ЎФФ ВА ПФЛ ҚАНДАЙ ИШЛАШИ КЕРАК?

shar

12 сентябрдан кейин ЎФФ тепасига ким келиши борасида оз бўлса ҳам тасаввурга эга эмасман. Ойна ортида катта ишлар аллқачон бошланиб бўлганига ишонаман, албатта. Федерация каттагина ташкилот, унга оддий бир мутахассисни раис қилиб бўлмайди. Бунда президент ташкилотга пул топа оладиган, маблағ чақира оладиган кучга эга бўлмоғи жуда муҳим.

Бироқ ҳақиқат шундан иборатки, пул ҳамма нарсани ҳам ҳал қила олмайди. Ва шундай бўлгани ҳам яхши. Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирсин дейдиган замон эмас бу. Ғарбнинг янги миллионер ва миллиардерларига эътибор берсангиз, уларнинг кўпи оддий оилалардан чиққан ва илми, билими эвазига катта муваффақиятга эришган. Бунда улар аждодлари мерос қолдирган бойликка ёки ҳукуматнинг ҳар йўсинда қўллаб-қувватлашига қараб қолмаган, барчасини ўзи “0” дан бошлаб, тез орада катта илдизга айланган одамлардир.

Майли, ЎФФ тепасига келадиган одам бойроқ, қулочлари кенгроқ, панжасини чўзса, унча-мунча тоғнинг учига етадиган бўлсин. Бироқ у эшитишни, тинглашни билсин, қарор чиқаришдан олдин бу борадаги тажрибаларни ўргансин, соҳа мутахассисларига қулоқ тутсин. Бизда ғалати бир қараш бор, футбол мутахассиси бўлмаган одам, футболни тушунмайди, деб ишонтирмоқчи бўлишади. Тўғри, қайсидир журналист ёки оддий бир PRмэн футбол қандай ўйналишини ўша мутахассислари каби тушунмайди. Футболчининг кунлик режими қандай бўлиши керак, у қанча югуради, юрак уриши дақиқасига қай ҳолатда қандай бўлади, жисмоний тайёргарликда нималар муҳим — шу каби масалаларда биз футбол мутахассисларининг олдига туша олмаймиз. Ва умуман, журналистлар шунга ўхшаш ишларга аралашаётгани ҳам йўқ. Бироқ ташкилотчилик, дунёнинг ривожланган мамлакатларида футбол қандай бошқарилмоқда, унинг муваффақиятлари қайси факторларга суяниб турибди каби масалаларда ўзбек футболи ўз мутахассислари билан мақтана олмайди. Нега? Чунки улар ўқиган мактаб анча эскирди, замонавий ёшлар эса тил билиши, ахборот оқими билан сузиши ва ҳар қандай маълумотни олишдаги тезкорлиги билан ўша мутахассисларни ортда қолдирди деб, бемалол айта оламан.

ЎФФнинг бугунги кундаги энг катта хатоси ҳам аслида шу. Уни катта тоғ суяб турган бўлса-да, асосий иш юритувчилари ўсмай қолган, билим даражаси чекланган, янгиликлардан узлуксиз хабардор бўлмайдиган ва кези келганда, шаффофликдан кўра, сирлиликни қадрлироқ биладиган одамлардир. ПФЛни оласизми, терма жамоалар марказиними, ҳаттоки ўша “ишонч шари”ни Халқаро пресс-клубда қабул қилиб олган шахсними, аҳамияти йўқ, мана шулар футболни ҳозирги аҳволга олиб келишди. Сизнингча, ПФЛ маблағ йўқлигидан шу аҳволга келиб қолдими? Йўқ, шунчаки уни ўз соҳасининг устаси бошқармади йиллар давомида. Магомедовнинг футболчилиги олдида шляпамни ечаман, унинг мураббийликдаги билимларини ўз кўзим билан кўрганман, демак у яшил майдон учун керакли шахс эди. Бизнинг сиёсат эса унинг каби инсонни кабинетга қамаб қўйди ва сиз натижасини кўриб турибсиз. ПФЛда пул бор, ҳар йили клублардан келиб тушадиган бадал пуллари эвазига ташкилотчиликни қийқириб қилиб юбориш мумкин. Бироқ ижтимоий тармоқлар нима эканини тушунтириб бера олмайдиган, омма, журналистлар, футбол жамоатчилиги қайси дард билан яшаётганини ҳис қилмайдиган одамлар унга бир нима бера олмайди.

