«УСТИМИЗДАН КУЛИШЛАРИГА ЙЎЛ ҚЎЙИБ БЕРДИК» ЁХУД «НЕФТЧИ» МУАММОСИ КИМ ЁКИ НИМАДА?

Abramov-Kapadze

«Нефтчи» ўйинларига гувоҳ бўларканман, ўтмиши буюк, бугуни аянчли аҳволда бўлган Фарғона жамоасига ачиндим. Ўзбекистоннинг 5 карра чемпиони, 9 карра вице-чемпионининг ҳозирда Олий Лиганинг 15-ўринидан жой олиб турганлиги нафақат фарғоналик мухлислар, балки ўзбек футболи ихлосмандларининг дилини хира қилиши табиий. Хўш, муаммо аслида қаерда ва натижалар яхшиланиши учун яна қанча вақт керак?

ФЁДОРОВ

Андрей Фёдоров ўтган йиллар давомида Фарғонада яхши фаолият юритган бўлсада, бу йил «Нефтчи» муаммоларига «пойдевор» қўйиб кетган шахсга айланди. Бош мураббий йил бошида «Нефтчи» билан Туркияда йиғин ўтказиб, таркибни легионерлар билан бойитган бўлсада, дастлабки уч ой тайёргарлик ва таркиб борасида Федоров жиддий хатоларга йўл қўйганлигини кўрсатди. «Нефтчи» узоқ вақт ғалаба нималигини билмай, аутсайдерлар сафини тарк этмади. Натижа йўқми, бош мураббий алмаштирилиши футболимиз учун одатий ҳол. Энг қизиғи, Андрей Фёдоров «Нефтчи»даги сўнгги ўйинида Тошкентда «Локомотив»га 4:0 ҳисобида мағлуб бўлиб, Фарғонани тарк этгач, унинг янги иш жойи пешқадам «Локомотив» клуби бўлди.

АБРАМОВ

Биринчи давранинг 12-туридан кейин «Нефтчи»ни Вадим Абрамов қўлга олгач, водийлик мухлислар терма жамоа собиқ устозининг Фарғона футболи мавқеини тиклашидан умидвор бўлиб, қувонишганди. Дебют баҳсда Абрамов жамоаси Фарғонада «Динамо»га мағлуб бўлгач, мураббийнинг сеҳргар эмаслиги янграганди. Шундан кейин ҳам «Машъал», «Металлург», «Шўртан»га қарши баҳсларда ҳам муваффақиятсизлик давом этиши омадсизлик билан боғланаверди. «Пахтакор»га 6:0 ҳисобидаги мағлубият эса жамоа юзига тортилган тарсаки мисоли таъсир қилди. «Навбаҳор» билан дурангдан кейин, «Қўқон-1912»га мағлуб бўлиши эса инқироз давом этишини англатарди.

«Футболчилар шунчаки футбол ўйнашдан қўрқишади. Фақат дарвозабон кўпроқ тўп узатишларни амалга оширди. У майдонда марказий ҳимоячидек ҳаракат қилди. Майдонда ундан бошқа ҳимоячи кўрмадим. Бугун жамоа жуда ёмон ўйнади. Мансур Саидовни нега алмаштирдим? Чунки у бирорта тўғри тўп узатишни амалга ошира олмади. Тажрибали, етакчи футболчи жамоадошларини ўз ортидан эргаштириш ўрнига кетма-кет хатоларга йўл қўйди. Фарғоналик мухлислардан ушбу шармандали мағлубият учун узр сўрайман. Биз антирекордларни қайд этишда давом этяпмиз. «Нефтчи» ҳали ўз тарихида «Пахтакор»га бу каби шармандали ютқазмаган. Бугун устимиздан кулишларига йўл қўйиб бердик. «Пахтакор»га биз каби кучсиз жамоалар қаршилик қилмайди энди» — дея фикр билдирганди «Пахтакор» билан ўйиндан кейин Абрамов.

Карленовичнинг фикрларини ўқиб савол туғилади: ўйинда футболчиларни қўрқмасликка, ҳимоячиларни барқарор ўйин кўрсатишга, «Нефтчи» устидан кулмасликка йўл бермаслик унинг иши эмасмиди? Давралар оралиғида «Нефтчи»нинг 6 нафар футболчисига жавоб бериб, янги 8 футболчи олиб келган мураббий жамоаси ўйинига жавобгар эмасми? Албатта, ҳали олдинда ўйинлар бор, аммо бу кетишда жамоа чинданам антирекордларни янгилашда давом этамайдими?

ota-bollar

КАПАДЗЕ

Юрий Саркисян «Нефтчи»ни тарк этгач, Тоҳир Кападзе Фарғона футболидаги муҳим шахслардан бирига айланганди. Айнан унинг бошчилигида «Нефтчи» дастлаб кучли бешликдан жой олган бўлсада, кейинчалик натижалар пасаяверди. «Нефтчи»ни тарк этиб, «Қўқон-1912», Фарғона Футбол Федерацияларида фаолият юритиб келган тажрибали мутахассис жорий йилдан яна «Нефтчи» раисига айланди. Айнан Кападзенинг таклифига биноан Абрамов «Нефтчи» бош мураббийига айланди. Тажрибали мутахассисларда давралар оралиғида «Нефтчи»да ижобий ўзгариш қилиш учун етарлича вақт бўлганди, аммо натижалар салбий кўринишдан бошқа рангга ўзгармаяпти.

ФУТБОЛЧИЛАР

«Нефтчи» чемпионликка эришиб юрган пайтларда жамоанинг энг катта ютуғи маҳаллий ёшларига ишонч билдиришида, деб айтиларди. Бунда Юрий Саркисяннинг хизмати катта бўлганлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Вазгеновичдан кейин эса жамоа ўз тарбияланувчилардан кўра, номларга ишона бошлади. Биргина ушбу мавсумни оладиган бўлсак, йил бошида клубнинг Туркиядаги йиғинидан кейин Фёдоров 8 нафар янги футболчи таклиф этган бўлса, иккинчи даврада Абрамов уларнинг 6 нафари билан амалдаги шартнома бекор қилдирди. Бу Федоров селекцияда жиддий хато қилганлиги билан боғлиқми ёки Абрамовга бу футболчилар ёқмаганми, айтиш қийин. Шуниси аниқки, клуб легионерлар ва қолган футболчилар учун катта харажат қилган бўлсада, ҳаракатларнинг барчаси нолга тенг бўлди.

САРКИСЯН ҚАДРИ

Sarkisyan

26 йиллик фаолияти давомида «Нефтчи» рамзига айланган Юрий Саркисяннинг Фарғона футболидан хунук тарзда кетиши ва ўшандан буён водийнинг бош жамоаси тобора ўз мавқеини йўқотаётганлиги бугунги кунда Саркисяннинг қадрини яққол билинтирмоқда. Фахрий мураббийнинг энди яна «Нефтчи»га ишлашга рози бўлиши даргумон бўлсада, Фарғона клуби раҳбарияти Юрий Вазгеновични Фарғонага чақириб, у билан дўстона алоқаларни тиклаб, чиройли хайрлашишига нима тўсқинлик қилмоқда? Балки шундан кейин «Нефтчи» ўзига келар…

Фарҳод Асламов, «Эрудит Спорт» газетаси.

Фикрлар "«УСТИМИЗДАН КУЛИШЛАРИГА ЙЎЛ ҚЎЙИБ БЕРДИК» ЁХУД «НЕФТЧИ» МУАММОСИ КИМ ЁКИ НИМАДА?"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*