15 ЖАМОАНИНГ ЭНГ ЯХШИ 15 ФУТБОЛЧИСИ: УЛАР КИМЛАР?

bikmayev

Якунига етган Олий Лига-2017 сарҳисобини қилишда давом этамиз. Бу сафар миллий чемпионатимиз жамоаларининг 2017 йилги энг яхши футболчиларини танладик. Танловда футболчининг йил давомидаги ўйинлари, голлари ва фойдалилиги алоҳида эътиборга олинди. Айнан улар мавсум давомида ўз клубларида ажралиб туришди.

  1. «ЛОКОМОТИВ»: МАРАТ БИКМАЕВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 25 ўйин (1966)

Ёши: 31; Голлари: 26 та

Амплуаси: ҳужумчи

Эътирофга муносиб: Сардор Мирзаев, Икром Алибоев, Игнатий Нестеров.

Нега айнан у?

Кетма-кет икки марта чемпионликка ва кубок соҳибига айланган «Темирйўлчилар» сафида Марат Бикмаев яққол ажралиб турди. Терма жамоамиз аъзосининг Олий Лигадаги 25 ўйинидаги 26 голи ва кубок финалидаги ягона голи билан «Локо»га «олтин дубл»ни тақдим этди. Биргина Бикмаев Олий Лигада «Динамо», «Нефтчи» ва «Обод» жамоаларидан кўпроқ гол уришга эришди. Шубҳасиз, у нафақат жамоаси, балки лигамизнинг энг яхши футболчсидир.

 

  1. «НАСАФ»: ДРАГАН ЧЕРАН

Ўйинлари сони (дақиқаси): 28 ўйин (2511)

Ёши: 30; Голлари: 19 та

Амплуаси: ҳужумчи

Эътирофга муносиб: Баҳром Абдураҳимов, Акмал Шораҳмедов, Фаррух Сайфиев.

Нега айнан у?

«Насаф» жамоаси голларининг 3/1 қисмини айнан болқонлик ҳужумчи номига ёзилди. Қаршиликларни йил давомида кумуш медали сари олға бошлай олган, муҳим голларга муаллифлик қилган футболчи ҳам Черан бўлди. Шунингдек, Баҳром Абдураҳимов, Акмал Шораҳмедов, Фаррух Сайфиевлар ҳам Рўзиқул Бердиевнинг «йил мураббийи» деб топилишидан муносиб ҳисса қўша олишди.

 

  1. «ПАХТАКОР»: ВЛАДИМИР КОЗАК

Ўйинлари сони (дақиқаси): 29 ўйин (2496)

Ёши: 24; Голлари: 3 та

Амплуаси: яримҳимоячи

Эътирофга муносиб: Игорь Сергеев, Марко Симич, Даврон Ҳошимов.

Нега айнан у?

Аслида «Пахтакор»нинг энг яхши футболчиси сифатида Козак эмас, Сергеевни ҳам топиш мумкин эди. Аммо биз 13 та гол урган аммо стабил ўйин намойиш этган Игорни эмас, мавсум давомида барқарор ўйини билан жамоада энг кўп – 29 ўйинда майдонга тушган футболчини танладик.

 

  1. «БУНЁДКОР»: ДОСТОНБЕК ҲАМДАМОВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 30 ўйин (2576)

Ёши: 21; Голлари: 14 та

Амплуаси: яримҳимоячи

Эътирофга муносиб: Отабек Шукуров, Рустам Ашурматов, Акромжон Комилов.

Нега айнан у?

«Энг яхши футболчи» номи учун «Қалдирғочлар» сафида Ҳамдамовга ягона рақобатчи Отабек Шукуров эди. Терма жамоамиз аъзоси бўлмиш Шукуров жорий йилда катта ўсишга эришган бўлсада, Достонбек «Бунёдкор» сафида энг кўп ўйин ва энг кўп гол уриш бобида тенгсиз бўлди. Ҳамдамов 30 ўйиндаги 14 голи билан мавсум тўпурарлари сафига киришга эришди.

