ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: 12 КЛУБ ҚОЛДИРИЛИШИ ҚАРОРИ АДОЛАТЛИМИ?

PFLa

Олий Лигада келаси йилдан бошлаб 12 та клуб тўп суради. Шу ҳақдаги хабар чиқиши билан, телефонимга кетма-кет смс кела бошлади. Хабар жўнатаётганларнинг ярми мени табриклаган бўлса, қолган ярми мақсадингга етдингми қабилида фикр билдирган.

Йўқ! Мақсадимга етмадим. Чунки мен бутунлай бошқа форматни таклиф қилгандим. Ишонмаганлар ёки унинг мағзига тушуниб етмаганлар бўлса, YouTube каналига жойланган видео ҳали ҳам турибди. 16 дақиқа ичида ўзим истаган форматни тушунтириб берганман ва унда барча масалани ҳисобга олганман.

Мен-ку ўзим илгари сурган форматнинг ҳар бир жиҳатини ҳимоя қилишга тайёрман. Бироқ ПФЛ бунда қийналиб қолади деган гумоним бор. Вазият тақазо қилса, фикримни ҳимоя қилишга ёки янги форматга оппонент бўлишга тайёрман.

ПФЛ биринчи навбатда амалдаги форматга тупуриб ўтди. Бунинг оқибатида энг камида “Нефтчи”, “Сўғдиёна”, “Қизилқум”, “Андижон” каби клубларга ноҳақлик бўлди, деб ҳисоблайман. Чунки 2017 йилги мавсум аввалида йил якуни қандай бўлиши ва 2018 йилги мавсум регламенти тасдиқланиши керак эди. Яъни, жамоалар йил бошидаёқ барчасидан огоҳ этилиши шарт. Мен ўз фикримда буни инобатга олганман. ПФЛ эса бутундай янги “закон” чиқариб қўя қолди. Хўш, энди Вадим Абрамов “Нефтчи” билан машғулотни тўхтатаверсинми? Ёки андижонлик мухлислар камида яна бир йил қуйи лигада қолишини билиб ҳам стадионга бораверсинми?

Тушунаман, “Обод” ПФЛ томонидан Олий Лигадан четлаштирилди. ФИФА “Шўртан” масаласини бир ёқлик қилиш талаби билан аллақачон чиқиб бўлган. Энди яна 3 та клубни қаердан оламиз учирма бўладиган? Шартта охирги 3 та жамоанинг оёғидан “чопиб ташлаш”ни кимдир адолатдан деб биладими? Мен эса йўқ. Бу спорт принципларининг бузилиши.

Мен амалдаги тузум сақланиб қолиб, ўзгаришларга 2018 йилда эришишни кўзда тутган регламентни таклиф қилгандим. Яъни, 16 та клуб сентябрга қадар жами 30 та ўйинда майдонга тушиши керак эди. 15 ва 16-ўрин эгалари Биринчи Лиганинг қуйи зонасига, 13 ва 14-ўрин эгалари Биринчи Лиганинг юқори зонасига сургун бўлиши кўзда тутилганди. Шунда “Нефтчи”, “Сўғдиёна” ва “Қизилқум” каби клубларга янгидан имконият тақдим этилган бўларди.

Қолган 12 та жамоанинг дастлабки 6 таси чемпионлик учун курашиши, кейинги 6 таси жон сақлаб қолиш пайида бўлиши керак эди. 13 ва 14-ўрин эгалари эса Биринчи Лигада дастлабки тўрт ўринни эгаллаган клубларга қўшилиб, декабрга қадар Олий Лига учун кураш олиб боради. 15 ва 16-ўрин эгалари Биринчи Лиганинг 5—8-ўринларига қўшилиб, жон сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак эди.

ПФЛ эса 3-даврали тизимни афзал билди. Унга кўра, жамоалар 22 та турни уй-сафар тарзида ўтказади. Кейин яна 11 та турнинг қайси майдонда ўтиши қуръа ёрдамида аниқланади. Мен чемпионлик ва бошқа масалалар майдон ташқарисида эмас, майдон ичида бўлиши керак, деб ҳисоблайман. ПФЛ илгари сураётган ғояда эса кураш майдон ташқарисига чиқиб қолиши мумкин. Айтайлик, 22-турдан кейин “Бунёдкор” ўзининг асосий рақибларини уйда қабул қилиб, нисбатан кучсизлар билан сафарда ўйнаса-ю, “Пахтакор” принципиал рақибларга қарши ўйинларни сафарда ўтказишга мажбур бўлса, бунда “пахтакорчилар”га жабр бўлади, тўғрими?

