РУСТАМ АШУРМАТОВ: «САМАРҚАНДДА ОСОН БЎЛМАЙДИ, АММО КУБОК ОРҚАЛИ ОЧЛГА ЧИҚИШИМИЗ ШАРТ»

Rustaamm

Миржалол Қосимов бошқарувидаги «Бунёдкор» клуби иккинчи давранинг энг яхши жамоаларидан бири бўлиб турибди. «Қалдирғочлар» Олий Лигада совринли ўринлар учун курашиш билан бирга Ўзбекистон Кубоги ғолиблиги учун ҳам даъвогар саналишади. «Бунёдкор»нинг ярим финал жавоб учрашуви доирасидаги «Динамо» билан ўйини олдидан жамоа етакчи ҳимоячиси Рустам Ашурматов «Эрудит Спорт» газетасига интервью берди.

«ҲУЖУМЧИДАН ҲИМОЯЧИГА АЙЛАНГАНМАН»

— Рустам, келинг, аввало футболга кириб келиш тарихингиз ҳақида гаплашсак…

— Футболга кириб келишимда бобомнинг ҳиссалари катта бўлган. Доимо тўп ортидан югуришим боис, 6 ёшимда футбол тўгарагига олиб боришган. Футболдаги илк сабоқларни биринчи мураббийларим Икром ака ва Иброҳим акалардан олганман. Улардан доим миннатдорман.

— Қўқондан «Бунёдкор»га келишингиз қандай кечган?

— Биласиз, ўша пайтда «Бунёдкор» «Қурувчи» деб аталарди. Ушбу клуб ўша пайтлар вилоятларда турнирлар ўтказиб, иқтидорли футболчиларни «Бунёдкор» академиясида йиғарди. Қўқонда ҳам мусобақа ташкил этгач, бир қатор ёшлар қатори мен ҳам ўзимни кўрсатишга эришгандим. Ўшанда Акрамжон Комилов, Иброҳим Ғофуров қаторида мени ҳам Тошкентга олиб боришадиган бўлишди ва «Бунёдкор» академиясида таҳсил ола бошладим.

— Қизиғи, ўшанда сизни ёш ва иқтидорли ҳужумчи сифатида танлашган экан…

— Чинданам, ўшанда ҳужумчи сифатида тўп сурардим. Кейинчалик тоғам Бахтиёр Ашурматовга ҳавас қилиб, ҳужумчидан ҳимоячи бўлишни истадим. Қолаверса, мураббийлар ҳам ҳимояда яхшироқ ўйнаётганлигимни сезишган. Шу билан ҳимоячи сифатида тўп сура бошладим. Ҳужумчидан ҳимоячига айланиш деярли қийинчилик келтирмаган.

«СЕРГЕЙ ЛУШАНДАН ДОИМ МИННАТДОРМАН»

— Сизни кашф эта олган инсон Сергей Лушан эди. Шундай эмасми?

— Шубҳасиз, аниқ айта оламанки, агар Сергей Иванович бўлмаганларида мен ҳозир «Бунёдкор» асосий таркибида тўп сурмаётган бўлардим. Бу инсоннинг футболдаги фаолиятимда ҳиссаси жуда катта. «Бунёдкор» академиясига келган вақтим 1996 йилда туғилган футболчилардан иборат ёш жамоани айнан Сергей Лушан шуғуллантирарди. Унинг қўл остида Достонбек Ҳамдамов, Акромжон Комиловлар билар бирга улғайдик. Кейинчалик жамоа бош мураббийи сифатида Лушан тайинланганидан сўнг, Сергей Иванович айнан бизга ишонч билдириб, асосий жамоага таклиф этганди. Худога шукрки, шундан буён катта футболда тўп сураяпмиз. Сергей Ивановичдан доим миннатдормиз, у кишини бизга қилган меҳнатлари, ёрдамларини тил билан эътироф этиш қийин.

— Сергей Лушан қўл остидаги «Бунёдкор» натижаларининг яхши бўлмаганлиги сабаби нимада эди?

— Фикримча, тажриба етишмаслик бўлди. Чунки, билсангиз, «Бунёдкор» Олий Лигадаги энг ёш таркибга эга жамоа саналади. ОЧЛ, Олий Лига, кубокда ҳам асосан ёш таркиб билан майдонга тушардик, тажрибали футболчилар кам эди. Шу боис, бизга тажриба етишмаган деб ўйлайман.

— Миржалол Қосимов иш бошлагач, таркиб деярли ўша бўлсада, натижа яхши томонга ўзгарди. Қосимов ишни нимадан бошлади?

— Миржалол ака учун «Бунёдкор» бегона эмасди. Кўпгина футболчиларни яхши билардилар. Жамоани қабул қилиб олган вақтларида мағлубиятлар, дуранглардан жамоанинг руҳий ҳолати яхши эмасди. Шунда ҳар биримиз билан алоҳида гаплашиб, имкониятларимиз, характеримизни ўргандилар ва шунга яраша муносабатда бўлдилар.

