ОЛИЙ ЛИГА «ҚЎЛҚОПЧИ»ЛАРИ

muravbbb

Олий Лиганинг 2016-йилги мавсуми мураббийлар масаласидаги алғов-далғовлар, тушунмовчиликлари, қандайдир ўйинлари билан ёдда қолса, ажабмас.

Аввалроқ “фақир киши панада” нақлига амал қилиб, ўзи “маслаҳатчи мураббий”, “катта мураббий”, “жамоа бошлиғи” каби лавозимларни эгаллагани ҳолда “бош мураббий”га устозлик қилаётган мутахассислар ҳақида фикр билдирилган, “Бухоро”, “Металлург”, “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Локомотив” каби клубларда шунга ўхшашроқ ҳолат кузатилаётгани ҳақида тахмин илгари сурилган эди.Бироқ Олий Лигамизда мураббийларни қўлқопдек алмаштираётган, бу ишдан чарчамаётган, янги мураббийларни тайинлашга жуда берилиб кетганидан, мантиқни ҳам йўқотиб қўйгандек таассурот қолдираётган клублар фаолияти бу йил айниқса авжига чиққани хавотирли ҳолат. Мураббийларни қўлқопдек алмаштиришда водий жамоалари жуда фаол. Бироқ аввал бошқа клублар ҳақида гаплашсак.

“Обод”ни олайлик. Дастлаб жамоа бош мураббийи сифатида аслида дарвозабонлар мураббийи сифатида танилган Шавкат Абдухўжаев таништирилди. Бироқ кейин у “Сўғдиёна”га ўтиб кетди, кетаркан: “Обод”да номигагина, қоғозда бош мураббий эдим”, деб кетди. Унинг ўрнини “бош мураббий” сифатида Жаъфар Ирисметов эгаллади, бироқ у қанча муддат ва қандай мураббийлик қилгани ҳақида бир нарса дейиш қийин. Июнь ойида Александр Мочинов жамоа бош мураббий этиб тайинлангани ҳақида хабар берилди, жамоанинг сўнгги матбуот анжуманларида ҳам айнан Мочинов қатнашди. Мочиновгача бўлган даврда эса — буни “Обод”нинг аввалги “бош мураббийлари” ҳам, журналистлар ҳам бот-бот такрорлашаётган эди — ёш, бироқ тегишли лицензияси йўқ Бобур Зуҳриддинов бошқариб турди.

“Шўртан”да ҳам тушунарсиз вазият. Мухтор Қурбонов истеъфога чиқарилганидан сўнг, Александр Волков жамоа бош мураббий этиб тайинланди-ю, кейин номаълум сабабларга кўра жамоа лагеридан “йўқолиб қолди”, бу ҳодиса ҳақида ҳатто “Волков “Шўртан”дан “қочиб кетди”, қабилидаги хабарлар ҳам пайдо бўлди. Шундан сўнг Зоир Тўрақулов бош мураббий этиб тасдиқланди. Бироқ “Шўртан” нуқул салбий натижалар қайд этаверганидан сўнг, Тўрақулов “виждони қийналгани учун истеъфо сўраб”, ўз ўрнини Ихтиёр Каримовга — вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажарувчи мутахассисга бўшатиб берди.

Водий клублари эса алоҳида мавзу. “Навбаҳор”дан бошлайлик. Бахтиёр Ашурматов истеъфога чиқарилганидан сўнг, жамоа рулига Рашид Ғофуров келди. Бироқ апрель ойида у истеъфога чиқарилди ва вақтинчалик устоз сифатида “Шўртан”дан “қочиб кетган” Волков тайинланди. Волков ҳам жамоани эплай олмади ва жамоага бир муддат унинг “навбатчи устози” — Мустафо Байрамов раҳбарлик қилиб турди. “Навбаҳор” — “Андижон” (2:0) учрашувидан сўнг эса шу вақтгача “Норин”да ишлаб келган Равшан Бозоров “Навбаҳор”нинг янги бош мураббийи сифатида таништирилди.

