ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВДАН: ИЛИНЖ

UzbFan

Аслида!

Саудия Арабистони деганда биз Маккаи Мукаррамани тушунишимиз керак эди…

Жанубий Корея деганда техникаси юксак мамлакат билан ҳамкорлигимиз давомийлигини ҳис қилишимиз зарур эди…

Япония деганда қуёш ўша томондан бўй кўрсатиб, аввал Шарқни, кейин Ғарбни иситади, деган илмиётни англашимиз даркор эди…

Эрон деганда ўтиши мозийларнинг қат-қатигача етиб борувчи миллат бир давлат остида узоқ йиллар давомида яшаётганини тушунишимиз лозим эди.

Австралия деганда кенгуруларни тасаввур қилишимиз керак эди.

Афсуски, ундай бўлиб чиқмади. Миллий терма жамоамиз, футболчиларимиз ҳаммасини бузиб ташлашди.

Бугун ёш боладан сўранг, Саудия Арабистони деган давлатни биласанми, деб, у тезлик билан “бизни нуқул катта ҳисобларда енгадиган ва жаҳон чемпионатларига чиқишни яна бошлаб юборган юрт бўлади”, деган ҳамма биладиган жавобни беради.

Бугун кўчада кетаётган исталган йигитдан сўранг, “Жанубий Кореянинг “Samsung” ва “LG” деган фирмасини биласанми?”, деб, у агар футболга озгина бепарво бўлмаса, “Фирмалари ҳам қурсин-а, яқинда бизни яна мундиалдан ташлаб кетишди-ку!” деган “гўзал” жавобни оласиз.

Бугун кўчада ўрта ёшли бир акахонни тўхтатинг-да, “Япониянинг тарихини биласизми, қуёш ўша томонлардан бўй кўрсатар экан-а?”, денгчи, қандай жавоб олар экансиз, тахминан шундай: “Йиғиштир, қуёш-пуёшингни, эртага улар билан ўйнаймиз, ўзи зўрға турибман. Нуқул енгаверишади, гол ураверишади. Гуруҳимизга тушмаса хурсанд қилувчи юрт-ку…”

Шунақа гаплар. Қарияларнинг олдига бориб, Австралияни сўраб юрманг, барибир кенгуру ҳақида маълумот олмайсиз. Улар ҳам агар нариги гуруҳдаги курашларни кузатишган бўлса, жаҳон чемпионати чиптаси учун кечган ўтиш ўйинларини томоша қилган бўлишса, аниқки, “Осиёга келмай ўлсин, ўзи шуларсиз ҳам мундиалга олиб борувчи автобусга сиғмай қолардик, уларнинг ташрифи билан баттар жой сийраклашди”, деб, футбол тўғрисида етарлича маълумотлари борлигини изҳор айлаб қолишади.

Хуллас, еттидан етмишгача бу ўлканинг одамлари футбол билан яшайди. Аммо футбол билан яшайдиган диёрнинг футболчилари футбол билан яшаганларида, билмадим, қандай ютуқлар остида қолиб кетардик?! Гапирсак гап кўп. Барибир кўникиб кетяпмиз ҳаммасига. Бир йигит дўхтирнинг олдига бориб, уйлана олмаётганини айтан экан, дўхтир 40 ёшдан кейин ҳаммаси яхши бўлишини тушунтирибди. “Нима-а-а? Қирққа кириб уйланаманми?” дебди йигит. Дўхтир: “Йўғ-э, қирққача кўникиб кетасиз!” деб таскин берган экан.

Кўникиш ҳам эви билан-да, йигитлар! Голсиз ўйинларни пешонамизга осиб олайликми энди?! Шу ўртоқлик ўйинида бўлса ҳам иримига гол уриб қўймайсизлар-а?! Қойилмасман-да!

Ўғлим билан Осиё чемпионлар лигасида иштирок этаётган жамоаларимиз учрашувларини кўриб ўтирганида, дадам айтгандилар, эсимд: “Ўғлим, сен билан ўйинларни кўрардик, эсингдами? Бир ютқазардик, бир ютардик, бир дуранг деганлари ҳам бўлиб турарди. Сен футболга қизиқиб кетдинг. Чунки ютиб турган эдик. Ўша ютуқлар такрорланишини умид қилиб бўлса ҳам, ўйинларни кўравердинг. Болангга ачинаман, бир кун бу жамоалар ютиб қўйса, қандай аҳволга тушар экан-а?”

Мен ҳам ҳозиржавоблик билан: “Бразилияликлар енгилиб қолишганидаги аҳволга тушса керак!”, дедим. Жавобим ўзимга ёққанди ўшанда. Бразилия ўша аламли мағлубиятни-да қабул қилишди ва дарҳол ўзларига келишди. Йўлини топишди ишқилиб. Лекин шу жавобни бергунча, ҳозиржавоблигимни кўрсатгунимча, жамоаларимиз ғалаба қозонаётганида қучоқлаб ўпсам бўлмасмиди пешонасидан?! У ҳам одамга ўхшаб, кейин яна ютиб қолар, деган умид билан: “Адажон, кейинги ўйин қачон бўлади?”, деб суриштириб юрса бўлмасмиди??? Бўларди! Бўларди!! Бўларди!!! Лекин бўлмаяпти! Нега? Ким жавоб беради?

