ОДИЛ АҲМEДОВ: «ХИТОЙДА ФУТБОЛ ЭКЗОТИКА ЭМАС»

653519834

Терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов Россиянинг «8 news» интернет сайтига интервью берди. Унда Одил Хитой чемпионати, Шанхайдаги мухлислар ва Халк ҳақида гапирган. Футболчимизнинг айтишича, Хитойдаги фаолияти якунига етгач, Ўзбекистонга қайтиб келади. Бундан ташқари Одил Хитойга Андре Виллаш-Боаш сабаб борганини ҳам айтган.

ВИЛЛАШ-БОАШНИНГ ҚЎНҒИРОҒИ
Албатта мен «Краснодар» баъзасида ўтириб, қачон Хитой чемпионатига ўтаман деб ўйламагандим. Бир куни менга Андре Виллаш-Боаш телефон қилди ва мени «Шанхай»га таклиф қилди. Клубдаги шароитлар, Хитой чемпионати ҳақида гапирди. Бундай юқори даражадаги мураббийнинг шахсан ўзи мени чақирганидан фахрландим. Айнан унинг қўнғироғи ҳаммасини ҳал қилди. Бошқа мураббий бўлганида Хитойга бормаган бўлардим.

«У МEНГА РУСЧАЛАБ КЎРСАТМА БEРАДИ»
АВБда (Андре Виллаш-Боаш) битта фалсафа бор – чемпион бўлиш. Уни жамоада ҳамма яхши кўради. Анчадан буён футболчи ва мураббийлар орасида бунақа ажойиб муносабатни кўрмаган эдим. У ҳеч кимни кўпчилик олдида танқид қилмайди. Кимнингдир хатосини билса, унинг ўзига айтади. Футбол борасида айтадиган бўлсам, Андре кучли мураббий. У ҳар қандай рақибга қарши алоҳида тактика ўйлаб топади. Керак бўлса, тўпни назоарат қиламиз, ёки ёпиқ ўйин қиламиз. Зарур вақтда қарши ҳужумда ўйнаймиз. Мураббийда ҳар бир футболчи учун кўрсатма бор. Унда вариантлар жуда кўп. Виллаш-Боаш профессионал ва кичик нарсаларга ҳам эътибор беради. Биринчи учрашувимиздаёқ бутун жамоа бирга овқатланиши керак эканини айтганди. Ўйиндан олдин автобусда телефондан фойдаланишга рухсат берди. Айнан рухсат берди. Бошқа жамоаларда телефон таъқиқланади. У русча баъзи сўзларни эслаб қолган. Баъзан русча гаплашиб турамиз. Ўйин вақти мураббий русчалаб «Тўрт, уч, уч» ёки «Тўрт, бир, икки» деб қолади. Тушунаманки, у менга мурожаат қиляпти. Натижа учун жуда қайғуради. Сизнингча, «Зенит»да унинг омади келмадими? Мен бундай ўйламайман. Чунки «Зенит» у кетгач атиги учинчи ўринни эгаллади, Андре вақтида эса петербургликлар чемпион бўлишганди.

ХАЛКНИНГ ХИТОЙДАГИ ЎРНИ
«Шанхай»даги биринчи машғулотимга чиқиб келар эканман ўйладим: «Бу ерда тузукроқ маҳаллий футболчилар ҳам борми?». Яхшиям адашган эканман. Маҳаллий футболчилар ҳам анча яхши. Ҳар жамоада 4 5 тадан юқори савиядаги легионер бор ва бу маҳаллий футболчилар ривожланиши учун муҳим. Энг асосийси улар интиладиган футболчилар бор. Масалана Халк. Хитойлик футболчилар ўйинни бузиб қўйишмайди. Кучли футболчилар билан узоқ вақт елкама-елка ўйнаш улар учун дарс. Айтганча, мен Хитой билан Ўзбекистон сафида кўп марта ўйнаганман. Бир марта Осиё чемпионатида улар бизни мағлуб этишганди ва мен ягона голимизни ургандим.