Намангандан кетган Бахтиёр Ашурматов катта умидлар билан “Андижон”га келганди. У келгунича эса андижонликлар вақтинча устозлик қилаётган Сергей Ковшовга жавоб бериб бўлишганди. Бахтга қарши, Ашурматов андижонлик мухлислар ишончини оқлай олмади ва 22 июнь куни “Андижон” раҳбарияти билан, хабарларга кўра, “дўстона хайрлашди”. Унинг ўрнига Виталий Легай тайинланди — вақтинчалик бош мураббий сифатида. Унга Ориф Маматказин вақтинча ёрдам беради (Наманганда Мустафо Байрамов “навбатчи устоз” бўлса, Андижонда Маматказин, гўё).

“Нефтчи” Андрей Фёдоров қўл остида бир маромда одимлаяпти, деса бўлади. Бироқ Фарғона вилоятининг бошқа бир жамоаси — “Қўқон—1912” ўзига муносиб устоз топа олмаяпти. Ҳозирча жамоа бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов (у ҳам мавсумни аслида “Пахтакор”да бошлаганди, вақтинчалик устоз сифатида). Унгача Сергей Ковшов вақтинча бош мураббий сифатида ишлади (Тоҳир Кападзе эса жамоа менежери этиб тайинланган эди), улар келишидан аввал эса Мурод Исмоилов жамоа бош мураббийи эди.

Бир давра давомида мураббийларини бир неча бор ўзгартирган жамоалар номини яна бир бор эслаб ўтсак — “Обод”, “Қўқон—1912”, “Андижон”, “Навбаҳор”, “Шўртан”. Энди уларнинг Олий Лига жадвалида эгаллаб турган ўрнига эътибор қаратсак: “Обод” энг охирги — 16-ўринда; “Қўқон—1912” — 15-ўринда; “Андижон” — 14-ўринда; “Навбаҳор” — 13-ўринда; “Шўртан” — 11-ўринда.

Савол туғилади — бу жамоалар ҳадеб мураббий ўзгартиравергани учун сўнгги ўриндамикин ёки бирор мураббийга узоқ вақт ишонч билдирса ҳам ҳозирги ўрнида бўлармиди? Яна бир қизиқ ҳолат — бир йилдан ортиқ шартнома имзоламайдиган беқарор футболчилар сингари “кўчманчи мураббийлар” гуруҳи пайдо бўлгани: Волков аввал “Шўртан”да, сўнг “Навбаҳор”да; Ковшов дастлаб “Андижон”да, сўнг “Қўқон—1912”да ва ҳ.к.. Буниси, катта эҳтимол билан, Байрамов ва Маматказин каби “навбатчи устоз”лардан ҳам салбийроқ ҳолат бўлса керак.

Муҳрим АЪЗАМХЎЖАЕВ

4 Фикрлар "ОЛИЙ ЛИГА «ҚЎЛҚОПЧИ»ЛАРИ"

  1. Men kutgan maqola bõlibdi. Rahmat. Qoldirmasdan M.A’zamxõjayevning maqolalarini õqib boraman. Qörqmaydilar haqiqatni yozishdan. Tasanno! Baraka toping. Kelajakda bundanda zõr maqolalar kutib qolamiz.

  2. Сайтни ривожлантириш учун имиджини узгартириш керак. Хабарларни хар кунлик килиб чикариш, олдинги хабарларни эса архивга жойлаштирмок даркор. Газетадаги сингари бир-биридан кизикарли уйинлар ташкиллаштирса мухлислар кизикиши шунчалик ошади. Бизни вилоятда жума кунгача Эрудит-спорт газетаси сотилиб булинади. Шанба куни топишнинг иложи йук. Газетага булган мехр узгача. Шундай экан, сайтни хам шундай номга чикариш шарт. Биз муштарийлар албатта кулимиздан келган барча ишни киламиз. Газетага шу сайтимизга ташриф буюриб, уз фикр мулохазаларингизни уртоклашинг, сухбатлашинг кабилида илова колдиринг. Хозир интернетга тушунмайдиган инсонлар кам топилади. Сайт ривожи учун кулимиздан келганча ёрдамлашамиз.

  3. Макола ажойиб. Али Хужа, Хужа Али деганларидек: Хохласа бу шохга, хохламаса … ПФЛ хам уйинчок булиб колди.

  4. Мана шунакалар учун олий лига ривожланмайди. Униси келиб буниси кетаверади натижа эса умуман нол.Футболга фойдаси тегишига ишониш кийин

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*