ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ҲУКМ АСОСЛИ БЎЛСИН!

din-buxx

 Биз Америка кашф қилишни яхши кўрамиз. Чунки тарихни ўрганмаймиз, хулоса чиқаришга, унинг фалсафасига етиб боришга, мушоҳада юритишга ақлимиз калталик қилса керак. Йўқса биздан олдин босиб ўтилган йўллар ҳақида билиб туриб, уни ўзимизда синаб кўриш учун яна юриб ўтирмасдик.

Мана шу каби ишлар ривожланишни ортга чўзади. Айтайлик, ўзимдан 10 ёш катта акам бизнесини бошлаш учун қайсидир йўлдан юрди, мен уларни кўриб турганман ёки кейинроқ билганман, дейлик. Унинг хатолари, қоқилишлари, адашишлари менга сабоқ бўлса, мен бизнесимни осонроқ бошлаб оламан. У кириб чиққан боши берк кўчаларга, у қилган хатоларга қўл уришим шарт эмас. Тарих ҳам шундай, ўз вақтида ривожланган мамлакатлар биз каби ҳолатда бўлган ва улар излана-излана керакли калитни топган, улар ҳамон изланишда. Биз эса уларни ўрганиб ўтирмаймиз, Америка кашф қиламиз, тушунарли бўлди-а энди?

Мираброр Усмонов Ўзбекистон футболи тепасига келиши билан ўзи билганича эмас, айтайлик, Германия ёки Англия футболи юрган йўлни ўрганиб чиқиб, уни амалга тадбиқ қилиб кўрганида, ҳозир аҳволимиз бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди. Майли катта ютуқларга эришишга улгурмасдик, аммо эришишга тап-тайёр турган авлод аллақачон қўлимизда бўларди. Ҳозир эса ҳаммасини бошидан бошлаш керак. Мана шундай бир вақтда, ўша 10 йиллар аввалги хатоларнинг такрорланиши кулгули. Бу ҳангома эмас, алам билан кулиш бўларди.

Гапни айлантириб, “Бухоро” — “Динамо” ўйинини бошқарган ҳакамга олиб бормоқдаман. Бухоролик футбол мухлислари мени маъзур тутишсин, уларни ишонтириб айтаманки, “Бухоро” чемпион бўлишини чин дилдан истардим. Вилоят клублари қаддини тикласа Ўзбекистон футболи юксалишини истаган одам сифатида фақат хурсанд бўламан. Менинг футболда муқаддас деб биладиганим клубим йўқ, менга барибир, “Бухоро” ҳам, “Динамо” ҳам, “Пахтакор ва “Бунёдкор” ҳам. Бироқ юқорида кўтарилган масала бўйича бухоролик футбол мухлисларининг позициясига умуман қўшилмайман.

Ўйлайсизки, мен ҳакамларни ҳимоя қиламанми? Йўқ, керак пайтда уларнинг кирдикорларини ҳам очишга ҳаракат қилдик. Уларнинг аслида ким эканини одамлар яхши билади, бир тийинлик ишим йўқ. Аммо ҳамма нарса қонун-қоидаси билан бўлиши керак деб ҳисоблайман. Мен буйруқбозликдан нафратланаман, қайсидир иш қўл тегди, бир нарса тегди бўлишини қоралайман. Ҳаётда ҳам, футболда ҳам, ҳаммасида шуниси тинч. Бу бизни бехавотир қилади, хотиржамлик беради. Тасаввур қилинг, ўз касбингизнинг каттаси сўрамай, нетмай сизни севимли касбингиздан четлаштириб юборди. Фарқи йўқ сиз косибмисиз, журналистми ёки адвокат, бу сизга қандай таъсир қилган бўларди?

Мухлислардан бири 18 минг одам келган стадионни сиз қандай ҳам ҳис қила олардингиз қабилида фикр билдирди. Яқиндагина 90 минг одам келган “Камп Ноу”да испаниялик ҳакам “Эл-Класико”ни нималар қилганини кўриб келдим. Бутун стадион ўша реферини қанчалар сўкканини, ўлдиришгада тайёрлигини ҳис қилдим. Ўйинга такроран қараганимда ҳам ҳакамнинг қатор хато қарорлари чиқиб келаверди. Аммо Испания нашрларини титкилаб, реферининг футболдан четлаштирилганини кўрмадим.

Агар ҳакам коррупцияга қўл урган бўлса, пора билан қўлга тушган бўлса, мен четлатиш қарорини тик туриб олқишлашга тайёрман. Бундайлар қайтиб кўринмасин кўзимизга, топгани барибир юқмайди ўзига ҳам, ўша пуллардан луқма ейдиган фарзандларига ҳам. Аммо ҳеч нарса исботлангани йўқ-ку. Шу сабаб четлаштирилган бўлса, айтиш керак, халқ қаҳрамонларини билгани каби, таниб қўйсин антиқаҳрамонларни ҳам. Шундагина қолган ҳакамлар ўйлаб иш қилади, ҳисоблашади.

Ва энди танганинг иккинчи томонига боқиб кўрамиз. Айтайлик, ўша учрашувга мезбонлар катта пул тикиб, ютуқни олиши керак бўлган-у, ҳакам бу ишни бузиб қўйган ва шунга четлаштирилган бўлиши мумкинми? Мен эҳтимоллар назариясини ҳеч қачон эътибордан четда қолдира олмайман. Бир томон айбдорлиги исботланмагунича, иккинчи томон ҳам гумонда бўлаверади.

“Соккер клуб”нинг сўнгги сонида собиқ ҳакам айтган фикрларни эслайсизми: “Ўйини дуранг бўлган ҳакамнинг устидан ҳамма кулади, ҳеч нарса қилолмай келдингми, деб”. Бухорода ҳам дуранг бўлди. Такрорий вазиятларни кўриб чиқдик, жуда мутахассис бўлмасак ҳам, биз ҳам футболдаги одамлармиз. Аммо ўша хатолар испаниялик реферининг хатолари олдида ҳеч нарса эмас. Жуда бўлмаса маълум муддатга четлаштириш варианти бор эди. Биз эса ишни ЎФФ президенти порталига келаётган шикоятларни қондиришдан бошладик. Умуман ўша шикоятларни эшитиш жуда яхши, бироқ қарор чиқараётганлар шикоят ёзаётганлардан фарқ қилиши керак. Фарқ қилгани учун ҳам амал бериб қўйилган уларга. Мен ҳамма нарса ақл тарозиси билан қилиниши тарафдориман, ҳай баракалла одамларни эса жиним суймайди.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

4 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ҲУКМ АСОСЛИ БЎЛСИН!"

  1. Sallani urniga kalla deyishibtida buyuklarimiz endi nima ham derdik shunda buyuklarni ishi oson kuchgandirda

  2. Sallani urniga kalla deyishibtida buyuklarimiz shunda ishlari oson kechadi kimgadir kerak bulgan bu kalla

  3. Мана шунадай маколалар учун рахмат Имомхужаев! Хамма УФФ янги прездентига пахта куйётган пайт Диёр ушани хам фикрига кирмай, бемалол танкид кила олаяпти маладес! Туппа тугри нега бечора судья курбон булиши керак???? Хамма нарсани конун доирасида килиш шарт!

  4. maqola daxwatu naxot wunday bolsa oylab bu fikr kemagandi lekin

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*