Диёр Имомхўжаевдан: Кенгроқ бўлинг

babayyannn

Ҳаммасига икки ойча вақт қолганида президентга достонлар ёзишнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ, бўлганида Бабаян Эронга мағлуб бўлган биринчи ўйинидан кейиноқ футболдан кетиши керак эди.

ФИФА ҳеч бир ҳукуматни футбол федерациялар ишига аралаштирмайди, буни жилла қурса журналистлар тушуниб етиши керак. Мамлакат раҳбари қаердаги Бабаян учун чиқиш қилиб ўтирмайди, унинг муҳимроқ соҳаларда миллионта ташвиши бор, сиз эса қандайдир олифта менежер деб катта инсоннинг бошини қотириб ўтирибсиз, уят эмасми? Тасаввур қилинг, сўраётганингиз амалга ошиб, президент бош мураббийни ишдан бўшатиб юборди, футбол федерацияси президентини ишдан олиб ташлади. Кейинини ўйлаб кўрганмисиз? Энг камида ФИФА Кувайтнинг бошига солган кунни эслашга мажбур бўламиз. Тарихдан шунга ўхшаш мисолларни билиб туриб ҳам портални тинч қўямаётганимиз тушунарсиз.

Шундай муаммолар бор, унинг ҳал қилиниши фақатгина бир кишига қараб қолиши керак эмас, ҳатто президентга ҳам. Мен орзу қиладиган жамият мана шундай. Жамият ўз муаммоларини ҳал қила олмай, ҳукуматдан ёрдам кутаверар экан, вақти келиб ўша ҳукумат жамиятнинг ҳар қандай ишига аралашишни бошлайди. Шу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз? Йўқса бутун бошли мамлакат шунча ташвиши турганида, одамлар қиладиган тўй ёки киядиган кийимига қадар бош қотириб ўтирармиди?

Ўзингиз ўйлаб кўринг, Вадим Абрамов нега ишдан олинганди? Қосимов нега иссиқ жойидан олиб келинганди? Бу шунчаки Усмоновнинг қарори деб ўйласангиз, менимча бироз адашасиз. Абрамов федерация президенти учун жуда бегона одам бўлмагани учун ҳам терма жамоа тепасига қадар етиб келган. Ваҳоланки унга қадар Олий лигада бирор ишни қойиллатиб қўйишга улгурмаганди. Агар у ишдан кетиши керак бўлса, олимпиячилар муваффақиятсизлигидан кейиноқ катта эшик кўрсатиб қўйилиши керак эди-ку. Мен нима демоқчиман, ўша вақтда ҳам биргина инсоннинг қарори ҳамма нарсани ҳал қилган. Ва сиз ҳозир ҳам ўша ҳолатдан хулоса қилмай, бошқа бир одамдан нажот кутиб турибсиз, қачонгача?

Бабаян мен учун ҳеч ким. Унинг футбол тепасига келиб қолгани, ўша тепаликда турган ўзи сингари “донолар” шарофатидир. Порталга Бабаян ёки бошқанинг устидан ёзишни мен ҳам биламан. Бироқ бу принципларига умуман тўғри келмайди, шунинг учун ҳам арзирли деб билганим иш билан шуғулланаман. Тан оламан, газетада чиқаётган мақолаларда таъсир кучи умуман йўқ. Аммо вазифасида маъни бор. Бу юмалоқ хат ёзиш эмас, бунда таҳлил бор, танқид бор, таклиф бор. Таъсир кучи йўқлигининг сабаби катталар уни ўқимай қўйишди. Ўқиладиган газеталар эса мажбурий обуна йўқ деб 30 миллион одамнинг қулоғига лағмон осиб юрибди. Шунинг учун ҳам ўша лағмончиларнинг газетасида чиқиш қилишга уяламан. Ҳеч ким ўқимаса ҳам шу ер тузук, вақти келиб тахламларни ўрганиб чиқадиган бекорчи топилса, шу журналист шундай деган экан деб эсласа, бу менга катта ютуқ.