 

  1. «НАВБАҲОР»: АЗИЗБЕК ТУРҒУНБОЕВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 29 ўйин (2097)

Ёши: 23; Голлари: 8 та

Амплуаси: яримҳимоячи

Эътирофга муносиб: Ойбек Қиличев, Дилшод Жабборов, Рўзимбой Аҳмедов.

Нега айнан у?

Узоқ танаффусдан сўнг яна «кучли бешлик»дан ўрин олган «Навбаҳор»нинг етакчиси бу сафар легионер ёки тажрибали футболчи эмас, айнан ёш «вингер» Азиз Турғонбоев бўлди. 23 ёшли наманганлик футболчи йил давомида Илҳом Мўминжонов томонидан энг кўп 29 ўйинда майдонга туширилиб, 8 голи билан Олий Лига-2017 кашфиётларидан бирига айланди. Олий Лигадаги илк голини май ойида амалдаги чемпион «Локомотив» дарвозасига киритган Азизбек, шу йилнинг ўзидаёқ 8 та гол уриш билан бирга, 5 марта голли узатмани амалга оширди. Бу эса Турғунбоевни «Навбаҳор»нинг 2017 йилдаги энг яхши футболчиси» дея танлашимизга сабаб бўлди.

 

  1. «БУХОРО»: ВЛАДИМИР БАЕНКО

Ўйинлари сони (дақиқаси): 27 ўйин (2430)

Ёши: 27; Голлари: 3 та

Амплуаси: ҳимоячи

Эътирофга муносиб: Иван Нагаев, Санъат Шихов, Жавоҳир Қаҳрамонов.

Нега айнан у?

«Бухоро» сафида энг яхши футболчи сифатида энг кўп — 10 та гол урган Иван Нагаев ёки энг кўп – 30 та учрашувда майдонга тушган Санъат Шиховни танлаш ҳам мумкин эди. Аммо, Ўзбекистондаги илк мавсумида «Бухоро»ни сардор сифатида майдонга олиб тушган украиналик легионер Владимир Баенко номзодига тўхталдик. Сабаби, бухороликлар марказий ҳимоячиси энг кўп ўйин ўтказиш борасида Шиховдан кейинги ўринда турган бўлсада, мавсум давомида 3 та голи ва барқарор ўйинлари билан сардорларга хос ҳаракат қила олди. 27 ёшли легионер Улуғбек Бақоевнинг майдондаги «ўринбосари» бўла олди. Қўшимча қилиш керак, агарда Жавоҳир Қаҳрамонов 1-даврани «Бухоро» сафида бошлаганида «энг яхши футболчи» номи Баенкога насиб қилмасди.

 

  1. «МАШЪАЛ»: ЖАВОҲИР ИЛЁСОВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 29 ўйин (2610)

Ёши: 23; Голлари:  -31 та

Амплуаси: дарвозабон

Эътирофга муносиб: Ҳумоюн Муртазоев, Зафар Тўраев, Шаҳзод Шайманов.

Нега айнан у?

Клублар орасидан фақатгина «Машъал»да «энг яхши футболчи» дарвозабон бўлди. Муборакликлар посбони Жавоҳир Илёсов энг кўп ўйин ўтказиш борасида нафақат жамоасида, балки чемпионатда ҳам дарвозабонлар орасида пешқадам бўлди. «Машъал» посбони белгиланган 6 пенальтидан тенг ярми – 3 тасини қайтаришга эришди. Пенальтини бартараф этиш бобида ҳам 23 ёшли ушбу дарвозабонга Олий Лигада барча посбонлар ҳавас қилишди.

 

  1. «ОЛМАЛИҚ»: ИГОРЬ ЙЕЛИЧ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 29 ўйин (2529)

Ёши: 27; Голлари: 5 та

Амплуаси: ҳимоячи

Эътирофга муносиб: Владислав Косминин, Шоҳназар Норбеков, Дилшод Жўраев.

