. «Металлург» эса биринчи давра охирида ғалабали серияни бошлаб юборди. Сал қолди бекободликлар биринчи давран кучли тўртликда якунлашига. Давралар оралиғида «Динамо» фаолроқ бўлди ва бир қатор футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. «Металлург» эса бирининчи давра охиридаги ўйинларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади
Имкониятлар: 40/30/30.

«НEФТЧИ» — «ШЎРТАН»
Тақидир мавҳум бўлиб турган яна бир жамоа «Шўртан». ФИФА ғузорликларга нисбатан жазо тариқасида биринчи даврага тушуриб юбориш шартини ПФЛга қўйганди. Бироқ бу хабар на тасдиқланди, на инкор қилинди. Жамоа раҳбариятида эса ўзгаришлар юз берди. Эдгар Гесс учинчи марта бош мураббий бўлди. «Нефтчи» эса Вадим Абрамов қўл остида иккинчи даврани бошлайди. Фарғоналиклар «Бунёдкор»га қарши кубок баҳсида анча мазмунли ўйин кўрсатишди. Мағлубиятга учраган бўлишса ҳам, жамоа ўйинида мантиқ сезилди. Вадим Карленович жамоанинг номини тиклашга уриниб кўради.
Имкониятлар: 30/40/30.

«ОЛМАЛИҚ» — «БУХОРО»
Виктор Кумиков қўл остида «Олмалиқ» борган сари ишончли ўйин кўрсатмоқда. Жамоа биринчи даврани тўртинчи ўринни эгаллади. Жамоа олдига Чемпионлар Лигасига чиқиш вазифаси қўйилган. Бироқ бу учун кучли тўртликнинг ўзи камлик қилиши мумкин. «Бухоро» давралар оралиғида жиддий харидларни амалга оширмади, лекин жамоа иккинчи даврани яхшироқ ўтказиши кутилмоқда. Чунки Бақоев аста-секин мураббийликка мослашиб бормоқда. Шогирдлари ҳам унда ўрганишмоқда. Бироқ Олмалиқдаги баҳс бухороликлар учун осон кечмайди, чунки Кумиков шогирдлари ўз майдонларида ҳали бирорта гол ўтказиб юборишмаган.
Имкониятлар: 35/35/30.

6 август
«ҚИЗИЛҚУМ» — «ПАХТАКОР»
Турнинг эътиборга молик ўйинларидан бири. Шота Арвеладзе бошчилигидаги «Пахтакор» ўзининг илк расмий ўйинини Навоийда «Қизилқум»га қарши ўтказади. Бу ўйинга бўлган қизиқиш жуда катта. Чунки «Пахтакор» нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Осиёнинг энг кучли жамоаси бўлиш даъвосини илгари сурмоқда. Раҳбарлар уни суперклубга айлантиришмоқчи. Биринчи ўйинга эса кўп нарса боғлиқ. «Қизилқум» давралар оралиғида Сервер Жепаровни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлганди, лекин томонлар келиша олмагани боис Сервер Навоийга келмайдиган бўлди. Жамоанинг таркиби шундоғам ёмон эмас.
Имкониятлар: 25/35/40.

«НАСАФ» — «ҚЎҚОН-1912»
«Насаф» биринчи давра якунида иккита муҳим футболчисини қўйиб юборишга мажбур бўлди. Жамоа сардори Шерзод Аъзамов ва дарвозабон Элдор Суюнов «Пахтакор»га ўтиб кетишди. Акмал Шораҳмедов ҳам «Бунёдкор»га қайтади деган гаплар тарқалганди, лекин охир-оқибат ҳимоячи Қаршида қоладиган бўлди. Жамоа кубок баҳсида «Қўқон-1912»ни Қаршида 4:1 ҳисобида мағлуб этганини ҳам унутмаслик керак. Қўқонликлар эса давралар оралиғида Жавоҳир Сиддиқов ва Никита Рибкинни расман ўзлариники қилиб олишди. Қувондиқ Рўзиев ҳам иккинчи даврани Қўқонда ўтказади.
Имкониятлар: 40/30/30.

«СЎҒДИЁНА» — «БУНЁДКОР»
Жиззах клубида давралар оралиғида тушунарсиз ҳолатлар юз берди. Аввалига Даврон Файзиевни қониқарсиз натижалар сабаб жамоадан кетказишди, кейинроқ агар мураббий топилмаса, Файзиевнинг ўзи жамоада қолади дейишди. Охир-оқибат, мураббий топиб Даврон Файзиевни ёрдамчи сифатида қолдиришди. Хуллас, тушунарсиз ишлар. Оқибатда клуб тайёргарликни ҳам яхши ўтказа олмади. «Бунёдкор»да эса ишлар жойида. Қосимов жамоани ўзгартира олди. У келганидан кейин «Қалдирғочлар» кучли бешликдаги барча жамоани мағлуб этиб, иккинчи давра учун кўп нарсани ваъда қилиб қўйишди. Чиндан ҳаммаси бошқатдан бошланадиган кўринади.
Имкониятлар: 20/20/60.

7 август
«ЛОКОМОТИВ» — «МАШЪАЛ»
Мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Локомотив» навбатдаги ғолиблик сари хотиржам одимлаётгандай туюлганди, лекин Тошкентнинг икки гранд жамоаси биринчи давра якунида уйғониб қолишди. Бу эса «Локо»нинг ортиқ хотиржам бўлолмаслигини англатар эди. Шу сабаб жамоа давралар оралиғида Белорусияда тайёрланишга қарор қилди. У ерда баъзи легионерларни кўрикдан ўтказди. Бунинг устига Бикмаев спорт формасини тикламоқда. «Машъал» учун эса биринчи давра омадсиз якунланди. Жамоа кубок чорак финалининг биринчи ўйинида Самарқандда «Динамо»ни мағлуб этди, лекин ўз майдонида йўланмани самарқандликларга тутқазиб қўйди. Шу сабаб муборакликларнинг кайфияти унчалик яхши эмас.

Фикрлар "16-ТУР ПРЕВЬЮСИ: «ПАХТАКОР» НАВОИЙГА, «ҚЎҚОН-1912» ҚАРШИГА БОРАДИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*