ТЎЙ

Бошинг тўйдан чиқмасин, деб қилинадиган дуо бошқа халқда бўлмаса керак. Тўйга етказсин, дейди отахонлар. Лекин тўй ҳам ҳар хил бўлади. Оддий, кичкина тўй, миллат тўйи… Миллат тўйининг юки оғирроқ, албатта. Бугун ана шундай тўй куни. Ўзбекистон терма жамоаси бир йўла икки катта байрам олдидан Хитойда дунёнинг энг кўп аҳолиси яшайдиган диёр билан баҳс олиб боради. Миллатни тўйга чорлашмоқда улар. Мустақиллик айёми ва Қурбон ҳа-йитидан бир кун олдин совға тайёрлашлари кераклиги борасида жар солиб ҳаммани чорлаб бўлишди улар.

Тўй ўтказган одамга қирқ йил тегма, дейишади яна. Чунки тўйнинг заҳматини бу халқ яхши билади. Одамларни бир кунлик маросимга йиғиш учун йиллаб меҳнат қилиш керак, тер тўкилади. Уялиб қолмай деб, кечани кеча демай, кундузни кундуз демай ишлайди тўй эгаси. Икки соатда ўтиб кетадиган тўй учун умрининг энг гуллаган дамларини сарфлаб юборади.

Бугунги тўй ҳам аслида шундай бўлиши керак… эди. Терма жамоамизга масъул шахслар бу санага келгунга қадар тинмасдан тер тўкишлари, турли жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишлари, термага лойиқ йигитларни саралаш учун катта кўламда иш олиб боришлари керак эди. Лекин кўрдик, тўй белгиланган, унга таклифномалар чиқарилган бўлишига қарамай, уларнинг хатти-ҳаракатлари шунга лойиқ кечмади. Аниқроғи, масъулларимизни бозорга чиқиб катта бозорлик қилиб келишганини кўрмадик, зотан шунча одамни кутиб олиш ўзи бўлмас. Хонадоннинг ички ва ташқи томони «ремонт» қилингани ҳақида ҳам эшитмадик. Бизга кўрсатмай шу ишларни амалга оширган бўлишмаса, кўзларимиз билан тўй тараддудини сезмадик бу хонадонда.

Тўй белгиланган санага ҳам етиб келдик…

Энди тўпланишиб ана шу тўйга кетяпмиз. Тўй эгасининг санани кутишдан бошқа иш қилмаганини билсак-да, тўйхонада недир мўъжиза рўй беришига ишониб кетяпмиз. Тавонхонада яшириб қўйилган ва олдинги хонадон эгаларидан қолиб кетган нималардир бор, деган гумонда боряпмиз ўша томонга. Тўй бўлаётган хонадоннинг ёш болалари чиройли ўйин-кулгилар қилиб беришса, хурсанд бўлиб қайтармиз, деган гумонда қадамларимиз тезлашяпти. Ё ҳеч кимга билдирмай, ҳовлининг орқа томонидаги эшикдан чиқиб келиб, бозорлик қилингандир балки, деган яхши ўй билан дарвоза олдига ҳам етиб келдик.

Тўйхона эгасидан бўладиган меҳмондорчиликка умидимиз у қадар катта эмас, бироқ тўйни ўтказиш учун-да тўйхона сари одимлашимиз керак-ку барибир. Тўйхона эгаси бебурд бўлса, албатта, унга чақирилган меҳмонлар ҳам унга ўхшашлари шарт деган қоида ёзилмаган-ку…

Тўйга чақирилган одамларни содда деб ўйламанг. Улар ҳозир чақирилган хонадонга кириб боришади ва ТЎЙ талаб қилишади. Тўй эгалари агар ёлғон ишлатган бўлишса, бу кеча азага айланиши мумкинлигини-да ҳамма сезиб турибди. Лекин барибир, юқоридаги умидлар билан ҳозирда ҳамма индамай турган бўлса, ажаб эмас. Миллат жамоасини ич-ичдан суяжаклари учун ҳам чидаб туришган бўлса керак мухлислар.

