Диёр Имомхўжаевдан: Келишмасликка келишганмиз…

PFLa

Келишилган ўйинларга қарши курашиш бўлими ЎФФ учун нега керак, агар мамлакатда келишилган ўйинлар йўқ деб ҳисобланса? Бу шунчаки мантиқий савол. Бу савол биринчи галда шундай бўлимни шараф билан бошқариб келаётган Аҳрол Иноятовга, кейин эса қолганларга.

Биз билган футбол уюшмаларида бундай бўлимга ҳам, қўмитага ҳам дуч келмадик. Айтайлик, Англия футбол уюшмаси қандайдир Эхрол Маккалистрни келишилган ўйинларни аниқлайсан ва жазолайсан деб ўтказиб қўя олмайди. Чунки у юрист бўлмаслиги, кимгадир қандайдир чора кўриш ҳуқуқи йўқ бўлиши, келишилган ўйинларни қандай аниқлаш мумкин экани борасида маълумотга эга бўлмаслиги мумкин.

ФИФА, УЕФА, ОФК каби йирик конфедерциялар эса коррупцияга қарши жиддий кураш олиб боради. Бу атаманинг ичига ўша келишилган ўйинларни ҳам қўшиб ҳисоблашга ҳақлимиз. Футбол клублари пулни давлатдан олса-ю, унинг бир қисмини келишиш учун сарф этса, бу коррупциянинг аниқ бир кўриниши бўлади. Европа миқёсида айтсак, қонуний топилган пулнинг ноқонуний ва жиноий ишларга сарфланиши ҳам коррупция. Биз айтган ташкилотларнинг коррупцияга қарши бўлимларида профессионал кишилар ишлайди. Улар молия соҳасида, юридик соҳада катта малакага эга, тотализатор компанияларини кузатади, соҳанинг олди вакиллари, айтайлик, SportRadar билан ҳамкорлик қилади. Чунки уларда асос бўлиши керак, келишилганликни исботлаш кўпчилик ўйлаганидек осон иш эмас. Пул бераётган вақтда тап этиб босиб қолишни киноларда кўрмасак, ҳаётда бунақасига дуч келиш жуда қийин ва мураккаб. Ижрони эса барибир тегишли орган ходимлари олиб боради.

Мана энди ўйлаб кўринг, Аҳрол Иноятов қандай қилиб қаллобларни қўлга тушириши мумкин? У сизга Жеймс Бондми ҳаммани эшитиб, кузатиб юрадиган ёки полиция вакилими қўлига кишан солиб, олиб кетадиган? ОФК SportRadar билан ҳамкорликдаги ишидан келиб чиқиб, ЎФФга мактуб юборади. Бундай мактубни ЎФФ аллақачон қўлга киритиб улгурган. Ҳатто ўша профессионаллар ҳам мана шу ўйин келишилган, деб аниқ айтмайди, айтолмайди. Аслида бундай бўлмаслиги мумкин. Улар тотализаторга қандай, қанча ва қай кўринишда пул тикилгани, тикилган ставкалардаги кўринишларнинг ўша учрашувларда қанчалик намоён бўлиши ва бошқа факторлардан келиб чиқиб, шубҳага боради ва текширишни сўраб, федерацияларга юборади.

Аҳрол Иноятов эса ўрганиб чиқади, балки ичида билиб қолишибди-ку деб қўяр, билмадим. Кейин эса Олий Лиганинг ўша клуби раҳбарларини чақириб, каттакани номларидан бир сўкиб қўяди, нима бу, нима деб жавоб берайлик деб, дўқ ҳам урса керак. Кейин ҳаммаси катта эҳтимол билан ундай бўлмаган дейди ёки кейинги сафар эҳтиётроқ бўламиз деб қайтади, ЎФФ эса биздан ҳаммаси зўр деб, ОФКга жавоб хати ёзиб юборади.