— Футболчилар учун Лушан ва Қосимов ўртасида қандай фарқлар кескин билинди?

— Сергей Иванович бош мураббий бўлгунча биз каби ёшлар билан ишлаганликлари учун бўлса керак, у кишига ҳам Олий Лига ва ОЧЛда мураббийлик тажрибаси етишмади деб ўйлайман. Аммо натижаларимиз қониқарсиз кўриниш олган бўлсада, Сергей Лушаннинг Ўзбекистон футболига жуда катта фойдалари тегди ва тегаяпти.

«МАШАРИПОВГА ҚАРШИ ТЎП СУРИШ ҚИЙИН»

— Ҳимоячи сифатида сизда ўсиш кузатилмоқда. Сиз қайси ҳимоячиларни ўзингиз учун ўрнак сифатида кўрасиз ва Олий Лигада қайси амплуадошларингизни энг кучли деб биласиз?

— Жамоадошим Хайрулла ака Каримов билан ёнма-ён тўп суриб у кишидан жуда кўп нарсани ўрганганман. У кишига ҳавас қиламан. Қолаверса, тоғам Бахтиёр Ашурматовдан кўп нарса ўрганганман. Олий Лигадаги ҳозирги ҳимоячиларнинг кўпи тенгкучли футболчилар, шу боис алоҳида бир кишини кўрсата олмайман.

— Сиз учун қарши тўп суриш қийин бўлган ҳужумчи ким?

— Ўзимизни жамоамиздан Достонбек Ҳамдамовга қаршилик қилиш қийин. Олий Лига бошқа клубларидан «Локомотив» ҳужумчиси Жалолиддин Машариповга қарши тўп суриш ҳеч бир ҳимоячи учун осон бўлмаса керак. Тезкор ва алдамчи ҳаракатлари билан ҳимоячиларга «бошоғриқ» бўладиган футболчи.

«АНЪАНАНИ БУЗИШГА ҲАҚИМИЗ ЙЎҚ – «БУНЁДКОР» КУБОК ОРҚАЛИ ОЧЛГА ЧИҚИШИ ШАРТ»

— Икки тур олдин айнан сизнинг «дубл»ингиз «Бунёдкор»га Самарқандда «Динамо» устидан ғалаба келтирганди. Энди эса ярим финал жавоб ўйини кутиб турибди. «Бунёдкор» қийинчиликсиз финалга чиқадими?

— Асло бундай деб ўйламайман. Чунки Тошкентда «Динамо» билан дастлабки баҳс бежизга 0:0 тугамаганди. Бу рақибнинг кучидан далолат. Самарқанддаги ярим финал жавоб ўйини биз учун жуда муҳим. Чунки, олдимиздаги биринчи мақсад бу – Ўзбекистон Кубоги ўйинлари орқали Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма олишдир. «Бунёдкор»нинг шунча йиллик анъанасини бузишга хақимиз йўқ – кубок орқали ОЧЛга чиқиш шарт. Тўғриси, Олий Лигадан кўра, кубок орқали ОЧЛга чиқиш яқинроқ бизга. Финалга чиқиб, ғолиб бўлсак кубок билан бирга йўлланмага ҳам эга бўлардик. Лекин бу осон иш эмас. «Динамо» билан дастлабки ўйин 0:0 бўлгани жуда қалтис ҳисоб. Самарқанд жамоаси таркиби анча шаклланган, уларга қарши тўп суриш осон бўлмайди. Қолаверса, жавоб ўйини Самарқандда минглаб мухлислар қаршисида ўтишини инобатга олсак, бу ўйин жуда шиддатли ва муросасиз ўтишини англатади. «Бунёдкор» сингари «Динамо» ҳам финалга чиқишни мақсад қилган, шу боис ҳеч кимга осон бўлмайди.

— «Динамо»нинг сўнгги 10 ўйиндан буён гол ура олмаётгани «Бунёдкор» ҳимоячилари вазифасини осонлаштирадими?

— Бу ўйин финал йўлланмасини бераркан, статистикалар четда қолади. Тўғри, 10 та ўйин узун серия, лекин ҳар бир нарсанинг якуни бўлгани каби, балки «Динамо» айнан кубокка катта эътибор қаратиб, нохуш анъанасини биз билан ўйинда бузар. Шу боис, биз юқоридаги статистикага эътибор қаратмай, эҳтиёткор бўлишимиз керак. «Динамо»нинг ҳимоя чизиғи ҳам кучли. Менимча, ўйинда битта гол финал йўлланмаси тақдирини ҳал этади. Самарқанддан финал йўлланмаси билан қайтишимиз шарт.

Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.

Фикрлар "РУСТАМ АШУРМАТОВ: «САМАРҚАНДДА ОСОН БЎЛМАЙДИ, АММО КУБОК ОРҚАЛИ ОЧЛГА ЧИҚИШИМИЗ ШАРТ»"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*