Бошқа жиҳат ҳам бор. Мен илгари сурган форматда чемпионлик учун кураш дастлабки 6 ўринни эгаллаган жамоалар ўртасида кечиши керак эди. Бунда русчасига айтганда “не рыба не мясо” жамоалар чемпионлик курашига аралаша олмасди. Бу эса ўз навбатида келишилган ўйинларни нисбатан камайтирар, деярли ҳар бир турни марказий ўйинларга тўлдирарди. ПФЛ тақдим этган вариантда эса бундай эмас.

Нима демоқчиман, гап фақатгина жамоалар сонини 12 та қолдиришда эмас. Гап спорт принципларини ҳам унутмасликда.

Энди яна бир жиҳатни эътибордан қочирмаслик керак. Сир эмаски, ўтган ҳафта ОФК комиссияси Олий Лига клублари базасига ташриф буюриб, уларнинг ҳолатини ўрганди. Бунда катта эҳтимол билан бир қатор клублар минимал талабларга жавоб бера олмаган бўлиши мумкин. Ваҳоланки, ОФК 4 йилдан буён вазиятни тўғрилаш кераклиги борасида бонг уради. Биз бир марта меҳмон қилдик, бир марта яхши гапирдик, кейинги сафар “ҳа, бўлади-да”, — дедик. Бироқ сабрнинг ҳам чегараси бор. Агар ОФК бу йил чораларини қатъийлаштирган бўлса, комиссия ташкилотнинг минимум талабларига жавоб берадиган жамоаларнигина Олий Лигада қолдиришни тайинлаб кетган бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, ЎФФ спорт принципларига қараб ўтирмайди. Аммо мен бу фикрни жуда илгари сурмоқчи эмасман. Агар ЎФФ ўз принципларида қатъий туриб, вазиятни ўзгартириш учун яна вақт сўраса ва ўзининг бўлажак режаларини тақдим этса, ОФК яна 1 та мавсум кутишига кўпроқ ишонаман.

Хуллас, шунақа гаплар, азизлар. Ҳар бир мақола ва чиқишнинг ипидан-игнасига қадар эътиборли бўлинг. Ўйламасдан туриб мақола ёзишдан Ўзи асрасин.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

5 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: 12 КЛУБ ҚОЛДИРИЛИШИ ҚАРОРИ АДОЛАТЛИМИ?"

  1. Qiziq 3 davrali chempionat tarixda bo’lganmikan. Tushunarsiz holat.bir jamoaning inkoniyatlari keskin ko’tarilib ketishi mumkinku, yoki aksincha.

  2. MTga Yevropadan murabbiy ketirishsa yaxshi bo’lardi. Menimcha hozirgi kunda vaqtincha deb qo’ygan murabbiylari Ro’ziqul Berdiyev ham 2022-yilgi JCh saralashigacha qolsa kerak.

  3. Islom (fanat Milan Navbahor) | 07.11.2017 в 20:46 | Ответить

    Man Diyorni maqolalarini muntazam uqib boraman lekin chempionat asiada chiqqan maqolaga quyilgan rasmni uzida juda katta mano borligini kurib ochigi tan berdim qoyil Diyorbek

  4. Kayfiyatni tushurmang Diyorbek maqolalaringizda oldingidagidek shijoat uuq kim nima desa deyaveradi shu 12talik formatni ham kuraylikchi balkim yaxshilikkadir vodiyimiz klublariga 1 yil sabr va omad tilashdan boshqa ilojimiz yuq

  5. Д.Имомхўжаев сизга ухшаб аник хамма учун фойдали, мухлислар учун кизикарли буладиган таклифлифни кабул килиш учун рахбарият тизимида сиздай фикрлайдиган ва «футбол мухлислар учун» деган шиорга росмана амал киладиган фидоийилар ишлаши керак. Бўлмаса айтилган фикр, хеккер клубдаги фикрлар бир тийинлигича колаверади, колаверади.
    Яна бир гап Агарда Р.Бердиев танлаган таркибга легеонерларни кушиб, миллий жамоамиз Хитой ва Ж.Кореяга карши ўйнаганида ҳозир Россия-2018га бориш режаларини тузардик, ўртоқлик ўйинлар ўтказаётган бўлардик. эх миллат футболини ўз манфаатига айлантириб олган, Ж.Кореяга қарши ўйиндан сўнг шархловчи Х.Хамидов бор овози ва дарди билан айтганидек «миллат душманлари» жавоб берсин ва олган барча маош ва мукофот пулларини кайтариб давлат бюджетига тўласин.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*