ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ФУТБОЛ ВА САЁҲАТ

diyormadrid

10 кун давомида Европа бўйлаб саёҳатда бўлиш насиб қилди ва бунинг ичида икки “Эл-Класико”га гувоҳ бўлдик. “Камп Ноу”да ҳам, “Сантьяго Бернабеу”да ҳам “Реал” ишончли ғалабаларни қўлга киритгач, мадридликларга мухлислик қилувчилар Испанияга кўпроқ бориб туришимиз кераклиги ҳақида ҳазил қила бошлашди.

Бу албатта яхши ният. Ҳақиқий футбол спектаклларини жонли кўришга ҳар доим тайёр турасан киши. Бироқ мен “Эл-Класико”да жиддий қарама-қаршилик кутгандим. Неймарнинг сафар арафасида кетиб қолиши, Роналдуга қизил карточка кўрсатилиши, “Барселона”нинг очиқчасига ожиз қолиши фақатгина бир тарафни хурсанд қилди. Шерикларим орасида “Реал”га мухлислик қилувчилар кўпроқ бўлгани, байрамнинг қуюқроқ бўлишига олиб келгани рост. Бироқ ҳақиқий футбол мухлиси учун кескин кураш барибир яхшироқ. Буни ўша “Реал” мухлисларининг ўзлари ҳам тан олди.

Европага сафар бир қатор янгиликлар қилишимизга ёрдам берди. Кўрдикки, Ўзбекистонда Мадрид ёки Барселонани бир қадам деб биладиган мухлислар талайгина. Улар “Эл-Класико”ни кўриш баҳонасида Европа бўйлаб саёҳат ҳам қилиб айтишади. Ёки аксинча, асосий мақсадлари саёҳат бўлса, уни “Эл-Класико” саналарига тўғирлаб қўйишади. Ҳар ҳолда бу бир ўқ билан икки қуённи уриш дегани.

Биз билан Испанияга ташриф буюрган мухлислар энди Англияда футбол учрашувларини бевосита стадиондан кузатиш истаклари борлиги ҳақида айтди. Франкфурт, Барселона, Мадрид, Париждаги саргузаштлар уларда илиқ таассурот қолдирганди. Шу боисдан эндиликда туманли Альбион сари ҳаракат бошланди дейишимиз мумкин. Бунда футбол мухлислари Тошкент—Лондон рейси орқали парвоз қилиб, “Челси”, “Арсенал”, “Тоттенҳэм” каби футбол клубларининг уй стадионига ташриф буюриши, “Уэмбли” саёҳатида бўлиши, кейинроқ Манчестерга бориб, “Сити” ва “Юнайтед” стадионлари билан танишиши, йўл-йўлакай Ливерпулга кириб, “Эвертон” ҳамда “Ливерпуль”нинг жаҳонга машҳур ареналарида бўлиш имкониятини қўлга киритади. Шунингдек, Ла-Маншга энг яқин бўлган Саутгемптон саёҳатида бўлиш ҳам режага киритилган.

Бунинг ичида икки ёки уч футбол учрашувини жонли томоша қилиниши ҳам катта эҳтимол. Айтайлик, “Эмирейтс”, “Олд Траффорд” ёки “Энфилд”да футбол кўриш кўплаб мухлисларнинг орзуси бўлиши мумкин. Azimut Travel буни инобатга олиб, футбол мухлисларининг кўнглига манзур келадиган футбол саёҳатларини амалга оширишни ният қилган.

Олдинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги сафар учрашувларини ҳам бевосита стадиондан туриб кузатиш имкониятини тақдим этувчи саёҳатларни ташкил қилиш режалаштирилган.
Яқин-яқингача ҳам Европа бўйлаб турнеда иштирок этиш эришиш жуда қийин орзудек бўлиб кўринарди. Ортда қолган 10 кун эса ҳозир худди тушга ўхшайди. Саёҳат давомида кўплаб футбол мухлисларимиздан #tour_de_clasico саёҳатида иштирок этиш шартлари қандай экани, улар бундан бехабар қолганлари ҳақида мактублар келди. Улар орасида аллақачон Европа учун визаси бўлган, шунчаки сафарга қўшилиб олишни ният қилганлар ҳам топилди. “Сантьяго Бернабеу” ва “Камп Ноу”да Ўзбекистон байроғини елкага ташлаб юрганимизда, бир қатор ўзбекистонлик саёҳатчилар келиб кўришди, танишди. Кўриниб турибдики, истовчилар кўп, шунчаки уларнинг ҳаммаси ҳам тил билмайди, виза масаласида нималарга риоя қилиш кераклиги борасида маълмотга эга эмас. Мана шундай бир пайтда соҳа мутахассислари мухлисларга ёрдам қўлини чўзиши мумкин.

 Олдинда янада қизиқарли сайҳатларни амалга ошириш режалаштирилган:
Англия (Лондон—Манчестер—Ливерпуль—Саутгемптон)
Германия—Испания (Франкфурт—Барселона—Виго—Мадрид—Малага—Франкфурт)
Италия—Испания (Милан—Рим—Турин—Барселона—Мадрид—Милан)
Франция—Испания (Париж—Барселона—Мадрид—Монако—Париж)
Европа (Франкфурт—Париж—Барселона—Мадрид—Монако—Милан)

Бунда фақатгина номлари келтирилган шаҳарларда бўлибгина қолмай, уларда жойлашган машҳур стадионларда сайр қилиш, футбол учрашувларини жонли кузатиш имконияти яратилиши мумкин. Яқин йиллар ичида бундай сафарлар учун кетадиган ҳаражат ҳажми янада қисқариши катта эҳтимол. Шу ўринда футбол мухлисларига бир жиҳатни айтишни истардим — тил ўрганишни канда қилманг. Сафар давомида инглиз тилида бемалол мулоқот қила оладиган инсонларга умуман қийинчилик йўқ. Улар учун алоҳида гид ҳам шарт эмас. Аммо тил билмайдиган мухлисларимизда табиийки, қийинчиликлар бўлади. Улар Тошкентга битта мақсад — тил ўрганишни ният қилиб қайтиб келишди.

Диёр Имомхўжаев, «Эрудит Спорт» газетаси.

Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ФУТБОЛ ВА САЁҲАТ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*