ШАҲРАМ ҒИЁСОВ: «1-2 ЙИЛДА ПРОФЕССИОНАЛ БОКСГА ЎТИШ НИЯТИДАМАН»

shahramm

Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтган бокс бўйича Жаҳон Чемпионатида чармқўлқоп усталаримиз орасидан Шаҳрам Ғиёсов Ўзбекистонга ягона олтин медални олиб келди. Яқинда Шаҳрам Ғиёсов «Эрудит Спорт» газетасининг Бухородаги мухбирига эксклюзив интервью берди.

«ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ — ОРЗУИМ ЭДИ»

– Германияда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз…

– Жаҳон Чемпионатига чиқиш менинг энг катта орзуларимдан эди. Шунга интилиб келдим. Тўртта қийин жанг мен учун осон кечмади. Ниҳоят  финалда қўлимни кўтарганларида ҳаммаси: боксдаги илк фаолиятимдан тортиб Жаҳон Чемпионатидаги қийинчиликлар, ёр-у биродарларим ва менга ишонган, ишонмаган инсонларнинг барчаси кинолентадагидек кўз олдимдан намоён бўлиб бораверди. Яратганга шукурки, меҳнатларимнинг самарасини кўриш менга насиб этганидан ниҳоятда хурсандман.

– Жаҳон Чемпионатида рингда ва ундан ташқарисида кўпгина боксчиларни кўрдингиз. Улар орасида кимни ўзингизга муносиб рақиб деб биласиз?

– Жаҳон Чемпионати, Олимпиада ўйинлари ва Осиё Чемпионатидаги иштирокчи боксчиларнинг барчасини ўзимга муносиб рақиб деб биламан. Негаки, Жаҳон Чемпионати ва Олимпиадага келадиган иштирокчи шунчаки оддий спортчи бўлмайди, у камида ўз мамлакатининг чемпиони ёки халқаро турнирлар ғолиби бўлади. Ахир, истаган одам ҳам Жаҳон Чемпионатида қатнаша олмайди. Биринчи ўринда ўз ватанида ташкил қилинган саралаш босқичидан, сўнгра минтақасиникидан ўтиши керак. Минтақасидаги турнирда ғалабани қўлга киритиб, чемпион бўлган спортчигина Жаҳон Чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. Шундай экан, Жаҳон Чемпионатидаги бирор боксчини кучсиз деб айта олмайман! Уларнинг ҳар бири муносиб рақиблардир!

«ҲАКАМЛАР АДОЛАТЛИ БЎЛИШМАДИ…»

– Шаҳрам, чемпионлик учун қолган боксчиларимизга нима етишмади?

– Билмадим. Қолган боксчилар ҳам ғалабага муносиб эди. Эҳтимол, уларга омад етишмагандир. Бизнинг бокс-чилар чемпионатдаги энг кучли жамоа-лардан эди. Негадир ҳакамлар бунга кўз юмишни афзал билишди.

– Жаҳон Чемпионати давомида ҳакамларнинг Ўзбекистонга нисбатан нохолис муносабатда бўлишганлигини кўп марта гувоҳи бўлдик. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Менимча, буни мухлислар холис сифатида изоҳлаганлари маъқул. Ахир, барча жангларни бутун дунё қаторида Ўзбекистон аҳолиси ҳам тўғридан-тўғри эфирда кўрди. Жаҳондаги барча бокс ишқибозлари ўзбекистонликлар ютқазгани йўқ, деб баралла айтишяпти. Биз қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик. Ҳакамларга «Сиз мана бундай қилишингиз керак эди?» деб айтолмаймиз. Биз бирор муаммога дуч келсак, хатони энг аввало ўзимиздан қидирамиз. Аммо шундай бўлса-да, ҳакамлар бизга адолатли муносабатда бўлмаганлигини тан олишимиз лозим. 9 нафар боксчимизнинг чорак финалга чиқиши ҳазилакам гап эмас! Улардан олтитаси ярим финалга йўлланма олди! Бундай натижа ҳали бўлмаган ва табиийки, улар биздан қўрқиб қолишди! Шунча ўзбек чемпиони чиқадиган бўлса, Олимпиада ўйинларида яна шов-шув кўтаради, деган ҳадик билан бизга кам балл беришгандир, эҳтимол.

– Чемпионлик йўлидаги жангларингиз орасида энг қийин жанг сизнингча, қайси рақибга қарши бўлди?