ХИТОЙЛИК ФУТБОЛЧИЛАР
Хитойлик футболчилар жуда оддий ва тўғри йигитлар. Улар билан чиқишиб кетиш рус футболчилари билан чиқишгандан осонроқ. Легионерларга қўйилган чеклов ҳам уалрга таъсир қилмайди. Маҳаллий футболчиларнинг ҳаммаси футбол ўйнашни хоҳлайди. Россияда легионерлар чеклови сабаб барибир майдонга тушишини билган маҳаллий йигитлар бўшашиб ўйнашарди, лекин Хитойда маҳаллий футболчилар ўртасида ҳам рақобат кучли. 5 йилдан кейин Хитой футболида ўсиш сезилади. Бизнинг жамоада маслаҳатларни Халк ёки Оскар эмас, Рикарду Карвальо беради. У ҳақиқий етакчи. Бир вақтлар Этo`О «Анжи»да шундай вазифани бажарарди.

«ХИТОЙДА ФУТБОЛ ЭКЗОТИКА ЭМАС»
«Шанхай»нинг ҳар бир ўйини аншлагга сабаб бўлади. Ўйинимизга 20-25 минг мухлис тушади. Бундай стадионда ўйнаш ёқимли. Тўғри, баъзида еврокубокларни соғинаман, лекин Хитойда футбол ўйнаш зерикарли эмас. Кўчада мухлислар сени танишади, чунку Шанхайда футболни жуда яхши кўришади. Халк жамоага янги келган вақтим менга кўп маслаҳат берган. Умуман олганда Хитойда футбол экзотика эмас.

ҲАКАМЛИК
Хитойда ҳакамлик савияси жуда паст. Бу ерда йўқ нарса учун пенальти беришади, тоза голни инобатга олишмайди. Ҳакамлар билан умуман гаплашмаслик керак. Чунки улар дарров қизил карточка беришади. Балки ҳакамлар «Шанхай» чампион бўлишини хоҳлашмас. Менимча, улар «Гуанжоу» ғолиб бўлишини кўпроқ хоҳлашади.

РОНАЛДУ БИЛАН УЧРАШУВ
Июлда «Гуанжоу» билан ўйинимизга Криштиану Роналду келди. У ўйиндан олдин нутқ сўзлади. Мен уни трибунадан кўрдим. Роналду олдимиздан тез ўтиб кетди, футболчиларни сезгани ҳам йўқ. Кейин қўриқчиларнинг олдига кетди. Расм тушишга имкон бўлмади. Лекин имкон бўлганида албатта тушардим, чунки у дунёнинг энг кучли футболчиси.

«АРСEНАЛ» ВА «НИЦЦА»НИНГ ТАКЛИФИ
2011 йилда «Арсенал»га ўтишим мумкин эди, ахир бундай клубда ўйнашни ким хоҳламайди? Лекин ўшанда «Анжи» билан шартнома имзолагандим. Маҳачқалъаликлар мени қўйиб юборишмади. Икки йил олдин АПЛнинг яна бир жамоасидан таклиф бўлганди, яқинда эса «Ницца»дан. Уларга қарши Европа Лигасида ўйнаган эдим. Балки ўшанда ўйинимга қизиқиб қолишгандир. Лекин французларнинг таклифи «Краснодар»ни қониқтирмаган. Клубдагиларни тушунаман, ахир футболчингизни 500 мингга сотгандан 5 миллионга сотган яхшироқ-ку, тўғрими? Шу сабаб Хитойдан келган таклиф ҳамма учун қулай бўлди, шу жумладан «Краснодар» учун ҳам. Менимча, энди Россияга қайтиб бормайман. «Шанхай»дан кейин Ўзбекистонга қайтаман. Халк ҳам энди Россияга қайтмаса керак.

Аюбхон таржимаси

Фикрлар "ОДИЛ АҲМEДОВ: «ХИТОЙДА ФУТБОЛ ЭКЗОТИКА ЭМАС»"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*