Терма жамоалар маркази борасида ҳам худди шу каби. Биз Аргентина, Бразилия ва Коста-Рикага таклиф юбордик деб керилишни биладиган одамлар қўлига қараб қолдик. Ваҳоланки таклиф юборишдан осони йўқ. Интернет орқали мен Шакирага севги изҳор қилиб мактуб юборишим ҳам мумкин, нимаси қийин? Бироқ биз нормал келишувларни ўтган вақт давомида деярли кўрмадик. Керак-керакмас саёҳатларга пул сарфладик, терма жамоа ўйинлари арафасида чипта сотишни қойил қолдик. Марказни бошқарган одам қайсидир маънода футбол мутахассиси ким учундир. Лекин у замонавий футболнинг қайси унсурларини ўзида қўллади сизнингча? Ўтган вақт давомида биз нимада олдинга қадам ташладик, нимани ўзгартирдик?

ЎФФ вице-президенти кабинетида нималар билан машғул бўлишини кимдир биладими? Мен унча билмайман, хатларни қабул қилиб олади ва имзо чекади адашмасам. Уларни ўрганиб чиқиб, жавоблар қайтаради. Хуллас, котибият ишлари билан машғуллиги бор. Аммо ўтган давр давомида футболнинг олдинги силжиши йўлида унинг қандай хизматлари бор? Ҳеч қандай! Бугун у қилаётган ишни исталган одам тадбиқ қилиб чиқиши мумкиндек.

Биз истаётган нарса шуки, минг қулочли одам келмасин, қарорлар ҳеч қачон бир кишигагина тегишли бўлиши керак эмас. Жамоатчилик фикри ўрганилиши, мутахассислар тингланиши ва директорлар кенгашини эслатиб юборадиган бюронинг якдил фикри ўқиб эшиттирилиши чиройли. Ҳаёт шундай, ўша қулочли одам кўрмай қолаётган кичик масала, оддий бир инсоннинг қарашларидан четда қолмаслиги мумкин. Кўпчилик фикрида хатоликлар камроқ бўлади, муҳокама мавжуд камчиликларни очиб ташлайди ва ҳоказо. Токи биз бугунги футбол сиёсати билан давом этар эканмиз, футболнинг эртаси бўлмайди. Агар кимдир ривожланиш фақат терма жамоанинг мундиалга чиқиши билан ўлчанади деб ўйласа, маъзур тутинг, биз сизлар билан эмасмиз. Футболдаги натижа ўз йўлига, биз шаффоф, ҳурматли ва ишончли ташкилот орзусидамиз.

Диёр ИМОМҲЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси 70-сонидан.

1 Фикр "ЎФФ ВА ПФЛ ҚАНДАЙ ИШЛАШИ КЕРАК?"

  1. 1) Футболни вилоятларда ривожлантириш керак, нима учун мухлис кирмайдиган Пахтакор стадионини кенгайтириб замонавий киёфага киритиш керак ким учун, хеч нарсани хал қилмайдигшан ва йул қўйган камчиликлари учун жавоб бермайдиган рахбарлар ёки жонини бериб футбол уйнамайдиган футболчилар учунми, менимча керакмас аризимайди кетадиган ҳаражатларга, ундан кура шу пулни Хоразм, Коракалпогистонда иккита кичикрок Жиззах, Самарқандигидек стадион курсин. Ҳар уйинга камида Обод-Сугдиёна ўйини каби 174 та, Пахтакор мезмонбилигидаги ўйинлардаги 1500-2500 лар чамаси эмас камида 5.000-8000 мухлик киради хар бир чипта 5000 сумдан сотилса 25.000.000-40.000.000 сум бўлади.
    Чиптадан тушган пул футболчиларни ўйинига қараб раҳбатлантириш, мураббий ва ишчиларни ойликларига сарфланса бўлади.

