ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВДАН: ИТАЛИЯСИЗ МУНДИАЛ!

italyyy

“Сан Сиро” стадионидаги учрашувни учта авлод томоша қилдик: Отам, мен ва катта ўғлим. Ўйлаб қарасам, мана шу учта авлоднинг фақат ўзигагина тегишли даври, шахсий суюклиси ва ўзигагина тегишли юлдузлари бор экан. Отамга тегишли юлдузни мен, менга тегишли даҳони ўғлим, ўғлим суйган голеадорни отам қабул қила олмаслиги турган гап. Бироқ, бу Италия ҳаммамизнинг Италиямиз экан. Отам ҳам, мен ҳам, ўғлим ҳам Италияни бирдек танирканмиз, ўйинни кўра туриб сезиб қолдим шуни.

Отамга ҳам, менга ҳам, ўғлимга ҳам таниш бўлиб улгурган Италия ҳаммамизни сўнгги сонияларгача курашга ўргатиб қўйган эканми, дейман, ҳаммамиз унга бир хил мухлислик қилиб ўтирдик. Охиригача. Йўғ-е, ҳозир уради, дерди отам, мен ва ўғлим. Охирги сонияларда бўлса ҳам ғалабани юлқиб олади, деган ишонч ҳаммамизнинг кўзимизда тунги учларда ҳам яққол кўриниб турарди.

Лекин футбол ёвуз ўйин экан, бир асрда бир марта бўлса ҳам нотўғри йўлда кетаётганларни бир мартага бўлса ҳам жазоларкан. Бу воқеа отам 70ни қоралаётганда, мен қирқдан ошганимда, ўғлим 18га кирганида содир бўлди. Ҳаммамизга бирдек таниш бўлган ва ҳаммамизда бирдек тасаввур уйғота олган ягона терма жамоа ўртамиздан чирт этиб узилди. Мовий либос дастурхон устига ёйилиб тушгандек бўлди.

Ҳа, азизлар, Италия Швециядан ўта олмади. Златаннинг тахминлари тўғри чиқди. Мен ўйнамасам терма жамоамизнинг устида босим бўлмайди, деганди. Босим бус-буткул скуадро адзуррага тушди. Тушганда ҳам, бу юкни кўтаришни ҳатто тасаввурига ҳам сиғдирмаган Вентура аталмиш мураббийнинг устига тушди. Энг катта ишлаган жамоаси “Торино” бўлган ва футболчиликда ҳам В сериядан бошқасини кўрмаган 69 ёшли мураббий Италияни ўша жарга қулатди. Ҳа, айнан мураббий қулатди.

Мураббийни ким қўйган ўзи, дерсиз? Тўппа-тўғри, Италия футбол уюшмаси. Дунёга энг зўр мураббийларни етиштириб чиқарган, шу йилги The Bestнинг ўзида учта энг яхши мураббийдан иккитасини жаҳон футболига тақдим этган Италия айни шу масалада оқсагани кулгили бўлди. Контедан кейин терма жамоага терма жамоани имкон қадар мундиалдан қолдиришга хизмат қиладиган энг қулай вариант топилди. Вентура деган мураббий борлигини кўпчилик ўша пайти билди чоғи. Юртнинг бош жамоасига бирорта тузукроқ одам топилмаса-я? Италияда тағин…

Мен ушбу учрашув арафасида жуда кўп италиялик журналистларнинг чиқишларини, мақолаларини, таҳлилий ёндошувларини кузатиб бордим. Уларнинг аксари битта гапни такрорлашарди: “Вентурани олиш керак. Жавоб учрашувига ярим соат қолса ҳам олиш керак. Майли, мураббийсиз чиқсак ҳам Аллегри тактикани белгилаб кетса, кифоя қилади, муҳими шу инсонни йўқотиш керак”, дейишди.

Бу нолаларни тинглаб, мен ўзбекистонлик журналистларнинг ҳолатидан у қадар хафа бўлмадим. Чунки биз ҳам мутасаддилардан фақат шу нарсани сўрагандик. Бабаянни охиригача қўйиб беришди ва кутилган воқеа содир бўлди. Вентуранинг даражаси ҳам бизнинг мураббийимизга тенг бўлса тенгки, асло устун эмас. Вентура терма жамоани Россияга бормаслиги учун ҳамма ишни қилди. Айниқса, таркибни белгилашда, бешта ярим ҳимоячи билан ўйнашида ва энг қизиғи… айни пайтда А серияда энг яхши ўйин кўрсатаётган Инсиньени ўйнатмаслигида яққол сезилди.

Фактлар тасодифан тушиб қоладими ёки излаб топамизми, билмадим. Аммо терма жамоадаги фаолиятини Россия майдонларида бошлаган Жанлуиджи Буффон айнан шу диёрдаги баҳсларга бормайдиган бўлди.

Олтмиш йил муқаддам охирги марта скуадро адзурра жаҳон чемпионатига бормаганида, мусобақа мезбони Швеция бўлган экан. Тақдир бу номларни “Сан Сиро” стадионида бирлаштирганига қаранг-да!

Италия терма жамоаси аслида биринчи ўйинни бой бериб, мундиал эшикларини ўзига ёпиб қўяёзган эди. Нега дейсизми? Биринчидан, Швеция Миланга жуда қулай ҳисоб билан келаётган эди. Иккинчидан, 1:0 ҳисобида енгган жамоа рақиби ўзидан кучлироқ бўлса қўрқмасдан бор эътиборни ҳимояга қаратаверади. Биринчи бўлимнинг ярим соатигача туриб берса, буёғига асабийлашаётган мезбонларнинг ўйинида аниқлик йўқолади. Швеция бош мураббийи бу масалада адашмади.
Ҳа, деярли ҳамма матбуотда шундай таҳлил. Агар майдонда Италия терма жамоаси ўйнамаганида, биз ҳам шу таҳлилларга қўшилсак бўларди, лекин майдоннинг бир томонида биз билган ва биз таниган мовий гвардиячилар ўйнашди-да, ҳамма гап шунда!

Бугунги Италия ушбу мағлубиятга ҳақлимиди ёки мундиалга бориши шартмиди деган саволга жавоб изламанг. Фойдаси йўқ. Биз бу юртнинг ҳар қандай таркибини энг катта мусобақада кўришга одатлангандик. Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатида ким чемпион бўлишидан қатъий назар, қайси юлдуз порлашидан қатъий назар келажакда эсланганида биринчи навбатда Скуадро адзурра иштирок этмаган мундиал деб ёдга олинади. Месси, Роналду ва шунга ўхшаш ҳозирча номи ёдимдан кўтарилган юлдузларнинг рўйхатини кейин эсласак керак.
Хуллас, жангчиларидан айрилган мусобақага хуш келибсизлар, азиз футбол шайдолари!
Хайрулла ҲАМИДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

3 Фикрлар "ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВДАН: ИТАЛИЯСИЗ МУНДИАЛ!"

  1. Endi qaysi jamoaga muhlislik qilamiz

  2. Биламиз, Италияни ўйинлари кўпчиликка ёқмайди. Лекин бизга энг драматик ўйинларни айнан Италия кўрсатиб берган.Масалан ЖЧ 1994 финалини эслайлик (Бажжо), Евро 2000 финалини (Тольдо ва Давид Трезиги), ЖЧ 2006 финали (Матераци ва Зидан), ЕВРО 2012 финали (Буффон). Бу ўйинлар хақиқатдан «Шедевр» бўлган. Буни шунчаки тан олиш керак!

  3. Mazza qildim uqib haqiqatanam Italiya JCHga borishi kerak edi…

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*