ОЛИЙ ЛИГА: 1-ДАВРАНИНГ ЭНГ ОМАДСИЗ 7 ТРАНСФЕРИ

KrizoLoko

Олий Лиганинг биринчи давраси сўнгги сарҳисобларини келтиришда давом этамиз. Бу сафар «Эрудит Спорт» мавсум бошида катта мақсадларни кўзлаб янги жамоасига таклиф этилган, аммо ўзини оқламаган трансферлар хусусида фикр юритади. Қуйида биринчи давранинг энг омадсиз 7 трансфери билан танишинг.

  1. МАНСУР САИДОВ

Клуби: «Навбаҳор»

Амплуаси: яримҳимоячи

1-даврада: 11-ўйин, 654 дақиқа, 1 та гол.

Фарғоналик яримҳимоячи Мансур Саидов йил бошида «Нефтчи»ни тарк этиб, «Қизилқум» сафига қўшилган бўлсада, мавсум бошланиш арафасида яна водийга қайтиб, «Навбаҳор» жамоасидан ўрин олди. Наманган клуби тажрибали футболчига ишонч билдирган бўлсада, Саидов мухлислар кутган ўйинни намойиш эта олди дейиш қийин. Оқибатда «Навбаҳор» Саидов билан келишувни ўзаро бузди, Мансур яна Фарғонага йўл олди.

  1. АРТУР ГЕВОРКЯН

Клуби: «Қизилқум»

Амплуаси: яримҳимоячи

1-даврада: 15-ўйин, 1223 дақиқа, 3 та гол.

Йил бошида Артур Геворкяннинг «Локомотив»дан «Қизилқум» сафига қўшилиши Навоий жамоасининг совринли ўринлар учун кураш олиб бориши борасидаги тахминларни яратганди. Аммо, кучли таркиб – кучли жамоа дегани эмаслиги маълум бўлди. Айниқса, Навоийда биз «Насаф»даги «Қирол Артур»ни кўрмадик. Туркманистонлик футболчи жиддий трансферга қарамай, ўз савиясида тўп сура олмаяпти. Балки, иккинчи даврада биз билган Геворкян қайтар…

  1. РЎЗИМБОЙ АҲМЕДОВ

Клуби: «Навбаҳор»

Амплуаси: ҳужумчи

1-даврада: 6-ўйин, 215 дақиқа, 0 гол.

Йил бошида Наманган жамоаси катта умидлар билан Рўзимбой Аҳмедовни яна «Андижон»дан «Навбаҳор»га қайтарган бўлсада, хоразмлик тезкор форвард ўзини кўрсата олмади. 30 ёшли футболчи гоҳида захирада қолган бўлса, аксарият вақтини жароҳатини даволаш билан ўтказишга мажбур бўлди. Бундай муаммолар эса номдор таркибга эга «Навбаҳор»ни 12-ўринда тушишига сабаб бўлди.

  1. ВОҲИД ШОДИЕВ

Клуби: «Қизилқум»

Амплуаси: ҳужумчи

1-даврада: 12-ўйин, 758 дақиқа, 0 гол.

2015 йилги Осиё Кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоасида ажойиб ўйинлар намойиш этган Воҳид Шодиев Малайзиядан «Қизилқум» сафига қайтиб, ҳалигача гол нималигини билмай келмоқда. Тажрибали ҳужумчи 12 ўйинда иштирок этган бўлсада, рақиблар дарвозасини ишғол этолмади. «Қизилқум» «тишсиз» форвард билан хайрлашган бўлсада, Шодиевни Қосимов «Бунёдкор»га жалб этди. Кўрамиз, Миржалол Воҳидни яна «уйғота» олармикан?

  1. ВАДИМ ЧЕМИРТАН

Клуби: «Бунёдкор»

Амплуаси: ҳужумчи

1-даврада: 7-ўйин, 349 дақиқа, 2 та гол.

Ўтган мавсум Бухорода порлаган молдавалик голеадор, йил бошида «Бунёдкор»га ўтиб, легионер номига мос бўлмай қолди. Тошкентликлар сафида 7 ўйинда майдонга тушган Чемиртан бор йўғи 2 та голга муаллифлик қилган. Катта умидлар билан таклиф этилган тажрибали ҳужумчининг камтаргина статистикаси унинг омадсиз трансфер бўлганлигини англатаётгандек. Бу фикрга Чемиртан қарши бўлса, иккинчи даврада ўзини кўрсатиши шарт.

  1. АЛЕКСАНДР ПИШУР

Клуби: «Шўртан»

Амплуаси: ҳужумчи

1-даврада: 3-ўйин, 169 дақиқа, 0 гол.

Украиналик «фахрий» ҳужумчи «Бунёдкор»даги фаолиятидан кейин «Навбаҳор»да умуман ўзини оқламаган бўлсада, Александр Волков йил бошида Александр Пишурни яна «Шўртан»га жалб этди. Номи улуғ легионер клубга зарари теккан бўлса ҳамки, фойдаси тегди дейиш қийин. Буни унинг статистикаси айтиб турибди. «Чет эл хўрозқанди»дан бу сафар ҳам «Шўртан» азият чекди. Пишур 1-давранинг энг омадсиз трансферларидан бири бўлди.

  1. НЬОРЕ КРИЗО

Клуби: «Локомотив»

Амплуаси: ҳужумчи

1-даврада: 2-ўйин, 37 дақиқа, 0 гол.

Шубҳасиз, жорий йилги биринчи давранинг энг омадсиз трансфери Ньоре Кризо бўлди. «Локомотив» йил бошида ОЧЛ ва Олий Лига ўйинлари учун африкалик ҳимоячи Муҳаммад Коне ва Ньоре Кризолар билан сафини тўлдирганди. Бироқ, ҳужумчи легионер кутилганидек голеадор эмас, «пуч ёнғоқ» бўлиб чиқди. Кризо Олий Лигада бор йўғи 2 ўйинда 37-дақиқа тўп суриб, 1-даврадан кейин «Локомотив»дан «тушиб қолди». Кризо мисолида клубларимиз легионер танлашда жиддий бошқотиришлари шарт.

Фикрлар "ОЛИЙ ЛИГА: 1-ДАВРАНИНГ ЭНГ ОМАДСИЗ 7 ТРАНСФЕРИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*