Бу мухлис халқи ҳеч қаерда топилмайдиган халқ-да.  Ўзбекистонда яшаётган бу ишқибозлар Барселонада яшаётган мухлисдан бахтлироқдир, ишонаверинг! Нимага деб бақрайиб қолдингизми, бўлмаса, тушунтираман – Испаниядаги мухлис нари борса икки жамоага мухлислик қилади, Испания терма жамоасига ва “Барселона”га. Мадридда яшайдиган мухлис эса “Барса”нинг ўрнига “Реал”ни яхши кўради. Ана шунақа. Ўзбекистонликлар эса “Пахтакор”га мухлислик қилишади, “Бунёдкор”ни олқишлашади, “Нефтчи”нинг ғалабасидан шодланишади ва испаниялик ишқибоз сингари ё “Барселона”га мухлислик қилади ва ё “Реал”га. Қаранг, бизда мухлислик қилиш имконияти кенгроқ. Тағин, баъзиларимиз бор, шунга қўшиб Англиянинг “МЮ”сини ҳам яхши кўрворамиз. Италиянинг “Ювентус”ига, “Милан”ига бир йўла ишқибозчилик қилишга ҳам қурбимиз етади. Ота-боболаримиз серфарзанд бўлишган, биз уларнинг йўлидан ортда қолмаган ҳолда сержамоа бўлишга интиламиз (Серфарзанд бўлишганига бошқа “сер”ни айтиб ўтмадим, мақоламни уйдагилар ўқиб қолишлари мумкин!!!). Хуллас, барибир испанияликлар бизга ҳасад қилишса бўлаверади.

Мессини зўр дегани билан унинг жавдираган кўзларидан кўра Аҳмедовнинг нигоҳини устун қўйишга одатланишган улар. Роналдунинг финтларига ошуфта бўлмасдан, Серверимиз жарима тўпларини муваффақиятли тепишни бошлаганидан шод улар. Де Хеанинг сейвларини ҳавас учун кўриб қўйишар, илло Лобановнинг ҳолатини томоша қилаётганда қўлларида турган пиёлани отиб юборишлари ҳам мумкин. Чунки бу яхши кўришлар орасида ер билан осмончалик фарқ бор.

Тўйдан олдин маслаҳат ошига кира олмади бу мухлислар. Лекин араз уч кунга чўзилмади. Яна мухлисликка қайтиб, ҳамма ишларини йиғиштириб ташлашди бугун. Миллий терма жамоамиз биргина ўртоқлик ўйини ўтказиб, Хитойга қарши тайёрланганини эшитиб-да ишонишдан, мўъжиза рўй беришига умид боғлашдан нарига ўтмаётган мухлислар эшикнинг ёнида туришибди, жаноб Бабаян!

Ўйлаб қарасам, барибир шу биргина ўртоқлик ўйини ҳақидаги хабар топ-клубларнинг ўйинидан-да муҳимроқ, кучлироқ хабар экан. Чунки “МЮ” ва “Барса”нинг мухлислари Европада ҳам топилар – мабодо биз мухлислик қилмасак, ўшалар билан бўшлиқ тўлади. Аммо бизнинг терма жамоани биз яхши кўришимиз шарт. Бу бўшлиқни ҳеч ким тўлдира олмайди. Патрик Клюйвертга тегишли ажойиб иқтибос бор, ўша эсимга тушиб қолди: «Мен учун “Барса” таркибида киритган энг чиройли голим Голландия терма жамоаси учун қўлимда урган энг хунук голимга ҳам тенг эмас. Чунки буниси ватаним ҳисобига ёзилган!»

Бу гап тўйхонага кираётган меҳмонларга тегишли эмас, соат 17:00 да майдонга тушиб келажак футболчиларга тегишлидир. Эй йигитлар, ўзингиз танланг – миллат тўйидан бир кун олдинги кунни ё тўй қиласиз, ё…

Хайрулла ҲАМИДОВ

Фикрлар "ТЎЙ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*