ПУЛГА СОТИЛМАЙДИГАН ТАРИХ

1884608-39688045-1600-900

Чемпионлар Лигасининг охирги ики мавсумдаги ғолиби «Реал» бу йилги мусобақанинг 1/8 финалида «ПСЖ»га қарши ўйнаши маълум бўлганида кўпчилик бу баҳсни жуфтликлар орасида энг муросасизи деб баҳолади. Парижликлар Неймарнинг ҳисобига бу жуфтликда фаворит деганлар ҳам бўлди. Лекин «Реал» икки ўйинда ўзига хос совуққонлик билан бадавлат рақибини мағлуб этди ва кейинг босқичга йўл олди. «ПСЖ» қатарлик тадбиркорлар қўлига ўтганидан буён Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишни орзу қилади, лекин ҳар қанча пул сарфламасин бунинг уддасидан чиқмаяпти.

«ҒОЯНИ ПУЛГА СОТИБ ОЛИБ БЎЛМАЙДИ»
Италиялик машҳур мураббий Ариго Сакки «ПСЖ»нинг «Реал»га мағлуб бўлганини оддий ҳол деб қабул қилди. «Милан» билан икки марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган Саккининг таъкидлашича, Парижда ҳеч қандай жамоа шаклланмаган: «Реал» «ПСЖ»ни лабига сигарета қўндириб, хотиржамгина мағлуб этди. Уларга қарши кучсиз рақиб ўйнади. «ПСЖ» ҳеч қанақасига жамоа эмас, бу шунчаки футболчилар тўдаси. Вераттининг ўз ишига қандай ёндашганини қаранг”,- дейди мураббий. Парижликларнинг охирги йиллардаги сиёсатига айнан шундай баҳо бериш мумкин. Футболда пул ҳамма нарсани ҳал қилади деганлар адашади. Пул эвазига футболчиларни сотиб олиш, стадион қуриш, бутун дунёда мухлислар клубини очиш мумкин, лекин характерни сотиб олиб бўлмайди.

Бир вақтлар Роналдиньо, Жей-Жей Окоча каби футболчилар ўйнаган «ПСЖ» бугунги Неймарлар ўйнаётган «ПСЖ»дан қадрлироқ аслида. Бир неча йил ўтгач, мухлислар «ПСЖ» ҳақида эслаганда пули кўп бойлар қўлидаги Неймар, Ибрагимовичлар ўйнаган жамоа эди дейишади. Тарих олдида «Лестер», «Лидс» каби жамоаларнинг қадри «ПСЖ»никидан анча баланд. «Лестер»ни бундан юз йил кейин ҳам бир мавсум олдин Премьер-Лигада жон сақлаб қолиб, кейинг йил чемпион бўлган жамоа сифатида эслашади. Бир кун келиб Лестер кўчаларида Вардининг ҳайкали пайдо бўлса, унинг исми билан кўчалар аталса ажаб эмас. Чунки улар чинакам спорт тамоиллари асосида тарих яратишди. Ўзларининг характерларини ярата олишди. Ваҳолангки бугунги футболда янги тарих яратиш жуда қийин.

Бугуннинг футболида юз йиллардан буён рақиблик қилаётган «Реал»у «Барселона»лар, «Ливерпул»у «Манчестер Юнайтед»лар бор. «ПСЖ» каби клублар эса ҳеч қачон юқорида номи келтирилган ЖАМОАлар билан бир қаторда бўла олишмайди. Чунки «ПСЖ» клуб хўжайинининг таъбири билан айтганда шунчаки…

