ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: МУНОСИБ БЎЛ, ТЕРМА ЖАМОА!

uzb-milliy

 Ватан ва ҳокимият тушунчалари ҳақида кўп ёзганман. Биринчиси ягона, уни танлаш имконияти бизга тақдим этилмаган. Қаерда туғилишимиз, бизни ким дунёга келтириши олдиндан белгилаб қўйилган. Балки шунинг учун бўлса керак, ватан ва онага бўлган меҳримиз бўлакча. Ҳокимият эса келиб-кетадиган ва узлуксиз алмашиниб турадиган нимарса.

Кўп ҳолларда ватанга хизмат ёки садоқатни ҳокимият тушунчаси билан қориштиришга ҳаракат қилинган. Бу алоҳида мавзу. Мен ҳозир юқоридагиларга бироз ўхшаб кетадиган бошқа жиҳатга тўхталишни истардим. Бу сиз-у биз севиб томоша қиладиган футбол билан боғлиқ ҳолат.

Мен футболни яхши кўраман. Уни ким бошқаради, ким ўйнайди, ким назорат қилади муҳим эмас. У менга шунчаки ёқади. Тўп тепиш, қизиқарли футбол учрашувларини томоша қилиш, хуллас, яшил майдон билан боғлиқ бир қатор жараёнлар мен учун қизиқ. У ҳаётимнинг бир қисмига аллақачон айланиб бўлган. Мана энди тасаввур қилинг, ватаним футболи қанчалар қадрли. Унинг юксакларга парвоз қилишини ич-ичимдан истайман. Англия ёки Испания даражасидаги ўйинларни водий ёки воҳадан топа олишни хоҳлайман, худди сиз каби.

Футбол оламидаги танқидий чиқишларим уни бошқараётган ҳокимиятга нисбатан бўлгани рост. Бунда мен аниқ бир киши номини тилга олмоқчи эмасман. Унинг лавозимларида ишлаётган кўпгина инсонлар ўз ишини профессионал бажаради деб ўйламаганим учун шундай бўлиб чиқади. Аммо бу ҳар қандай вазиятда ҳам миллий терма жамоа учун мухлислик қилишимга ҳалал бермайди. Ўша жамоа меники, сизники, ҳаммамизники.

Ҳозир миллийчиларимиз жуда қийин паллада турибди. Бир ҳафта ичидаги икки беллашув уларга бўлган меҳрни ҳам, нафратни ҳам ошириб юборишга қодир. Хитой ва Жанубий Кореяни мағлуб этиб Россияга боришимиз ҳам, очколарни бой бериб, одатдаги каби тарвузимиз қўлимиздан тушиши ҳам мумкин.

Мен ҳар икки вазиятга ҳам ўзимни руҳан тайёрлай олдим, деб ўйлайман. Айни вақтда футболчиларимизни жиддий танқид қилишларини истамасдим. Агар уларга ишонмасак, ўйинларини умуман кўрмай қўя қолганимиз яхши. Ишонч бўлгани учун ҳам Хитой ва Жанубий Кореяга қарши беллашувлар олдидан экран қаршисига михланиб оламиз, шундай эмасми? Ўйиннинг бориши биз кутган сценарий асосида бўлмаса, ТВни ўчириб қўядиганлар ҳам топилади. Мен ҳар қандай ҳолатда ҳар ҳар икки беллашувни тўлиқ томоша қилишни ва футболчиларни ғойибона қўллаб туришни истайман. Зеро бунгача бўлган ишларда фақатгина уларни айблай олмайман.

Ҳа, Самвел Бабаян мен учун ҳеч ким. Ҳатто Жаҳон чемпионатига йўл олган тақдирида ҳам унга бўлган муносабатимда заррача ўзгариш кутмайман. Аммо гап футболчиларда қолса, уларнинг ҳаммасига мухлислик қиламан. Ўша Лабановидан тортиб, Сергеевига қадар. Чунки ишонаман, улар ҳам ич-ичидан фақат ғалабани истаб майдонга тушади. Ўзини кўрсатишни истамайдиган кимдир бор эканига шубҳа билан қарайман. Шунчаки улар ҳам қўлидан келганини қилади, ортиғига қодир эмас.

Агар биз уларни, умуман футболни ўзгартиришни истасак, футболчиларни ҳақорат қилиб ёки яккалаб бир нимага эришмаймиз. Бу худди ўша ҳокимият тушунчасига ўхшаш нарсаки, футболни таг-туги билан тозалаб, уни диёнатли одамлар қўлига топширмас эканмиз, биримиз икки бўлмай юраверамиз, бошқа чора йўқ.

Менга ҳар сафар футболчилар икки ўт орасида қолиб кетаётгандек туюлмоқда. Бир тарафдан мухлисларга ёқадиган футбол кўрсатиши керак, уларнинг нафратига йўлиқмаслик чораларини кўриш, уларнинг меҳрини, кўнглини олиш учун жавлон уриши шарт. Бошқа томондан эса мураббийлар штабининг буйруғига бўйсунишга маҳкум. Мен уларнинг ҳаммасига ҳам Бабаян ўйин услуби ёқса керак демаган бўлардим, балки адашаётгандирман. Нима бўлганида ҳам шундай қийин вазиятда мен футболчилар томонида бўлишни истайман. Мухлисларимизни ҳам уларни қўллаб-қувватлашга чақираман. ЖЧ—2018 йўлланмаси қўлга киритиладими ёки йўқ — аҳамиятсиз. Чунки футболимизнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, ўзимизни мундиал учун муносиб деб ҳисобламайман. Бироқ яқин йиллар ичида муносиблар қаторига чиқиб олишимиз учун курашишимиз шарт, бунинг учун бирлашмоқ керак. Бунинг учун янги давр, янги одамлар, янги ғоялар лозим. Эскилари ва амалдагилари энди бир нимани ўзгартира олмайди.

Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларда фақат ва фақат муносиб футбол кутаман. Эронга қарши учрашувда биз рақибга қарши ҳеч нарса қила олмадик. Буни футбол дейишнинг ўзи қийин эди. Қайсидир маънода бунда бизнинг ҳам айбимиз бор, бирлашмадик, футболчиларни яккалаб қўйдик, улар бизнинг меҳримизни балки камроқ ҳис қилди. Ҳозир вазият шундай — ҳеч нарса йўқотилмаган. Жилла қурса бўлажак икки беллашувда футболчилар бор кучи билан ҳаракат қилиб, мухлислар дардига дармон бўла олса, шуниси кифоя. Бу ҳар қалай умуман ўйнамай туриб, дарди дарё томошабинлар устидан кулишдан минг марта афзал. Олға йигитлар, олға Ўзбекистон!

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: МУНОСИБ БЎЛ, ТЕРМА ЖАМОА!"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*