ТАҲЛИЛ: КИМ ЭЛИТАДА ҚОЛАДИ?

PFLa

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг 30 октябрь, душанба кунги 2018 йилда Олий Лига клублари сонини 12 тага етказиш борасидаги қарори футбол жамоатчилигимиз қатори, айниқса Олий Лигада қолиш учун кураш олиб бораётган клубларимиз ҳайратига сабаб бўлди. Зеро, Олий Лига-2017 якунига 4 тур қолаётган бир пайтда чемпионатнинг бир йўла тенг ярми – 6 жамоа қуйи лигага тушиб кетиш хавфидан ҳоли эмас.

2018 йилги мусобақада 2017 йилда 1–11-ўринларни эгаллаган 11 жамоа ва Биринчи Лига мусобақаларида ғолиби бўлган «Цементчи» клуби иштирок этиши эълон қилинди. Ҳозирга келиб ҳаттоки 9-ўриндаги жамоага ҳам мавсум якунида 12-ўринда қолиб кетиш хавфи мавжуд. Ушбу қарор борасида мухлис ва мутахассислар турли фикрлар билдираётган бир пайтда биз лигада қолиш учун кураш олиб бораётган жамоаларнинг имкониятларини чамалаб чиқдик.

  1. «ОЛМАЛИҚ» — 35 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Олмалиқ» — «Шўртан»

28-тур: «Пахтакор» — «Олмалиқ»

29-тур: «Олмалиқ» — «Навбаҳор»

30-тур: «Қўқон-1912» — «Олмалиқ»

Имконияти қандай?

Аслида 35 очкога эга «Олмалиқ» жамоасининг «кучли 11»талик ичида қолиши учун Виктор Кумиков жамоасининг «Шўртан» устидан ғалаба қозониши, умуман қолган 4 ўйиндан биттасида уч очкога эга бўлиши етарли. Шундай экан, амалда бу жамоанинг янги «хавфли зона»дан қочишига ишониш мумкин.

Лигада қолиш имконияти: 90 %

  1. «МЕТАЛЛУРГ» — 34 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Насаф» — «Металлург»

28-тур: «Металлург» — «Обод»

29-тур: «Қизилқум» — «Металлург»

30-тур: «Металлург» — «Нефтчи»

Имконияти қандай?

«Металлург» ушбу турда Қаршида «Насаф» билан баҳсда очкосиз қолган тақдирда ҳам «Обод» билан баҳсда ўз ҳисобига техник ғалабани ёзиб, очкосини 37 тага етказади. Сўнгги турда «Нефтчи» билан дуранг ҳам «Металлург»ни хавфдан халос этади.

Лигада қолиш имконияти: 90 %

  1. «ҚИЗИЛҚУМ» — 30 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Қизилқум» — «Динамо»

28-тур: «Машъал» — «Қизилқум»

29-тур: «Қизилқум» — «Металлург»

30-тур: «Шўртан» — «Қизилқум»

Имконияти қандай?

Молиявий жиҳатдан анча бақувват саналмиш Навоий вилоятининг бош жамоаси «Қизилқум» клуби Олий Лигада қолиш имконини берувчи ўринда турибди. Бироқ 11-поғона учун «Динамо» ҳам умид қилмоқда. Шундай экан, 27-турдаги «Қизилқум» — «Динамо» баҳси ушбу жамоалар учун «йил ўйини»га айланиши мумкин. Мезбонлар ғалабаси «Қизилқум»га асосий таъқибчиси «Динамо»дан 4 очкога «қочиш» имконини беради. Қолган турларда навоийликларни «Машъал», «Металлург» ва «Шўртан» билан ўйин кутиб турибди. Улар орасидан Муборак ва Ғузордаги учрашувлар осон бўлмайди.

Лигада қолиш имконияти: 55 %

  1. «ДИНАМО» — 29 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Қизилқум» — «Динамо»

28-тур: «Динамо» — «Нефтчи»

29-тур: «Динамо» — «Локомотив»

30-тур: «Машъал» — «Динамо»

Имконияти қандай?

