УЙҚУДАГИ «ЛИВЕРПУЛЬ»

Klopppp

– Икки соатда қандай ҳимояланиш ҳақида китоб ёзиб, қўлингизга тутқазишим мумкин.

– Агар ўзингга ёрдам қўлини чўзмасанг – сенга ҳеч ким елкадош бўлмайди. Шунинг учун тезроқ гол уришни бошлашимиз керак.

Бу Юрген Клоппнинг фикрлари.

Афтидан, унинг ҳам жонига теккан кўринади. Ҳа-ҳа, Клоппнинг ҳам ҳиқилдоғига келди. Заиф ҳимоя, имкониятларни кўкка совурадиган ҳужум чизиғи, балансни тез-тез йўқотиб қўядиган марказ. Бу ҳар қандай мураббийни ҳафсаласини пир қилади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Тўғри, аслида барча калтак мураббийнинг бошида синиши керак. Таркибни танлайдиган ҳам, машғулотларга бош-қош бўладиган ҳам – у. Демак, жавобгарлик ҳам унинг гарданида. Бироқ битта отнинг донғи у ёқда турсин, чанги чиқармиди?

Мутахассис Юрген Клопп ўз ёғига қоврилиб юрган бир пайтда “Бавария” “Карло ота”нинг жавобини берди. Қизиқ-а? Бунинг нимаси қизиқ дерсиз? Гап шундаки, ишсиз мураббийлар рўйхатига тушиб қолган Карло Анчелотти Премер лига ишқида ёнаётганини, Туманли ўлка жамоаларидан таклиф тушган тақдирда унга “лаббай”, деб жавоб қайтаришга тайёрлигини айтди. “Мерсисайдликлар” мухлислари бундан унумли фойдаланиб қолишни хоҳламоқда. Яъни, маҳаллий мухлисларнинг наздида “Ливерпул” босслари фурсат борида “Карло ота” билан шартнома имзолаши керак. Шубҳасиз, бундай талаблардан кейин Клопп аланга ичида “ёнади”. Нима, уч йил давом этган эртак шундай тугайдими? Нега фанатлардаги оташин мураббийга бўлган ишонч йўқолди? Калаванинг учи қаерда? Асосий муаммо мавжуд муаммоларга барҳам берилиши ўрнига уларнинг сони ортиб бораётганида. Оддий мисол: ўтган мавсумда “Ливер” ҳимояда бўш ўйин кўрсатганига қарамай, ҳужумдаги самарадорлик эвазига бу унчалик кўзга ташланмади. Бу йилдан рақиб ҳужумига бардош беролмаётган ҳимояга вазиятларни кўкка совуриш билан банд бўлаётган ҳужум чизиғи қўшилди. Қанчалик ғалати эшитилмасин, “Ливерпул” Премьер лигадаги энг кўп вазият яратаётган жамоа саналади. Бу борада кўкрак керишга ҳақли. Бунга гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин вазиятлардан фойдаланишда Клопп шогирдлари хол қўяётгани ҳам бор гап. Яширишга ҳожат йўқ. Жамоанинг ҳимояси босимга дош бермаётган бир маҳал ҳужумдаги муаммолар дард устига чипқонга айланмоқда. Моуринода яхши одат бор: “гол уролмайсанми, унда гол ҳам ўтказиб юбормасликка ҳаракат қил” шиорига амал қилади. Клопп шогирдлари эса на тўп киритади, на унга қаршилик кўрсатади. Уч очко учун, ғалаба учун – гол керак. Шу билан бирга дарвоза дахлсизлиги ҳам муҳим масала.

Телефонимга “Орзулар лигаси” деган ўйинни юклаб олганман. Ўйин шарти оддий: энг қуйи лигада тўп сураётган жамоани энг юқори лига чемпионига айлантириш. Кўнглингиз тусаса, трансферга қўл урасиз, чўнтагингиз кўтарса, қўл остингиздаги футболчиларнинг имкониятини кучайтирасиз. Хуллас, мураббий сифатида ўзингизни синаб кўрасиз. “Орзулар лигаси”да яна бир имконият бор: онлайн тарзда бошқа “ҳамкасбларингиз” билан куч синашишингиз мумкин. Энг қизиғи ҳам шунда. Шуни айтишим керакки, ҳимоявий ўйинни ёмон кўраман. Бироқ ҳужумкор ўйнаш учун ҳимоянгиз мустаҳкам бўлиши зарур. Шунда бирингиз иккита бўлади.

Худди шундай немис мутахассиси ҳам “Қизиллар” бошқарувида бири икки бўлиши учун ҳимоядаги муаммоларнинг ечимини топиши зарур эди. Бунга ҳаракат қилди ҳам. У яхши ҳимоячи излади ва топдию. Аммо ўша ҳимоячиларнинг трансферига клубнинг чўнтаги кўтармади. Шу сабабдан ҳимояда ўша таниш чеҳралар, ўша таниш камчиликлар кўзга ташланмоқда. Жамоа очко ишламоқда, лекин мағлубиятга тенг очколар бу. Худди мағлубиятга учрагандек кўриняпти. Бироқ бу вақтинчалик ҳолатлигини Клопп мазкур мавсумда албатта, исботлашга уринади, деб ўйлайман. Чунки бош мураббий футболга кеча кириб келмаган. Уни майдондаги кўрганлари ва кечирганлари, қарши курашган жамоалари бу – катта тажриба дегани. Тўғри, Юрген Клопп “Ливерпул”да учинчи мавсум ишлаяпти. Уч мавсумда ҳам мухлисларни қувонтирадиган, жумбушга келтирадиган эҳтиросли матчлар кўп бўлди. Энг муҳими, бу ҳали давом этишига мураббий ишонади. Клоппчасига айтганда, чемпионликдан умид узилмаган. Бу йўлда ҳақиқий синов кутмоқда. Кейинги турда “МЮ”га қарши учрашувни назарда тутяпман. Ўша матч мураббийнинг тақдирини ҳал қилиши эҳтимоли юқори. Воқеалар шундай ривожланган тақдирда “Ливерпул” устози ихтиёрида яна ўн кун бор. “Ливерпул”нинг уйғониши, жамоани йўлга тушиб олиши учун. Умид қиламизки, мураббий барчасига улгуради. Ун кун етарли бўлади.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ, «Эрудит СПОРТ» газетаси.

Фикрлар "УЙҚУДАГИ «ЛИВЕРПУЛЬ»"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*