ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ЯРАТГАНГА ШУКУР

diyorrr

Газетанинг доимий ўқувчилари ўтган сондаги “Позитив мақола”га кўз ташлаган бўлсалар керак. Унда август ойи ўзгача келиши мумкинлиги ҳақида ёзгандим.

Бугун шукрона руҳда ёзилган постни тақдим этаман: 12 август куни қиз фарзандли бўлдим. Яқиндагина онам совчиликма-совчилик юришдан чарчаб кетганди. Энди эса ширингина набирасини парвариш қилишни бошлади, етказганига шукр.

Тасодифни қарангки, ўзим Барселонада вақтим қизчам дунёга келди. Футбол журналистикасидаги кичик меҳнатларим самараси ўлароқ Европага чиқиш имконияти пайдо бўлганди. Аёлим оғироёқ, Худо қайси кунни марҳамат қилишини кутиб турганимизда ўзига таваккал қилиб, йўлга чиқдим. Фикр-у хаёлим оилам билан банд, бошқа томондан эса барчамиз севиб томоша қиладиган “Эль-Класико”ни жонли кузатиш имконияти пайдо бўлаётганди. Тўрт кун ичида “Камп Ноу” ва “Сантьяго Бернабеу”да икки мумтоз ўйинни кўриш бахти юзага чиқиб турганди.

Мақола ёзилаётган вақтда Мадридга етиб келгандик. Бунгача “Барселона” ва “Реал” ўртасидаги фантастик ўйин гувоҳига айландик. Бундаги ҳиссиётларни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Роналду ва Месси гол урган кеча, Криштиану Класикода илк бор четлатилган ва ўйин Лионелнинг табассуми билан ниҳоясига етмаган воқелик. Хуллас, барчаси ажойиб. Аммо ҳозиргача фарзандимни бағримга боса олганим йўқ. Мен бу онларни 100 та Класикодан устун кўраман, албатта.

Нима демоқчи эканимни ўтган галги мақолада тушунтира олмагандим. Имкони бўлса, топиб ўқиб кўринг. Бугун балки шунга мушарраф бўларман. Агар инсон тўғри яшашга интилса, рост гапдан қайтмаса ва ўз принципларига содиқ бўлса, гўёки бунинг ажри бордек. Балки мен баландпарвоз гапларни жуда эрта қалаштириб ташлаётгандирман. Ҳали ҳеч нарса қилмадинг-ку деб, гапларимни жиддий қабул ҳам қилмассиз, балки. Бироқ мен чинакамига бахтли инсонман. Жуда бахтлиман! Худо дўст танлашда ҳам, устоз беришда ҳам, орзуларим учун курашишда ҳам ҳеч кимдан кам қилгани йўқ, ўзига шукр. Футболда тутган ўрнимни ҳеч қачон тушуна олган эмасман. Бу соҳадан вақти келиб йўқолиб қолганим билан ҳеч нарса ўзгармайди. Айтшим мумкин бўлгани, унинг атрофида ўзимни бахтиёр ҳис қила олдим. Мана шу кунларни узоқ вақт кутиб, ортда қолган кунларни ичга ютиб, бугун бахтиёрман деб жар сола олдим. Ўз касбингда эришадиган ҳар бир кичик ютуғинг сени тобора бахтиёр қилаверади ва бундан ҳам яхши кунлар ҳали олдинда эканига ишонгинг келади.

Биласизми нима, мен бир нарсадан жуда қўрқаман. Мени шу бахтга раво кўрган Зот, истаса бир кунда боримдан айиришга ҳам қодир. Бундан қочиб қолишга ҳаракат қилиш қанчалик тўғри? Ҳар ким пешонасига ёзганини кўради, дейдиганлар балки ҳақдир, билмадим. Аммо соҳамда ҳаромга аралашиб қолсам, бунинг касри уришидан қўрқаман. Мен қўрққан кунларимдан қочишнинг энг яхши калити деб эса тўғри яшашни биламан. Ўйлашимча, ўтган мақолада шуни айтмоқчи эдим. Уялдим, иймандим, катта кетиб, кейин мум тишлаб қолишдан қўрқдим. Ҳатто ҳозир ҳам ичимда ҳаяжон бор. Худди ҳаммаси туш-у, кимдир келиб уйғотиб юборадигандек.

Биласизми, қизим тасодифлар оғушида қолиб кетди. 12 августни додам Ахбор Имомхўжаев ўзгача байрам қилади. Шу куни у раҳматли ойим билан оила қурганди. Ярим асрдан кўпроқ вақт ўтиб, унинг ўн биринчи эвараси дунёга келди (ўғил томондан олиб қараганда биринчи эвара).

Яна бир тасодиф ўтган мақолада биринчи бўлиб тилга олганим инсон — отам билан боғлиқ. 1992 йил у Нью-Йоркда вақти онамнинг кўзи ёриб, укам Дониёр дунёга келганди. Орадан чорак аср ўтиб, мен хорижда вақтим унинг биринчи набираси туғилди.

Яна бир чиройли тасодиф устозим Хайрулла Ҳамидов билан боғлиқ. Мен у кишидан шундай табрик олдим: “Қутлуғ бўлсин, Диёр! Худди шу кунда 18 йил олдин ман ҳам ота, адамлар дода бўлгандилар. Қойиле…”

Ва охирги тасодиф. Аёлимнинг кўзи ёриши арафасида бувижонисининг тоби йўқ эди. Мен бувижонга ҳавас қилардим. Фарзандлари камолини кўрган ва уларни ажойиб инсонлар қилиб тарбиялаган аёл. Раҳматли ойимга жуда ўхшаб кетардилар. Тасодиф шундай бўлди: 12 август куни уларнинг жони узилди, орадан бир неча соат ўтиб бизнинг Севинч дунёга келди. Ҳаёт чиндан ҳам чархпалак — кимдирнинг ўрнига бошқа кимдир келади.

Ҳа, айтганча, “Соккер клуб”ни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган инсон Икром Юсупов бугун Барселонада истиқомат қилади. Икки йилгина олдин мана шу кўрсатув катта воқеаларга сабаб бўлиб кетганди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, биз бу киши билан Испанияда ўзбекча ош қилиб, байрамни нишонлаётгандик. Минг шукр.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

4 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ЯРАТГАНГА ШУКУР"

  1. Сабрнинг ва шукронанинг мукофотлари булар!

  2. Сабнинг ва шукронанинг мукофотлари булар!

  3. kotta qiz bo`lsin tabriklayman chin dildan Diyorbek

  4. Чиндан хам ажойиб… Хайотимиз тасодифларга бой еканлигига йана бир карра ишонгинг келади… Шукроналик хиси хеч биримизни тарк етмасин Севинчхонни умри билан берган булсин Ижод килишдан хеч хам чарчаманг…

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*