Жорий мавсумда Олий Лигага қайтган «Динамо» жамоасининг яна қуйи лигага равона бўлиши самарқандлик мухлислар учун қаттиқ зарба бўлади. Шу боис, «Динамо» сўнгги тўрт учрашувда ҳам финалга тушгандек тўп суриши лозим. Айниқса, Навоийдаги ўйиннинг қадри финалга тенг. «Қизилқум» мағлуб этилса, «Динамо» асосий рақобатчисига айланган жамоадан 2 очкога ўзиши мумкин. Кейинги турларда эса, лига билан амалда хайрлашган «Нефтчи», амалда чемпионликни нақд қилган «Локомотив», лигада қолиши аниқ бўлган «Машъал» билан баҳсларда зарур очколарга эга бўлиши мумкин.

Лигада қолиш имконияти: 50 %

  1. «СЎҒДИЁНА» — 28 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Cўғдиёна» — «Пахтакор»

28-тур: «Навбаҳор» — «Сўғдиёна»

29-тур: «Сўғдиёна» — «Қўқон-1912»

30-тур: «Бухоро» — «Сўғдиёна»

Имконияти қандай?

«Сўғдиёна»нинг тақвимига ҳавас қилиб бўлмайди. Жиззахликлар ҳаммани «қақшатиб» келаётган «Пахтакор» билан ушбу турда рўбарў келишса, қолган учта баҳсда Наманган ва Бухорога сафар, «Қўқон-1912» билан эса Жиззахда ўйин кутиб турибди. Шундай экан, Жиззах клубида лигада қолиш имкони жуда паст.

Лигада қолиш имконияти: 15 %

  1. «ШЎРТАН» — 23 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Олмалиқ» — «Шўртан»

28-тур: «Шўртан» — «Насаф»

29-тур: «Обод» — «Шўртан»

30-тур: «Шўртан» — «Қизилқум»

Имконияти қандай?

Жорий мавсум айрим можароларга аралашиб қолган Ғузор клубининг йил якунида ФИФАнинг буйруғига кўра, лигадан четлатилиши борасидаги гаплар тарқалганди. Шусиз ҳам ЎФФнинг қарори жамоани янада оғир аҳволга қўйди. Ғузорликларни «Олмалиқ», «Насаф», «Қизилқум» билан ўйинлар кутиб турибдики, бу клубнинг ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. «Обод» билан ўйиндаги уч очконинг эса бу сафар аҳамияти йўқ.

Лигада қолиш имконияти: 10 %

  1. «НЕФТЧИ» — 23 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Нефтчи» — «Локомотив»

28-тур: «Динамо» — «Нефтчи»

29-тур: «Нефтчи» — «Машъал»

30-тур: «Металлург» — «Нефтчи».

Имконияти қандай?

Йил давомида сўнгги ўринларда борган «Нефтчи» ўтиш ўйинида тўп суриб, лигада қолиши кутилганди. Аммо ЎФФ қарори ҳали ўз тарихида Олий Лигадан тушмаган «Нефтчи»дек шонли жамоани қуйи лигага тушиб кетишига сабаб бўлиш арафасида. Фарғона клуби чемпионлик учун курашаётган «Локомотив», лигада қолиш учун «жанг» қилаётган «Динамо» билан баҳсларда очко йўқотса, «Машъал», «Металлург» билан ўйиндаги натижаларининг аҳамияти йўқолади. Шундай экан, «Нефтчи» амалда «оқ байроқ»ни кўтарган илк жамоадек гавдаланмоқда.

Лигада қолиш имконияти: 5 %

ХУЛОСА

Албатта, футболда ҳамма нарса рўй бериши мумкин, шундай экан сўнгги тўрт турда барча жамоаларда лигада қолиш учун имконият сақланиб қолинмоқда. Хулоса ўрнида, ЎФФнинг ўз регламентини бузиш орқали 4 та клубни қуйи лигага «сургун» қилишини адолатли қарор деб бўлмайди. Ҳар ҳолда ушбу жамоалар ЎФФ регламентига мувофиқ чемпионатда иштирок этиш учун йил бошида 180 миллион сўм бадал пулини ПФЛга тўлаб, ўша регламентга амал қилиб 15 жамоа Олий Лигада қолишига ишонишган.

Энг ачинарлиси, мамлакатда футболни ривожлантиришга маъсул бўлган ЎФФнинг бу қарори, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Фарғона сингари катта вилоятларнинг катта футболсиз қолишига, бу ҳудудлар футболининг Андижон, Сурхандарё, Сирдарё, Хоразм ва Қорақалпоғистондагидек ҳолатга тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳолат Биринчи Лиганинг Олий Лигадан кўпроқ мухлис йиғишига сабаб бўлсада, мамлакатнинг деярли ярим аҳолиси катта футболдан бебаҳра қолишидан ўзбек футболи учун ижобий жиҳат топиш амри маҳол.

