ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ОБОДЛАШМАГАН ЛИГА

PFLa

2015 йил “Парма”нинг ўйинларига эътиборли бўлиб қолгандим. Маълум муддат шу клуб мухлисига айланганимни ҳеч қачон эсдан чиқара олмасам керак.

“Спорт” телеканалидаги “Евротайм” кўрсатувини тайёрлаш жараёнида Италия А сериясини кузатиб боришга мажбур бўлгандим. Ўйлаганимчалик зерикарли футбол эмасди у. Тез орада қизиқиб кетдим. Тўғри, Англия ёки Германия билан умуман солиштириб бўлмасди. Қайсидир жиҳатлари ўзимизнинг Олий лигани ҳам эслатиб юборарди. Бироқ уддасидан чиқсангиз, олиш мумкин бўлган яхши нарсалари ҳам бор. Масалан, жарангли клублар ва футболчилар. А серияни кузатмай туриб ҳам Италия терма жамоасига мухлис бўлганлар қанча орамизда.

“Парма” банкротлик ёқасига келиб қолганди. Агар мамлакат футбол лигасига жавобгар ташкилот бу ҳолатга бефарқ бўлганида, А серия шармандали ҳолат билан юзлашиб, мавсум ярмидаёқ битта клубини йўқотиб қўярди. Айтайлик, бундай ҳолат Б серияда юз берса ҳеч ким эътибор бермаслиги мумкиндир. Аммо Италия Олий дивизионидан битта клубнинг йўқолиб қолиши бу энди фақатгина италияликлар муҳокама қиладиган мавзу бўлмасди. УЕФАдаги обрўсини тобора йўқотиб бораётган чемпионат учун бу яна битта зарба бўлиб тушарди.

Адашмасам А серия “Парма”га 5 миллион евро йиғиб берди ва мавсумни тугатиб қўйишни сўради. Бунда чемпионатнинг қолган клублари ҳам қараб турмади. “Ювентус”дан тортиб, ўзига тўқ бўлган қолган жамоаларгача пармаликларга молиявий ёрдам қилишга ҳаракат қилди. Таъсирли воқеа эди бу. “Парма” футболчиларини ҳар ўйиндан кейин кузатиб қўяётган мухлислар, рақиб футболчиларининг далда беришлари ҳали ҳам кўз олдимда туради.

Ҳа, клуб аъзоларининг ўзи ҳам қараб турмади. Муаммони ўзиники деб билмаган бир қатор йигитлар биринчи давра якунида “Парма”ни тарк этишга қарор қилди, қолишдан маъни йўқ эди. Аксар футболчилар эса мавсум якунига қадар текинга ўйнаб беришга ҳам рози бўлди. Бунда улар мушук текинга офтобга чиқмайди қабилида тўп суришмади, борларини беришди. Баъзида менга миллионларни қуртдек санаб олаётган айрим футболчилардан ҳам забардастроқ бўлиб кўринишди. Биргина мисол айтаман, пул олмаётган футболчиларнинг пешқадам “Ювентус”ни мағлуб этиши стадионни бир зумга жимдир қўйганди. Лига етакчилари эплай олмаётган ишни уддалаган клубдан яна бир неча ойдан кейин асар ҳам қолмасди.

“Парма” мавсумни 20-ўринда якунлади ва нафақат А серия билан, балки катта футбол билан хайрлашди. Клуб банкрот деб эълон қилинди ва тарқатиб юборилди.

Бугун Тошкентнинг “Обод” клуби деярли шундай аҳволда. Бу икки клубнинг келиб чиқиши ва қайд этган натижаларини умуман солиштириб бўлмайди. “Обод” унинг фонида ҳали ёш бола. Бироқ тушиб қолинган вазият ҳақида гап кетганида уларни умумлаштириб қараш мумкин.