    2) бир пайтлари бундан 18-20 йилллар олдин Хайрулла Хамидовнинг вилоятлардаги футбол мактаб интернатлари шарт-шароитлари ҳақидаги кўрсатувларини телевизор орқали кўрганимни эслайман, ҳозир ҳам Диёр Имомхўжаев, Хайрулла Хамидовлардан шундай кўрсатувларни реал ҳолатда масалан хеч ким, хеч қайси рахбарларга айтмасдан туманлардаги футбол мактабига бориб шарт-шароитлар, стадионлари ҳолатини аниқ ҳолати бўйича курсатув тайёрлашлари, иккинчи лига ўйинларини ўтказилиши уларга ажратилган стадионларни оммага кўрсатсалар яхши бўларди кеийн ушбу ҳолатларга муносабат билдирилиб аниқланган камчиликлар бартараф этилармиди.
    Афсус билан айтаман илгариги МХСК стадион энг зўр кўринишдаги ихчам қулай Тошкент шахри учун етарли даражадаги стадион эди, мен Тошкентда ўқиб юрганимда у ердаги хар бир ўйинга мухлис сифатида ташриф буюрганман, Тайёр стадионни бузиб ташлаб ўрнига янги қуришди ундан кўра шу стадонни бузмасдан бошқа бўш ердан қуриш керак эдими, ёки Бунёдкор стадионни Самарқандда бунёд этиш керак эдими деб халигача ўйлай ман сабаби Тошкентга керак эмас ундай стадион 35000 одам учун қурилган стадионга 3500 мухлис кирмаса нима керак ортиқча маблағ сарфлаб.
    Масалан: биринчи лигадаги Банкчиларни камандаси NBU-OSIYO кимга керак, футболчилар ким учун ўйнайди, уларни ютуғи кимга керак, футболчи гол урганда хурсанд бўлиб бақирадиган мухлиси бўлмаса, футбол мухлислар учун бўладиган бўлса футболни мухлисларга беринглар, ўша давлатнинг банки ажратаётган пулни Тошкентдаги камандага эмас Қора қалпоғистон, Сурхондарё, Хоразмдаги ўзларига маъқул жамоага ажратсин, қанча футбол мухлиси хурсанд бўлади, футбол кўргани фараз қилинг термиздаги ўйинга 10.000 мухлис киради, ёки бўлмаса Локаматив футболчиларни таниш билишлари, фарм-клуб аъзоларидан бошқа уйи яқин атрофда бўлган фуқаролардан бошқа ким вақт ажратиб футболга киради, агарда Локаматив хомийси давлат ихтиёридаги Ўзбекистон Темир йўлларини АЖ Сирдарё вилоятига футбол клубига хомийлик қилса Гулистондаги ўйинга 10.000 дан ортиқ мухлис хар ўйинга ташриф буюради. Қийин эмаски Локаматив клубини хомийларига битта буйруқ бериб, сенлар Гулистондаги камандаги хомийлик қиласан хохласанг Гулистон номини Темирйўлчи қилиб ўзгартир деса аввало мухлислар учун футбол берилади, стадионга мухлис киради, хеч нарса йўқотилмайди, хохласа Лакаматив хориж жамоалари билан ўйинни Тошкентдаги мухлис кирмайдиган ўйингохида ўтказаверади. менимча мухлис кирмайдиган стадионда ўйнагандан кўра мухлис тўладиган Гулистон ўйингохини ўзлари хам афзал кўриб қоладилар.
    Юқоридаги 2 таклифим бўйича ишлар куриб чиқилгандан кейин футболчилар хам уялади қандай қилиб, мен стадион тўла мухлис олдида жон бериб ўйнамайман ахир мени қанчадан қанча қариндошларим, синфдош ёки ўртоқларим стадионда кўриб туришган бўлсачи деган ўй миясига урилади ва орият учун хам ўйнайди, (Сурия футболчилари орият, номус ва хеч бўлмаса уруш ўчоғидаги халқини хурматини қилгандек)

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*