ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ҲАЛИ ҲАМ КЕЧ ЭМАС…

pfll2017

Ўзбекистоннинг етакчи клублари иштирокидаги сўнгги ўйинларга қизиқишни кўрдингиз-а? Шунинг учун ҳам Олий Лиганинг олти етакчиси куз фаслида чемпионлик учун алоҳида кураш олиб боришини истагандим. Марказий ўйинлар қанча кўп бўлса, мухлисларга шунча яхши. Ва биз ғолибларни сараланган лигадаги кескин курашлар орқали аниқлаб олишдек қизиқ воқеликни жонли томоша қилган бўлардик.

Сиз ҳозир қуйидаги жадвалга разм солинг. Унда лиганинг тўрт етакчиси ўзаро ўйинларда қайд этган натижасига қараб, жадвал тузиб чиқилган. Бунда “Локомотив” чемпион эмас, “Насаф” эса тўртликка кира олмаган. Бу билан мазкур икки клубнинг натижаларини тан олмайман, демоқчи эмасман. Улар ҳақли равишда дастлабки икки ўриндан жой олди. “Локомотив” ҳам, “Насаф” ҳам мавсум бошидан то охирига қадар, битта мураббий ва битта фалсафа остида ҳаракат қилди.

Тошкентнинг қолган икки клубида эса жиддий ўзгаришлар бўлди. Ва табиийки, улар йўқотилган очколар ўрнини қоплашга улгурмади. Жамоа энди оптимал формасига кириб бораётганда эса, мавсум якуни эшик қоқиб турганди.

Қуйидаги жадвалда “Бунёдкор”нинг етакчилиги янада яққолроқ аҳамият касб этиши мумкин эди, агар дербида ишлаган ҳакамлар ўйинни тўғри бошқарганида ва яққол офсайддан урилган голни инобатга олмаганида. Бироқ бу ҳолат энди амалда ҳеч нарса ҳал қилмайди. Марказий ўйинларда қанчалик яхши кўринмасин, “Бунёдкор” ўз тарихида илк бор Осиё Чемпионлар Лигасидан четда қолиб кетди. Ҳа, ҳаммаси “Бунёдкор”нинг қўлида эди. Кубок финалида зафар қучилса, вассалом. Бироқ мавсумни бутунлай бошқа раҳбарият бошлаб, бошқаси тугатгани барибир ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Агар масалага шу томондан ёндошсак, “Пахтакор” Чемпионлар Лигаси йўлланмасини ўз меҳнатларидан кўра кўпроқ, омад эвазига қўлга киритди дейишимиз мумкин. Ҳакамлар масаласи, Ўзбекистон Кубогидаги “Локомотив”нинг ёрдами ва ҳоказо.

Энди ҳаммаси ўтди. Чемпионлар Лигасида биз “Пахтакор”дан тортиб, қолган жамоаларга ҳам бирдек мухлислик қиламиз. Демак, бу мақола ким учундир мутлақо керак эмас гаплар бўлиб кўриниши мумкин. Аслида эса ундай эмас, мен ҳали кеч бўлмасидан 2018 йилги мавсум регламентини тўғрилаб олишни истамоқдаман, холос.

Ҳозир 38 та тури бор чемпионатга асос солиш арафасида турибмиз. Бунгача ЎФФ 33 талик тизимини эълон қилган бўлса, кейинроқ ўз қарорига қисман ўзгартириш киритди ва қўшимча 5 та турни қўшиб қўйди. Ишонаманки, бир марта ўзгарган қарор, яна бир марта қисман ўзгарса осмон узилиб ерга тушмайди. Чунки мен амалда бўлиши кутилаётган тизимнинг айрим кемтик жойларига барибир тушуна олмаяпман.

Агар финалларни инобатга олмаса, мен лига ўйинларида нейтрал майдон масаласини умуман тушунмайман. “Пахтакор” масалан “Насаф”га қарши ўз майдонидаги ўйинда чинаккам шер бўлгани билан, Қаршида қанчалик юввош тортиб қолганини кўрдик. Демак, бундаги имкониятлар тенглашганида, биз жамоаларнинг ҳақиқий кучига баҳо бера оламиз. Бироқ 22-турдан бошлаб мана шу тенглик масаласи катта эҳтимол билан йўққа чиқади. Ё нейтрал майдон бўлади ёки эгаллаган ўрнига қараб жамоа ким биландир уйида, ким биландир сафарда ўйнайди. Масалан, “Локомотив” осон рақиблар билан фақат уйида ўйнаб, қийинларига сафар уюштирса, бу “темирйўлчилар”ни аниқки қийнаб қўяди. Худди шу ҳолат “Бунёдкор”да акси бўлса, тизим “қалдирғочлар”га яширинча ёрдам бераётган бўлиб чиқади.

Менинг кўнглим бунга умуман чопаётгани йўқ. Мен жамоаларнинг имконияти бир хил бўлганидан кейинги турнир жадвалига разм солишни кўпроқ истайман. 11 та уй ва 11 та сафар ўйини ўтказсак, биринчи босқич якунига етади. Келинг, шу ерда яна қўшимча 11 та тур, кейин яна 5 тадан ўйин қилиб ўтирмайлик. Ўша 22-турдан кейиноқ жадвалнинг тенг ярмидан бўлиб, 5 тадан уй ва 5 тадан сафар учрашуви бор бўлган 2 та лигача ҳосил қила қолайлик. Бу жамоаларнинг имкониятларини тенглаштиради. “Пахтакор” мухлислари “Насаф”ни Тошкентда кўргани каби, “Насаф” мухлислари ҳам ўша “Пахтакор”ни Қаршида кутиб олади. Яхши эмасми шу? Ахир кўряпмиз-ку ўзаро ўйинлардаги аҳвол қандай эканини. Оддий мисол айтаман, “Локомотив” 9 очкони фақат уйида ишлаб олган. Сафарда эса умуман очко ололмаган. Демак, ЎФФ қарори билан бўладиган янги тизимда шундан бири албатта такрорланади. Ё “Локомотив” сафардаги ҳамма ўйинни ютказиб келади ёки ўз майдонида ҳаммани ютади. Бу жамоанинг асл кучини кўрсатадими, сизнингча?

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

“Бунёдкор”   6          3          1          2          8:7      10

“Пахтакор”   6          3          1          2          6:8      10

“Локомотив” 6          3          0          3          7:8      9

“Насаф”         6          2          0          4          10:8    6

2 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ҲАЛИ ҲАМ КЕЧ ЭМАС…"

  1. Gapingizga qo`shilaman. Mutloqo to`g`ri

  2. Superligadan «super» tizim. Bu xuddi oson misolni o’ta g’alati usul bilan yechishga o’xshaydi: javob to’g’ri chiqishi mumkin, lekin taassurot ko’ngildagidek bo’lmaydi.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*