Усмон ИБОДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

2 Фикрлар "ТАҲЛИЛ: КИМ ЭЛИТАДА ҚОЛАДИ?"

  1. Yasxshi taxlil bulibdi. Afsuski Neftchi Dinama Sugdiianalarni Oliydan tushishi juda qattiq qaror buldi Xammanni xafa qildi! Pozor UFF va PFLga. Uzi xamma narsani Toshkent kulublari uchun qilishmoqda.Lanat bulsin UFFga. Uzbni uyinidan keyin yana juda nerv qildik UFF uchun

  2. регламент конун каби амалда булиши кескин равишда узгартириш учун фикрлар (футболчи, мураббий ва мухлислар) инобатга олиниб, фоиз хисобида энг яхшиси деб билдирилгани кабул килиниши керак. Ахир бутун бошли мамлакатни ярмини катта футболсиз колдиришдан кимга наф. мени фикримча футболда ислохот утказиш керак. хокимлик карамогидаги жамоа футболчиларига бир хил эътибор ва бир хил ойлик бир хил кутарма пули ажратилиши керак ўшанда хар бир футболчи ўз вилоятида ўз жамоасида халки танишлари оила ўшаъни учун ўйнайди. 1 йил у ерда кейинги йил мураббий билан келишиб кутарма пули бошка клубга утишлар хам йук бўлади. футболни ривожлантириш учун оммавий футболга эътибор бериш керак. хозирда деярли барча жойларда катта футбол стадионлари фук бўлиб фойдаланилмай қолмоқда. сабаби тадбиркорлар кичик 18ъ38 хажмли стадион куриб пули борлар уйнайдиган майдонларни куриб қуйишди. пули йук ёки имконияти (моддий) чекланган ёшлар эса иложсиз футбол уйнамай куймокда. Эътибор беринг мен ёшлигимда бой камбағал бир хил мактаб стадионида 3-4 та каманда ютқазган чиқиб кетарга футбол уйнар эдик хар бир камандада 11 тадан уйинчи буларди. хозир ўша мактаб стадиони шудгор поля бўлиб ётибди, хеч ким уйнамайди факат мактаб боллари жисмоний тарбия дарсида ихтиёрий мажбурий футбол уйнамаса. оммавий футболни боллар футболини ривожлантирмай туриб катталар футболини ривожлантира олмаймиз. агарда кейинги йилдан регламентда узгариш бўлади футбол лигалар кайтадан куриб чиқилади деб айтиш керак эди мени фикримга кури лигаларни 4тага булиш керак эди. унга кура супер лига 2018 йилги мавсум якунига кра, 10 уринга кадар булган жамолар 2019 йилги мавсумдан бошлаб 4 даврали чемпионта тизимида иштирок этади. колган 6 жамоа ва хозирги 1 лигадаги 4 юқори уринни олган жамоа олий лигада 4 даврали чемпионатда иштирок этади. биринчи лигадаги колган жамолар ва иккинчи лигадаги юқори уринларни олган 10 та жамоа янгидан ташкил этиладиган Биринчи лигада 4 даврали тизимда иштирок этади деб белгилаш ва хар бир лигадиги охир икки урин ва юқоридаги икки урин алмашади деб белгилаш лозим эди бу тизим йулга куйилганидан кейин юқорида айтиб утганимдек хамма футболчи бир хил ойлик, мукофот пули олганидан кейин хокимликларнинг алохида хозир сарфланаётган ортиқча ва футболчиларга беришга аризимайдиган катта катта пуллар якунда эгалланган уриндаги жамоларга таксимлаб берилиши керак. шунда хар бир жамоа юқорироқ урин олишга юқорирок лигада уйнашга интилади. футболчилар эса пул учун йилига жамоа алмаштириб юрмай ўзини вилоятида хамма учун бир хил бўлган ойликни олиб ўйнайди. албатта футболчиларни ойлиги бошка сохалардан купроқ бўлади масалан ИИБ ходимлари 2.000.000-3.000.000 сум атрофидла ойлик олсалар футболчилар лигадаги жамо учун белгиланган микдорда 3.000.000-4.000.000 сум микдорда ойлик хар бир уйиндаги ғалаба учун 1.000.000 сум , дурранг учун 500.000 сум мукофот берилишини йулга куйилса зур буларди.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*