Одамлар учун курашиш қачонгача давом этиши керак? Нега доим шундай яшаб келамиз, ҳайрон қоламан. Ҳали Бабаян урилади, ҳали Қосимов, ҳали Абрамов, ҳали Усмонов. Хуллас, шоҳсупага ким чиқиб қолса, шайтонга тош отгандек пастдан туриб қўлимизга тушганини отиб қолиш пайида бўламиз. Ким у Бабаян?! Ҳеч ким!!! Шалтоқлари бор бўлган одам у. Агар тизим яхши ва пухта бўлганида, Бабаян сингари кишилар ҳеч қачон терма тепасига келмас, ўзи билганича иш тутолмасди.Футболдан чиқмаган одам унга бошчилик қилмасди, тушуняпсизми? Ўзимиз ишлаб чиққан тизимлар бизга нима берди? Ўндан зиёд қарорлар фойдали бўлдими футбол учун? Қизиқ-да, испан, немис, бразил футболи қандай қилиб шу чўққига чиқди, Премьер-лига қандай йўлни босиб ўтди деб ўрганиш, мозийга қайтиб иш кўриш, хулосалар чиқариш, эргашиш ўрнига, ҳамма нарсанинг ўзбек моделини ишлаб чиқишга ошиқамиз, Америка очишни севамиз, ҳаммамиз ўзимизча ҳақмиз. Аммо мен айтганлар футболда олди силжияпти, биз эса йўқ — мендаки энг яхши факт шу.Натижада журналистлар тўйиб кетиб, ўз касби қолиб, мухлисдан фарқи қолмай порталларга ёзиб юрибди. Худо билсин ўзимизнинг устимиздан ҳам қанчадан-қанча юмалоқ хатлар етиб боргандир ишлашга бермаяпти ёки менга ёқмайди қабилида.

Қатар Жанубий Кореяни ютиб қўйиши билан жон кирди. Икки ўйинга бошқа кимнидир олиб келиб, қамчини вақтида босиб қолмоқчи бўляпмиз. Липпи Хитойни олиб, иккита ўйинда ҳеч нарса қила олмаганди, биз-чи, биз кимни олиб келишимиз керак? Ундан ҳам кучлироқ кимнидир танийсизми? Менга битта одам тайинлаб берадиган раҳбар ҳам, мураббий ҳам керак эмас. Мен билган Япония, Германия ёки Англияда футболни умуман бошқача тушунишади. Бунда кўпчиликнинг фикри ётади, қарашлари такомиллашиб боради, қилинган хатолардан хулоса қилиниб, ўша хатолар такрорланмаслигининг олди олинади. Шуларни билиб туриб, нега ҳар сафар битта одамга қарши курашиб юришим ёки битта одамдан нажот кутишим керак?

Ахир судлари, прокуратураси, вазирликлари, ҳокимликлариқонунан ишлайдиган, шаффофлик акс этган, инсон манфаатларини ҳар нарсадан устун деб биладиган жамиятларга портал керакми? Президент буни одамларга ёрдам бўлсин, амалини суистеъмол қилаётган раҳбарлар устидан назорат бўлсин, деб ташкил қилди. Айримларимиз эса унинг мазмунини тушуна олмадик.

Мурожаат қилинг, ривожланган мамлакатлардан йўлини истанг. Очилиб ёпилаётган марказлар ишини кўрсатинг, кўрсатувлар қилинг, прокуратурага талаб билан чиқиб, қонунбузарликларни текширишини сўранг. Назорат бўлсин, ёшини ўзгартириб, паспортини қалбакилаштираётган қонунбузарларга жазо талаб қилинг. Бабаян олинса, Дартанян келади, у олинса, Матрасян келади, амалда эса ҳеч нарса ўзгармайди. Аммо жавобгарлик муқаррар бўлса, келиб-кетадиганлар ҳам ўйланади. Испания Мессимисан, Роналдумисан демай судма-суд судраб юрибди,биз эса олиш ва қўйишни қойиллатамиз, шугина муаммо билан ўралашиб қолганмиз.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