ЛОЙИҲА
«Реал»га қарши мағлубиятдан кейин «ПСЖ» хўжайини жаноб Хелайфи шундай деди: «Лойиҳани давом эттирамиз». Қатарлик бойвачча жаноб ўзи билиб ёки билмай Парижда ҳеч қандай жамоа йўқлигини тан олди. Бу клубга келган кўпчилик футболчилар «Бу лойиҳа менга ёқди, унда қатнашишни хоҳладим» қабилида гапларни гапиришади. Париж клуби 2011 йилда янги хўжайинлар қўлига ўтгач кимларни қўшиб олганига эътибор беринг: аллақачон футболчилик фаолияти якунланиб бўлган Дэвид Бекхэм. Инглиз юлдузининг келишидан мақсад шубҳасиз PR эди. Кейин Златан Ибрагимович. Қаердга борса, порлаган, лекин одатда катта пул бериладиган жойларда ўйнайдиган Ибрагимович олдинги ўзи ўйнаган чемпионатлардан анча кучсиз бўлган Францияда жуда кўп гол урди. Эзьекель Лавесси. «Наполи»да порлаган бу ҳужумчи «ПСЖ»дан кейин Хитой клубига ўтиб кетди. Унинг ҳам пулни севиши барчага аён. Неймар. Бразилиялик футболчи отаси билан қайси жамоага ўтса, яхшигина пул ишлаб олишни одат қилган. Дунёнинг энг кучли икки клубидан бири ҳисобланган «Барселона»ни тарк этиб, Францияга келиш, шубҳасиз орқага ташланган қадам эди. Агар у чинданам Мессининг соясидан чиқиб, дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишини хоҳлаганида, Англияга кетарди. Кўриб турганингиздек Парижга келаётганларнинг асосий мақсади асосан пул ишлаш. Неймарнинг ўз талантини бекорга сарфлаб, «ПСЖ»да ўйнаб юргани эса тақдирга ҳам ёқмади чоғи, йўқ жойдан жароҳат олиб, жавоб ўйинини ўтказиб юборди.

ОЛТИ ЙИЛЛИК «ТАВҚИ ЛАЪНАТ»
Хелайфи «ПСЖ»ни 2011 йилда қўлга киритади. Ўшандан буён Чемпионлар Лигаси ўтида ёнаётган жамоа мусобақанинг чорак финалидан уёғига ўта олмайди. 2012/13 йилги мавсумнинг 1/8 финалида парижликлар «Валенсия» тўсиғидан ўта олишади. Лавесси ва Пасторенинг голлари парижликларга чорак финал эшиларини очганди. Бироқ бу босқичда «Барселона»га дуч келган «ПСЖ» икки ўйинда ҳам дурнаг ўйнаб (Меҳмонда 1:1, Парижда 2:2), ўз майдонида кўпроқ гол ўтказиб юборгани ҳисобига ярим финалдан қуруқ қолади. Кейинги 2013/14 йилги мавсумда ҳам парижликлар чорак финалга чиқишади. «Байер»дан ўтган «ПСЖ» чорак финалда Моуриньонинг «Челси»сига рақиб бўлади. Ибрагимович етакчилигидаги парижликлар биринчи ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишгач, барча ана энди «ПСЖ» ярим финалга чиқади деб ўйлаганди, лекин «Челси» жавоб баҳсида 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Хелайфининг орзуси амалга ошишини яна бир йилга кечиктиради. Ўшанда Демба Ба ҳал қилувчи голни урганида Моуриньо қандай югурганини эсласангиз керак.

2014/15 йилги мавсумда «ПСЖ» 1/8 финалда «Челси»дан аламини олиб, чорак финалда янги даврни бошлаган «Барселона»га дуч келади. Икки мавсум олдингидан анча кучайган испанлар бу гал парижлик рақибларига ҳеч қандай имкон қолдиримайди. Бўлажак чемпионлар сафидаги Неймар ва Суарес асосий етакчи Мессисиз «ПСЖ»ни «тинчитишганди». Қуръа «ПСЖ» ва «Челси»нинг плей-оффда ўйнашини шунчалик яхши кўрадики, бу икки клуб 2015/16 йилги мавсумда ҳам 1/8 финалда ўзаро тўқнаш келишди. Парижликлар Златаннинг голлари эвазига икки ўйинда ҳам ғалаба қозониб, чорак финалга чиқишади. Бироқ бу босқичда Пеллегрини бошчилигидаги «Манчестер Сити» «ПСЖ»нинг сафарини қаритишади. Ўтган мавсумда эса «Барселона» «ПСЖ»ни 6:1 ҳисобида енгганини эсласангиз керак. Хуллас Хелайфи мана 6 йилдирки, миллион-миллион пул сарфласа-да, жамоаси ақалли Чемпионлар Лигасининг ярим финалига чиқа олмайди. Сакки нақадар ҳақ эканини шунда билса бўлади. Чинданам ғояни, тарихни пулга сотиб олиб бўлмайди…

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

1 Фикр "ПУЛГА СОТИЛМАЙДИГАН ТАРИХ"

  1. Iloji yo`q orziularga uchar otda ham yetib bo`lmaydi

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*