ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: Ё МУНДИАЛ Ё «АУТ»

stream_img

Хитойга қарши ўйин яқинлашгани сайин юрак уриши бошқача бўлаверади. Мундиал йўлланмаси ҳаммага керак, Эрондан бошқа. Ва айнан мана шу жиҳат биз учун анчагина хавотирли. Форслар бизга етказиши мумкин бўлган зарар мени Хитой ёки Жанубий Кореяга қарши ўйинлардан кўра кўпроқ хавотирга солади.
Футболчиларга охиригача ишониб, умид бериб, қўллаб-қувватлаб турдик ҳам дейлик. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Қарама-қарши фронтда эронликлар етказиши мумкин бўлган зарарга ҳам тайёр туриш керак.
Тўғри, айб ўзимиздан ўтди. Карлуш Кейруш жамоасини на Тошкентда ва на Теҳронда таслим қилдик. Оқибатда бунинг тўловларига тайёр туришга мажбурмиз. Россия—2018 йўлланмасини муддатидан олдинроқ қўлга киритиб бўлган Карлуш Кейруш мен захира футболчиларимни синаб олмоқчиман деб, асосий фигураларига дам бериши мумкин, тўғрими? Ортда қолган саккиз турни битта темпда ўтказиб, ўз дарвозасидан бирорта гол ўтказиб юбормаган Эронга энди фарқи йўқ. Кимни олиб чиқиш ўзининг қўлида бўлиб турганида, бемалол дўст танлаш имкониятига эга. Футбол шундай нарсаки, бир неча ўйинлар давом этган анъана дарз кетиб қолса, футболчилар руҳий босимни шунчаки қўйиб юборади. Айтмоқчи бўлганим, 31 август куни кореяликлар Эрон дарвозасига биринчи бўлиб йўл топа олса, форсларга энди умуман фарқи бўлмай қолиши катта эҳтимол.
Тўрт йил аввалги мундиал саралашини яхши эслаймиз. Эрон энг кам имкониятга эга бўлиб турганига қарамай, сўнгги турда Сеулда 3 очко ишлашнинг уддасидан чиқиб, қандайдир фантастика кўрсатганди. Бу ҳолатни кореяликлар ҳам эслаб қолишган. Ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётган ва янги мураббий қўл остида майдонга чиқиб келадиган, футболчилари Европанинг кучли бешлигида тўп сурадиган Корея битта хатони иккинчи бор қилишига ишониш қийин. Бундан қутулиб қолишнинг ягона йўли сафарда Хитойни енгиш бўлиб турибди. Кореяликлар биз учун бир марта сюрприз уюштириб, Доҳада енгилиб берди. Улар ўша хатони яна такрорлашига ҳам ишониш мушкул.
Энди эса Сурияга эътибор беринг. 31 август куни улар Қатарни қабул қилади. Тўғри, қатарликлар ҳам умидни узмаган. Бироқ қайд этаётган натижаларидан келиб чиқилса, Сурия барибир хавфлироқ кўринади. Агар жамоа биринчи миссияни уддалай олса, Сурия сўнгги турни Теҳронда Эронга қарши ўтказади. Ҳа, яна ўша форслар. Улар 2012 йилдаги мағлубият аламини икки марта олгани етмаганидек, бирйўла кўмиб қўйишни истаса, кетма-кет икки учрашувни ютқазиб беришининг ўзи кифоя.
Жадвалга яхшилаб қаралса, назарий жиҳатдан учинчи бўлиш имконияти ҳаммада бор. Шу важдан келиб чиқиб, барча жамоанинг сўнгги икки ўйинига назар ташлаб кўрамиз.

9-тур
Жанубий Корея — Эрон
Хитой — Ўзбекистон
Сурия — Қатар

10-тур
Ўзбекистон — Жанубий Корея
Эрон — Сурия
Қатар — Хитой

Фақатгину шу икки тур ҳақида гап кетса, энг осон миссия Қатарники. Улар турнир жадвалининг энг яхши учлиги билан дуч келмайди. Сўнгги турда Жанубий Кореяни таслим қилган Қатар яхшироқ ҳаракат қилиб юборса Сурия ва Хитойни ҳам ер тишлатиши мумкин.
Энди Хитойга қаранг. Бизга қараганда рақиблари осонроқ. Ўзбекистонни ўз майдонида қабул қилади. Бош мураббий Марчелло Липпи. Футболчилари асосан Супер лиганинг ўзида ўйнаши инобатга олинса, тайёргарликни ҳам биздан яхшироқ кўриш учун имконияти етарли. Бизда эса легионер футболчилар терма ихтиёрига анча кеч етиб келади.
Хуллас, вазият анча чалкаш. Шу боис менда савол бор: Ўзбекистон терма жамоаси ҳозир нима учун курашмоқчи? Дастлабки икки йўлланмадан бирини қўлга киритиш учунми ёки 3-ўринни сақлаб қолиб, плей-оффдан умид қилишми? Биринчи вариант учун имкониятимиз етарли. 2 та ўйинни ютсак, марра бизники. Агар иккинчиси тўғри келиб қолса, унда плей-оффга жамоани бошқа штаб тайёрлаши керак. Чунки бунда вазифа уддаланмаган бўлиб чиқади. Ҳозирги штаб ЖЧ саралашларида тўлиқ ишлаган биринчиси бўлиб тарихга кираверади. Тамом!
Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: Ё МУНДИАЛ Ё «АУТ»"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*