9 Фикрлар "Диёр Имомхўжаевдан: Кенгроқ бўлинг"

  1. bu Diyor deganlari o`zi zo`r yigitda gaplari ham ma`nili odamni ichidagi dardini gapiradi o`zim so`z topolmayman ichimdagi ifodalashga bu bola topadi gap yo`q

  2. Biz shaffofligi yo’q, ming xil baxona bilan o’zini oqlaydigan, KORRUPSIYA BOTQOG’IGA BOTIB QOLGAN FEDERATSIYA va UNING JAVOBGARLIDAGI TERMADAM VOZ KECHDIK (barcha muxlislar).

  3. Islom (fanat Milan Navbahor) | 13.07.2017 в 06:49 | Ответить

    Hozirgi futbolimiz tepasida turib olgan qovoq kallalarni basharasiga tupirvorardimu hamma qarab turibdida. Lekin maqolaga gap bulishi mumkin emas zur chiqibdi.

  4. Мақолага гап йўқ. Узбекистон футбол терма жамоасининг ҳудудларда базаларини ташкил қилиш керак. Масалан ХОРАЗМ ВИЛОЯТИДА «Кумли футбол майдонларидан иборат» Ғарбий ўқув тактик база. Хоразмни иқлими БАА,Туркия иқлими деярлди ўҳшаш. Бизнинг футболчилар факат Тошкент шаҳрида машғулот олиб боради. Ўзбекистон футбол терма жамаси машғулот олиб борадиган базалар фақат Хоразмда эмас республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил қилиш мақсадга мувофиқ масалан Жиззах вилояти Зомин худудида, Тошкент вилояти Чорвоқда, Сурхондарё вилояти, Кашқадарё вилояти Шахризабз туманида, Фарғона водийсида. Бунинг учун замон билан хамнафас яшайдиган фидоий, меҳнатсевар, Ватанпарвар инсон керак. Кани ўша инсон??? Диёрбек сизга қойил, мақолага гап йўқ, Жасурбек Хоразм вилоятидан.

  5. Manuchehr: Газетанинг ericsport@yandex.ru почтасига жунатсангиз булади.

  6. Xar doimdagidek Diyor Imomxo’jaevdan eng to’g’ri yozilgan makola.Fakat bir fakt meni o’ylantirib ko’,ydi,agar Diyor to’g’ri fikr yuritsa nega uni fakat muxlislar o’kimokda va etibor bermokda.Nima futbolimiz ichidagi insonlar bu fikrlarni ko’rishmaydimi yoki ko’rishni xoxlashmaydimi.Balki ular Diyorni fikrlarini yoklab chikishdan ko’rkishar.Yo’k men bunday deb bilmayman,Diyorni fikrlarini ko’llamaslikning eng asosiy sababchisi Diyorning o’zi.U vijdonan ishlaydi,lekin futbolimiz o’zagi kanday «printsp»lar asosiga kurilganini tub ildiziga yetib borolmsydi.To’g’rirog’i bunga yo’l berishmaydi.Agar Diyor vijdonni ozgina kismini sal chetga surib kandaydir»mablag'»evaziga mana shu futbol ichidagilardam bitta»kulok»ni o’ziga yonlaganida unga juds ko’p faktlar ayon bo’lardi va uning fikrini xatta futbol muttasadilari eshitish va uni inobatga olishga majbur bo’lishardi.Ammo men bilgan Axbor dodani nevarasi Diyor Imomxo’jaev o’z vijdonidan sal bo’lsaxam chekkaga chikolmaydida.Unga jurnalislik etikasi vs umuman iymoni yo’l bermaydi.

  7. Diyor Imomho’jayevdan har doimgidek ajoyib maqola. To’g’risi qayta-qayta o’qidim Ishlarizga omad.

  8. Menda maqolla lar bor uzimni ijodimdan.kimga murojat qilsam buladi?

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*