Нега айнан у?

Сербиялик ҳимоячини «Олмалиқ»нинг 2017 йилдаги энг яхши футболчиси деб топганимизга сабаб, айнан Йелич Виктор Кумиков қўл остида энг кўп ўйин – 29 баҳсда майдонга тушиб, 5 бор рақиблар дарвозасини ишғол этди. Қолаверса, у маълум муддат яримҳимоячи сифатида ҳам тўп сурди. Бу борада Йеличга белорусиялик Владислав Косминин ҳам рақобат уйғотган бўлсада, бу ҳимоячининг қўполлиги унинг зарарига ишлади.

 

  1. «ҚЎҚОН-1912»: МУРОД ХОЛМУҲАММЕДОВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 29 ўйин (2596)

Ёши: 26; Голлари: 6 та

Амплуаси: ҳимоячи

Эътирофга муносиб: Жавоҳир Сиддиқов, Суҳроб Бердиев, Филипп Райевац.

Нега айнан у?

Мавсум кашфиётига айланган қўқонликларнинг энг яхши футболчиси сифатида «йил кашфиёти»га айланган Жавоҳир Сиддиқовни ёки жамоада энг кўп гол – 11 марта рақиблар дарвозасини ишғол этган Суҳроб Бердиевни ҳам танлаш мумкин эди, аммо бу энг кўп – 29 ўйини билан мавсумни барқарор ўтказган жамоа сардори Мурод Холмуҳаммедовга нисбатан адолатсизлик бўларди. Жисмонан бақувват ҳимоячи 6 та голи билан чемпионатдаги «голеадор-ҳимоячи»лардан бирига айланди.

 

  1. «МЕТАЛЛУРГ»: ЗОҲИД АБДУЛЛАЕВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 27 ўйин (2417)

Ёши: 33; Голлари: 12 та

Амплуаси: ҳужумчи

Эътирофга муносиб: Ҳикмат Ҳошимов, Мурод Тошматов, Аюбхон Нўъмонов.

Нега айнан у?

Бекободликлар сафида «энг яхши футболчи» лауреати учун ягона номзод Зоҳид Абдуллаев бўлди. 27 ўйинда майдонга тушган 33 ёшли ҳужумчи 12 марта рақиблар дарвозасини нишонга олди. Аслида бу Абдуллаев учун пасайиш саналади. Сабаби, фаолиятидаги 6-мавсумни «Металлург»да ўтказаётган Зоҳид 2016 йилги мавсумда 18 та гол уришга эришганди.

 

  1. «ҚИЗИЛҚУМ»: ИЛҲОМ ЮНУСОВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 28 ўйин (2334)

Ёши: 35; Голлари: 6 та

Амплуаси: яримҳимоячи

Эътирофга муносиб: Эркин Бойдуллаев, Артур Геворкян, Отабек Зокиров.

Нега айнан у?

Жорий мавсумда «Қизилқум»да бўлганидек, жамоа етакчиси Илҳом Юнусов натижасида ҳам пасайиш кузатилди. Юнусов 2016 йилда 10 та гол урган бўлса, 2017 йилда 6 та гол билан чекланди. Шунга қарамай, 35 ёшли яримҳимоячи Навоий жамоаси таркибида энг сермаҳсул футболчига айланди. Илҳом ўйин ўтказиш борасида Эркин Бойдуллаев ва Артур Геворкяндан кейинги ўринда турган бўлсада, сермаҳсуллик бобида улардан устун келди. «Қизилқум» йил давомида 37 очко жамғарган бўлса, шундан 11 очкоси айнан Юнусовнинг голлари эвазига қўлга киритилди.