– Ростини айтсам, шу мазмундаги саволни менга Олимпиададан кейин ҳам беришганди. Энг қийин жанг чорак финалда кубалик спортчи билан бўлганди, деган жавобни бергандим. Энди эса жавоб ўзгарадиган бўлди. Ўзим ҳам «Жаҳон Чемпионатидаги қайси жанг мен учун қийин бўлди экан?» деган савол борасида анча мулоҳаза юритдим. Тўғрисини айтсам, тўрт жанг ҳам мен учун жуда қийин кечди! Ҳаммасида рақибларим ано-йиларидан эмас эди, улар бир-биридан кучли боксчилар бўлганликларини тан оламан! Ўз вазн тоифаларимдаги спортчиларнинг ҳаммаси моҳир ва чиниққан спортчилардан!

– Чемпионликдан кейин Ўзбекис-тондан Германияга қўнғироқ қилиб, биринчи бўлиб ким сизни табриклади?

– Биринчи бўлиб, илк устозим саналмиш, ўзлари ҳам бир пайтлар бокс билан шуғулланган отам Жамшид Ғиёсов табрикладилар. Дадам мени табриклаётганларида овозларидан кўзларига қувонч кўз ёшлари келаётганлигини сезиб, бошқача бўлиб кетдим. Аслида онам ҳам, отам ҳам менга бир пайтда овозли хабар жўнатишади. Биринчи отамнинг, кейин онамнинг табрикларини эшитдим.

«ОЛИМПИАДАДА КУМУШ ОЛМАГАНИМДА ҲОЗИР ЧЕМПИОН БЎЛОЛМАСДИМ…»

– Бу гапингиздан отангиз ҳам боксчи бўлганликлари учун сизга яқинроқ эканлар, деган фикр ҳам келади…

– Отам ҳам, онам ҳам мен учун бирдек қадрли ва яқинлар. Бугунги даражага эришишимда уларнинг хизматлари беқиёс. Биринчи бўлиб отамга жавоб беришимнинг сабаби бошқа: отам телефонга кўзини тикиб мени кутиб туради, онам эса қўли ҳамиша дуода, ўй-хаёли менда бўлганидан телефонга қарамайди ҳам. Отам хабаримни ўқиганидан ке-йин ҳаммага айтади. Онам ана шундагина кўнгли тинчланиб, телефон эсига келиб уни қўлига олади. Ўйиндан олдин онам менга қўнғироқ қилмайдилар, волидам ўйиндан кейингина менга боғланади. Унгача онажонимнинг юраклари мен билан гаплашишни кўтаролмайди (жилмаяди), у пайтда у киши “Ўғлим рингда калтак емасин”, деб дуо қилиб ўтирадилар.

– Меҳр билан тилга олган оилангиз ҳақида бир-икки оғиз тўхталиб ўтсангиз…

– Отам юқорида таъкидлаб ўтганимдек боксчи бўлганлар, онам фармацевт. Спорт ва ҳаётда улар менинг энг катта устозларимдир. Тоғам ва амаким ҳам менга ҳамиша далда бериб, қўлдан келганча ёрдам бериб келганлар. Синглим бор. Икки қиз жиянчаларим жон-у дилим. Фурсатдан фойдаланиб, барча яқинларимга билдирилган ишонч ва ўз вақтида қўллаб-қувватлаганликлари учун ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтаман.

– Келинг, энди яна спортга қайтамиз. Қайси медаль сиз учун қадрлироқ: Олимпиададаги кумуш медаль ёки Жаҳон Чемпионатидаги олтин медаль?

– Агар Олимпиада кумуш медални қўлга киритмаганимда ҳозир жаҳон чемпиони бўлолмасдим. Олимпиадада финалга чиқа олганим менинг энг катта ютуғим бўлган, деб ҳисоблайман. Сабаби Олимпиадада совриндор бўлишим Жаҳон Чемпионатига чиқишимга туртки бўлди ва менинг жаҳон чемпиони бўлиш орзуим ушалди!

«1-2 ЙИЛДА ПРОФЕССИОНАЛ БОКСГА ЎТИШ НИЯТИДАМАН»

– Саволни бошқача қўйсак: Олимпиадада кумуш медални қўлга киритиш нисбатан қийинроқ бўлгандими ёки Германиядаги Жаҳон Чемпионатида олтин медални олиш?

– Олимпиадада қийинроқ бўлди. Аммо бу планкани ушлаб, унга муносиб бўлиш ундан-да оғир экан! Негаки, Жаҳон Чемпионатига биринчи рақамли спортчи бўлиб келган эдим. Спорт шинавандалари ҳам мени биринчи деб қўйди. Мавқени ушлаш осон эмас эди. Агар ғалаба қозонолмаганимда Олимпиада ва Жаҳон Чемпионатидаги обрўйимдан маҳрум бўлардим. Олимпиададан кейин Жаҳон Чемпионатида менда икки баробар масъулият бор эди.

– Ўз вазн тоифангизда қайси рақиб боксчиларни алоҳида эътироф этган бўлардингиз?

– Ўз вазн тоифамдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, бу албатта, чорак финалдаги анг-лиялик ва финалдаги кубалик боксчиларни эътироф этсам арзийди.