Италия нашрлари ҳар холда “Парма”нинг аҳволидан бохабар этиб турди. Клуб хўжайини кимлар, улар нима истамоқда, молиявий аҳвол қанақа, футболчилар қандай фикрда ва ҳоказо. “Обод” эса жим. Буни тўғри тушунамиз ҳам. Раҳбарларнинг, клубдагиларнинг, футболчиларнинг ичидан нима ўтаётгани фақатгина уларнинг ўзигагина аён. Аммо ПФЛ-чи? Қолган клублар-чи? Мана шу нуқтада биз ўша Италиядан ҳам анча ортда эканимиз кўринади. “Обод” футболчилари эркин агент сифатида тарқатиб юборилаётганини бугун ҳамма билади. Ҳамма клуб унинг аъзоларини талаш билан банд. Аммо жамоанинг ўзи-чи?

Тасаввур қилиш ҳам қийин, биласизми? “Обод” биринчи давранинг барча ўйинларида майдонга тушди. Кимдандир очко олди, кимларгадир улашди. Яъни, турнир жадвалининг ҳозирги кўринишига катта таъсир ўтказди. Қолган 15 та ўйин нима бўлади? ПФЛ йил аввалига йиғиб оладиган бадал пуллари билан ёрдам бермайди ҳеч қачон. Клубларнинг ўзига пул керак, айтайлик, “Шўртан” деганларнинг шалтоғи осилиб ётибди. Ва кўриниб турибдики, “Обод” учун яна ярим йил текинга ўйнаб беришни истаётган кимдир ҳам йўқ. Ҳамманинг ўз оиласи, муаммолари ва ташвишлари бор. “Обод”дагилар италияликлар каби минг евроларда пул олиб, анчагина йиғиб қўймаганига ишонаман.

ПФЛ тилга киришини қанча кутиш керак, хайронман. ОАВ қўлидан келганича янгилик излаб ётибди. Бабаян “Обод”ни олишни истаётганидан тортиб, Павел Соломин хориждан инвесторлар топганига қадар ўқидик. ПФЛ эса ҳозирча жим. Ташкилот ўзини “Обод”дан расмий ҳеч нарса олмадик деб оқлай олади. Ваҳоланки, битта кема чўкиб битаётганини эл қатори кўриб турибди. Бизнинг футболда Александр Мочиновнинг ўсмирлари “Обод”нинг қолган 15 та ўйинини ўтказиб қўйиши ёки ПФЛ бутылка айлантириб туриб, жамоанинг биринчи даврадаги барча натижасини бекор қилиб юбориши ҳам мумкин. Ваҳоланки Олий лига учун 16 та арзирли жамоамиз борми ўзи деб ҳеч ким ўйлаб кўрмайди. 12 тасини қолдириб, 4 тасини Биринчи лигага туширганларида, қуйи лига ҳам фаоллашиб, Олий лигага ижобий таъсир кўрсатишимиз мумкин эди.

Хуллас, биз Италия эмасмиз ўртоқлар. Ватанпарварлик ҳам, меҳмондўстликда ҳам, мурувват ва мардликда ҳам улардан анчагина орқадамиз. Шунинг учун ҳам Италия Жаҳон чемпионлиги учун курашса керак, биз эса Мундиалга бориш учун.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

3 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ОБОДЛАШМАГАН ЛИГА"

  1. Ex,Diyorxo’ja axir Uff o’zixam boshka klublar moliyaviy axvolini aytishdan «kizil shapkacha bo’ridan ko’rkgandek»ko’rkib ketsa kerak.Axir muamoni echishni paysalga solish echim emasligiga juda ko’o’o’p akl kerakda.

  2. Шунинг учун ҳам Италия Жаҳон чемпионлиги учун курашса керак, биз эса Мундиалга бориш учун.
    -+——————
    UDAR GAP BUPTIDE UZIYAM! QOYIL! 1000% TUGRI!

  3. Таъсирли яхщи макола булибди Диёрдан. ПФЛ мана шунака Хусусий клубларни куллаб-кувватламаса хамма давлат пулини еб ёторади. УФФ ва ПФЛ узгармаса бирортаси узгармейди.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*