 

  1. «ДИНАМО»: ЖАСУР АЗИМОВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 25 ўйин (2205)

Ёши: 23; Голлари: 2 та

Амплуаси: ҳимоячи

Эътирофга муносиб: Амиржон Сафаров, Акмал Бозоров, Раду Рогак.

Нега айнан у?

«Динамо» жамоаси биринчи даврани қай даража яхши бошлаган бўлса, иккинчисини шу даража ёмон якунлади. 1-даврада порлаган Жавоҳир Қаҳрамонов 2-даврани «Бухоро»да ўтказган бўлса, 2-даврада яхши ўйнаган Аднан Ораховац «Динамо»да ярим мавсумгина тўп сурди, холос. Шу боис, «энг яхши футболчи» сифатида Жасур Азимов гавдаланди. 23 ёшли универсал футболчи «Динамо» сафида энг кўп ўйин ўтказиб, ҳимоя ва яримҳимоячи сифатида тўп суриб, 2 та голга муаллифлик қилди.

 

  1. «СЎҒДИЁНА»: САНЖАР РАШИДОВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 25 ўйин (2204)

Ёши: 24; Голлари: 14 та

Амплуаси: ҳужумчи

Эътирофга муносиб: Сардор Эминов, Ихтиёр Тошпўлатов, Сардор Қулматов.

Нега айнан у?

Шубҳасиз, «Сўғдиёна»да йил лауреати номига фақат битта футболчи – Санжар Рашидов муносиб эди. Сардор Рашидовнинг укаси акасининг издоши сифатида тез орада гранд клубга ўтса ажабланмаймиз. «Плеймейкер»нинг 25 ўйин давомида 14 та голи билан тўпурарлар орасидан жой олгани таҳсинга сазовордир. Эътиборлиси, Санжар «Сўғдиёна»нинг қарийб тенг ярми голларига муаллифлик қилган.

 

  1. «ШЎРТАН»: ОТАБЕК НАРЗУЛЛАЕВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 27 ўйин (2303)

Ёши: 33; Голлари: 4 та

Амплуаси: яримҳимоячи

Эътирофга муносиб: Игорь Таран, Обид Жўрабоев, Элдор Бойматов.

Нега айнан у?

Ғузорликлар учун қониқарсиз ўтган мавсумда жамоа етакчиси Игорь Таран жароҳатлар боис ўз савиясини кўрсата олмади. Мавсум давомида чап қанот ҳимоячиси ва яримҳимояда тўп сурган Отабек Нарзуллаев эса 27 ўйинда 4 марта рақиблар дарвозасини ишғол этди. Мавсумдаги барқарорлиги Отабекни «Шўртан» сафидан алоҳида кўрсатишимизни таъминлади.

 

  1. «НЕФТЧИ»: МУЗАФФАР МУЗАФФАРОВ

Ўйинлари сони (дақиқаси): 25 ўйин (2239)

Ёши: 22; Голлари: 4 та

Амплуаси: яримҳимоячи

Эътирофга муносиб: Муйдин Мамазулумов, Дилёр Эрматов, Шерзод Ҳакимов.

Нега айнан у?

Фарғоналиклар учун омадсиз якунланган мавсумда ярқ этиб кўринган футболчи Музаффар Музаффаров бўлди. 22 ёшли яримҳимоячи «Нефтчи» сафида ушбу мавсумда энг кўп ўйин ўтказган ҳолда голлар сони бўйича 4 голи билан жамоа тўпурари Муйдин Мамазулумовдан кейинги ўринда бўлди. Интизом борасида ҳам барчага ўрнак бўла оладиган Музаффар жамоаси учун омадсиз ўтган мавсумда ҳам ўзидан яхши таассурот қолдирган кам сонли футболчилардан бири бўлди.

Усмон ИБОДОВ, Эрудит Спорт газетаси.

Фикрлар "15 ЖАМОАНИНГ ЭНГ ЯХШИ 15 ФУТБОЛЧИСИ: УЛАР КИМЛАР?"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*