– Ҳаваскор боксдан профессионал боксга ўтиш мақсадингиз борми? Бу яқин орада рўй берадими?

– Бундай ниятим бор! Насиб бўлса, мен ҳам кун келиб, профессионал боксга ўтиш ниятидаман. Мақсадим ҳам шу! Балки бир-икки йилда бу ҳам амалга ошиб қолар.

МАКГРЕГОР ЁКИ МЕЙВЕЗЕР?

– МакГрегор ва Мейвезер ўртасидаги жангда боксчи ғалабаси сизни қувонтирдими? Кимга мухлислик қилган эдингиз?

– Бу жанг мен учун бокс бўлмади. Бу ташкил қилинган ўзига хос шоу бўлганлигини ҳамма биларди! Қафасда калтак еб юрган спортчи ҳеч қачон бокс қиролига қарши чиқишга ҳеч қачон ҳадди сиғмайди! Ютқазишини у яхши биларди, аммо пул ишлаш мақсадида шундай шоу қилди. МакГрегор «Шунча пул ишлашга имкон бор экан, озгина калтак есам нима бўлибди, ахир бунинг эвазига топган маблағим бутун умрга етади» дея бу шоуда ўйнайверди. Ҳатто жангдан кейин ҳам МакГрегор: «Мейвезердан еган калтакларим олган пулларим олдида ҳеч нарсага арзимайди. Энди машғулот ўтказмасам ҳам бўлади», деган гапни очиқ-ойдин айтди.

– Шоу-жангида кимга мухлислик қилдингиз?

– Ростини айтсам, бу жангда ҳеч кимга мухлислик қилмадим ҳам. Сабаби Мейвезер ютиши 100 фоиз аниқ эди! Жангни кўрмадим ҳам! Интернетда жойланган видеолардан менга парчалар қўйиб беришди, МакГрегорнинг зарбалар остида қолганини кўрдим. Бу жанг мен учун қизиқ бўлмаганлиги сабабли уни ўтириб томоша қилишга ошиқмадим ҳам.

«ТЕРМА ЖАМОАМИЗ ФУТБОЛЧИЛАРИДА МАҚСАД ЙЎҚДЕК…»

– Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон Чемпионатига чиқа олмагани сизга қандай таъсир қилди? Ҳар ҳолда футболга бефарқ эмассиз…

– Бутун Ўзбекистон аҳли футболчиларимизнинг Жаҳон Чемпионатига чиқишларини жуда хоҳлаганди. Майли ўрин олмаса ҳам, ҳеч бўлмаса Жаҳон Чемпионатига чиқсин! Лекин тақдир эмас экан! Футболчиларимиз ҳам устида тинимсиз ишлаши керак. Уларга, шунингдек, яхши мураббий ҳам лозим. Жамоа таркибини ҳам ёшартириш керак. Ҳозирги футболчиларимизда назаримда мақсад йўқдек. 32 миллионлик мамлакатнинг ишқибозлари футболчиларга кўз тикиб туришибди, шундай экан, улар ёниб, шижоат билан майдонга тушиб, ўзларига билдирилган ишончни жон-жаҳди билан оқлашлари зарур! Юртимизда футболга катта эътибор ва имкониятлар берилган, аммо энди натижани кўрсатиш вақти келди, ўтиб кетяпти ҳам!

– «Бухоро» футбол клуби Олий Лигада етакчилар сафида бораяпти. Мухлис сифатида шаҳрингиз жамоасини қўллаб-қувватлаб турасизми?

– Албатта! Бош мураббий Улуғбек Бақоев бўлгани ҳам яхши бўлди! Ҳамшаҳарларимнинг ўйинларини қолдирмай кузатиб бораман. Қолаверса амаким Амрилло Ғиёсов ҳам клубда менежер сифатида фаолият юритади. Демакки, футбол клуби менга икки ҳисса яқин! «Бухоро» клуби билан бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз! Улар расмий сайтларида ҳар бир ғалабамни ёритиб боришади, менга табриклар ёзишади. Бундай эътибор ҳар бир спортчи учун ёқимли.

– Мухлисларингиз ва газета муштарийларига суҳбат сўнггида тилакларингиз…

– «Эрудит Спорт» мухлисларига омад тилаб қоламан. Яхши ният қилиб, ўз олдингизга юксак марраларни қўйинг! Агар чин дилдан хоҳласангиз, уларга албатта эришасиз!

Сарвиноз ДОНИЁРОВА суҳбатлашди.

«Эрудит Спорт» газетаси.

Фикрлар "ШАҲРАМ ҒИЁСОВ: «1-2 ЙИЛДА ПРОФЕССИОНАЛ БОКСГА ЎТИШ НИЯТИДАМАН»"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*