Синфимизда ўқитувчимиз шунақа савол бериб қолсалар, ҳамма жим бўлиб қоларди. Футбол масаласида ҳам масъулларни синфдошларимга ўхшатаман. Синфдошларимиздан биттаси туриб, баъзан қутқарарди ҳаммамизни. Лекин бу томонларда сукунатдан бошқа овоз эшитилмайди. Қулоқларим йиртилиб кетай, деяпти бу сукунат овозидан. Дунёда балиқлар бақирса ёмон бўларкан, дунёда ўрик данаги чинқириқ қилса ёмон бўларкан, дунёда чумоли бақирса ёмон бўларкан! Чунки уларнинг овозини эшитиш учун қулоқларингизни мосласангиз, тамом, ўзи шундоғам эшитилиб турган саслар ҳам қулоқни йиртгудек баланд пардага ўтиб қолар экан. Мен мана шу — “Ким жавоб беради?”, деган саволни эшитиш учун эшитиш частоталаримни ҳаддан ташқари мослаган эканман, чигирткаларнинг гаплашганини ҳам тинглагандек бўлдим. ДОД!

Менинг ҳолатим ҳайрон қолдиряптими сизни? Хотиржам бўлинг, менинг ҳолатимга тушишнинг битта осон йўли бор. Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик бўлиб олинг, бўлди! Шунақаям “мазза” қиласиз. Кўз ёшингизни тўхтатиб олишингиз учун битта йўл бор, холос: Ўғлингиз чақириб қолиши керак. Шунда, оталар мард бўлишлари керак, деган тушунча билан, ўғлингиздан кўз ёшингизни беркитасиз. Болангиз ёлғондан кулиб турганингизни сезадию, дадамни хафа қилмай, деб, индамай қўя қолади. Кейин чиқиб кетаётганда, сизга ҳамдард эканлигини билдириш ниятида: “Адажон, эртага Ўзбекистон ўйнар экан-а?”, деган саволни беради. Биласизми, қандай аҳволга тушасиз. Кулиб юборасиз. “Вой болам-а, шунча мағлубиятларни кўриб, ҳалиям менга қўшилиб футболга қизиқмоқчимисан?!”, дейсиз беихтиёр. Болангиз аслида аламдан оқаётган ёшларни қувонч ёшлари деб ўйлайдию, сизни қучоқлаб олади. Футбол деб қучоқлаб олади. Шунда сиз…

Шунда Сиз осмонга қараб нидо қила бошлайсиз: “Болаларимизни футболдан айириб қўйма! Японларни ҳолдан тойдир! Бир марта бўлса ҳам енгайлииии-иик!”

Шунда болаларимиз йиллар ўтиб, Саудия деганда Маккаи Мукаррамани, Жанубий Корея деганда сериалларини эмас, футболчиларини эмас, техникадаги тараққий этган компанияларни, Япония деганда, “бу юртдан қуёш чиқар экан”, деган маълумотни билишади. Биз эса уларнинг келажагидан хурсанд бўламиз: “Ўшанда чет элдан келган фалончи мураббий япону корейсларни енгишни ўргатиб кетиб ажаб иш қилган экан-да!”, деб. Демак, енгишимиз керак, ютишимиз керак, янчишимиз керак, ғалабага эришишимиз керак, ғалаба қозонишимиз керак, ғолиб чиқишимиз керак, гол уришимиз керак, хуллас, том кетай деяпти, нимадир қилишимиз керак, дўстлар! Мақолам тугади. Яна озгина ёзсам, ўзим ҳам тушунмайдиган аҳволга келиб қолади. Қачон келади ўша янгилик, айтинглар?!

Хайрулла ҲАМИДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

3 Фикрлар "ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВДАН: ИЛИНЖ"

  1. Do`ppi tor kelsa ko`mochga kul tortiladi.Orzular sarobga aylanadi.Yuragingizni tubiga ko`mishga to`g`ri keladi

  2. Islom (fanat Milan Navbahor) | 08.12.2017 в 09:37 | Ответить

    Maqolaga shunchaki qoyil qoldim xech qanday tarif shsrt emas tugrisini aytaman kimnidir boshidan utgan ishni boshqa umuman begona kishi usha voqealarni siz bilan birga yonizda turib boshdan kechirganday nuqta verguligavha yozib bayon etib bersa nimadir deyishga suz topa olmay qolar ekansiz…..

  3. Unaqa emas ularning futboli haqida hech kim gapirmaydi agar futbol to’g’risida savol berilmasa.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*