Нега шундай? Чунки тинчлик керак. Қайсидир ўйин аниқланиб қолса, катта жанжал келиб чиқади. “Пахтакор” — “Металлург” ўйинидан кейин ўзларича Америка очмоқчи бўлиб, кўкрак керишаётганди, қарашса, журналистлар ҳам, мухлислар ҳам аҳмоқ эмас. Нега “Металлург” раҳбарини жазолайсан-у, “Пахтакор”га тегмайсан, нега улар қонун олдида жавоб бермайди, деб талаб қилиб қолди. Оқибатда ҳаммаси тинчиб кетди. Ва катта эҳтимоли борки, кимдир қўлга тушса, бу ҳолат кет-кетига уланиб кетиши, футболдагиларнинг ярмидан кўпи келишиб юриши очиқланиб қолиши мумкин. Кейин нима бўлади? Ҳаммасини обориб қамаб қўямизми ёки Туркия, Италия футболига ўхшаб катта инқилиб келтириб чиқарамизми? Нега керак бундай машмаша? Меҳмонлар, четдагилар кўрса нима дейди? Уят бўлмайдими?

Ҳа, биз изза бўлишдан қўрқамиз. Келишганларнинг ҳам оиласи бор, жаҳонда обрўмиз бор, қуда-анда дегандек. Аммо коррупциядан қўрқмаймиз, чунки жазо муқаррар эмас деб ўрганиб қолишган. Мен нега бу мавзуни кўтарганимни айтайми? Чунки Одил Аҳмедовнинг сўнгги интервьюсини кўрдим. Кейин эса Аҳрол Иноятов Одил бу гапларни қаердан олди, нимага асосланди. Билса, келиб айтсин, деб қолди. Бориб айтса, Аҳролака яна ўшаларни чақириб, бир-икки сўкиб ҳайдаворишлари мумкин. Бироқ қўлига кишан сола олмайдилар ёки ёқасидан ушлаб, ички ишларга бериб юбора олмайди. Ўз навбатида футбол ишига ҳукумат аралашмаслиги керак, йўқса ФИФА “ўлдиради”, деган шиорни дастуриамал қилиб олганмиз. Шундай бўлганидан кейин, милиция қандай қилиб асоси йўқ нарса учун вақт кетказади? Умуман шунақа ниятимиз бўлганида, Аҳрол ака ўшаларни кабинетга чақирмай, органга тақдим этарди, ОФК шундай деяпти, ёрдамингиз керак деб.

Келишилган ўйинлар йўқ деб, келишилган ўйинларга қарши қўмита очишдек аҳмоқона иш фақат бизда бор. Агар бор бўлса, уларга қарши 10 та Аҳрол Иноятов ҳам кураша олмайди. Буни фош қилиш ҳуқуқи ва имконияти бор органлар аралашмаса, ҳеч ким қўлга тушмайди. Журналистларга нима дейсизми? Йўқ, биз жим юрибмиз, чунки Аҳрол ака каби 100 та Диёр, 50 та Ҳамидов ҳам, 40 та Кабулов ҳам исботлаб бера олмайди буни. Бизда на ҳуқуқ бор, на далил ва на имконият. Ақлимиз етмайди, хуллас. Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров ва бошқа етакчилар эса футболга Иноятовлардан анча яқинроқ, майдон ичида. Улар бир нимага шама қилиб турганида Аҳрол ака чиқиб, “Одил бу гапни қаердан олибди”, деб турса, биз нима дейишимиз керак? Айбимиз гапиртира олаётганимизми ёки кўзбўямачиларга амал берганимиз?

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

2 Фикрлар "Диёр Имомхўжаевдан: Келишмасликка келишганмиз…"

  1. Bittayam eskilani qoldirmaslik kerak uff da bomasa ulani kasali yuqib qoluradi. Misol un bu yilgi chempionat o’yinlari ham ixirlashgan sayin eski holatiga qaytmoqda

  2. Uzi aslida Rustam Bobomurudov sudyani emas, mana shunaqalarni UFFdan chetlatish kerak! Xamma ishni boshida turganlar shular! Balo qoladigan boshqa. PFLni tozalash kerak xar xil odamlardan keyin Futbolimiz xam uz xoliga keladi!

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*