ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВДАН: ЕВРОФУТБОЛДАН ЎЗИМИЗНИНГ ФУТБОЛГА…

eurofut

Якшанбам ўйинларга бой ўтди. Аввал Моуриньонинг ўз анъанасига кўра мавсумни ғолиблик билан бошлаганини кўриб анча кўнглим кўтарилди. Кейин “ПСЖ” иштирокидаги баҳсни томоша қилдим. Неймар мажбур қилди бу томошага. Бразилиялик юлдуз кутганимдек ўйин кўрсатиб берди ва кўнглимни янада кўтарди. Сўнг Италия Суперкубоги намойишини кузатдим.

Оҳ, оҳ, Аппенин ярим оролида яқин орада бу қадар чиройли ва шиддатли ўйин кўрмаган эдим. Мамлакат чемпиони ва кубок соҳиби бўлган “Ювентус” кубок финалида тўқнаш келган рақиби – “Лацио” билан беллашди. Римдаги Олимпико стадионида кечган учрашув сўнгги сонияларигача ҳаммани ушлаб ўтирди ва суперякун тақдим этди. Дибала 0:2 ҳисобида ютқазиб турган жамоасини 86 ва 91-дақиқада ўз голлари билан тенгликка олиб чиққанида, кўпчилик “ана энди Турин янчиб ташлайди” деб тахмин қила бошлади. Йўқ, “Лацио” 95-дақиқада учрашувга катта нуқта қўйди. Чемпион ҳам бўла олмаган, мамлакат кубогини ҳам ололмаган римликлар суперкубок соҳибига айланишди, қалай?!

Менинг якшанбамдаги ҳамма йўллар “Ноу Камп”га олиб борарди. Каталониядаги Класико кутилганидек кутилмаган вазиятларга тўла бўлди. Бунақа сценарийни бошқа ўйинларда топиб бўлмайди: Пике автогол йўлламоқда, Суарес шубҳали пенальти ишламоқда, Месси яна гол урмоқда. Роналду захирадан тушиб, аввал «офсайд»дан тўпни дарвозага киритди (ҳисобга олинмади), ғалаба тўпини киритди ва… либосини а-ля Месси қилиб ечгани учун дастлабки сариғини олди, сўнг пенальти берилиши керак жойда симуляция ишлатган деб топилиб, иккинчи сариқ карточкага лойиқ топилди. Шундан кейин ҳам у тинч кета олмади, ҳакамни туртиб юбориб, кейинги беш ўйинда майдонга тушмайдиган бўлди. Бир кам ўйинчи бўлиб қолган «Қироллик клуби» ўйин охирида учинчи голни ҳам йўллаб, «Камп Ноу»ни сув қуйгандек тинчлантириб қўйди.

Кеча “Сантяго Бернабеу”да қандай натижа қайд этилганидан қатъий назар бу учрашув тарихга кирди. Ажойиб бўлди. Лекин бошқа томондан алам қилди менга. Ажойиб якшанбам ичида ўзбек футболига алоқадор ҳеч нарса йўқ эди. Европа футболи ҳар қанча жозибали бўлмасин, ўзимизнинг футболдаги ҳолатлар юракка яқин тураверар экан.

«Google map» дастурини очсангиз, ер шарининг харитасини кўрасиз. Смартфонни қўлингиз билан юргизиб, катталаштирганингиз сайин харитадаги ўринлар аниқроқ кўрина бошлайди. Ёки самолёт қўнаётган пайтни эсланг: Пастга шўнғиши асносида, узоқдан фақат рангларни ифода этган ер асл бўйича кўринишга тушади. Гўёки қарама қаршилик мавжуддек – қанча тушганингиз сайин ер катталашади!

Бу мисолни футболга менгзайман. Жаҳон Чемпионати энг кучли мусобақа. Ўйинлар шиддатли кўриниш ҳосил қилади. Кимгадир мухлислик қиламиз. Ёнамиз, куямиз, ғалабалардан сакраймиз. Ҳалиги дастурни катталаштиришни бошласак, нигоҳимизда турли мусобақалар акс эта бошлайди. Қитъа чемпионатидан бошлаб мамлакат чемпионатигача, вилоят кубогидан тортиб маҳалла футболига қадар тиниқлашаётган баҳслар гувоҳига айланамиз. Қизиғи, аслида савияси зўрроқ бўлган мусобақалардан кўра шу – катталаштирилиб кўрсатилаётган майда турнирлар кўпроқ эмоция улашаётгандек кўринади. Ғалати-я?!

Ишонмасангиз синаб кўринг. “Уэмбли”га бориб, Англиянинг энг кучли ўйинларини кўринг-да, қишлоғингизга қайтган заҳоти маҳалладошларингизнинг нариги маҳалла йигитлари билан ўйинини чангли стадионда томоша қилинг. Қайси бирида овозингиздан айриласиз, бир синаб кўринг!

80-йиллар. Рио-де Жанейро шаҳри мухлислари ўйинни стадионда томоша қилган бўлсалар ҳам, уйга келиб такрорини ТВда ётволиб кўришар экан. Сабаби, ўша пайтлари маҳаллий чемпионат ўйинларини бразилиялик машҳур футбол шарҳловчиси – Коурадо шарҳлаб борган, унинг оддий ўйинлардаги шарҳи Жаҳон Чемпионати-ю, Қитъа кубокларидан кўра шиддатлироқ ва қизиқарлироқ кечарди. Қизиғи, ушбу шарҳловчи катта мусобақаларда у қадар зўр шарҳламаган. Негалигини эса, ўз чемпионатига бўлган муҳаббати билан изоҳлаган: “Футбол РиодеЖанейро чегарасидан нарига чиқмайди. Чегаранинг у томонида футболга ўхшаш нимадир ўйнайдилар!”

Ҳа, айтишингиз мумкин, у – Бразилия, бизда эса Олий Лига. Қўшиламан. Савиялар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Аммо истаймизми, йўқми, бу бизнинг футбол, ўз уйинг – ўлан-тўшагинг, ўзимизнинг футбол барибир ўзимизники. Уни авайлашга, яхшилашга, кўркамлаштиришга мажбурмиз. У биздан бошқага керакмас. Фақат ўзимизга керак. Фақат ўзимизга!

Демак, яхшилашимиз кераклигига ҳаммамиз иттифоқ қилдик, тўғрими? Олий Лига ўйинлари савияси тушиб кетганлигини, мухлислар, айниқса, пойтахт мухлислари учрашувларга умуман келмай қўйганликлари бор гап. Ўйинлар тақвимидан тортиб, унинг намойиш этилишига қадар жуда кўп муаммолар борлиги кўп бора айтилган, давомий айтилмоқда ҳам. Ҳеч қачон мухлис халқини айблаб бўлмайди. Маҳсулот сифатсиз бўлса, харидорни айблаш ноўрин. Аммо… Ўз футболимиз масаласида “аммо”ни ишлатишга мажбурман.

Мен футболдаги ҳолатни икки қўлдан чиққан қарсга ўхшатаман. Кўпчилик шу мақолни бир хил тушунаркан – қарсак овозини чиқариш учун икки қўл ўртада кўришиши керак, деган фикр бор. Йўқ, менимча, ўнг қўл ҳаракатсиз турган чап қўлгача етиб келиб ҳам қарсак овозини чиқариши мумкин. Ҳозирда Олий Лигамиз ўйинлари ҳаракатсиз қўл вазифасини бажармоқда, десак, мухлислар бу “қўл”нинг ўртароққа келишини, ўшандагина қарсак чалиш учун йўлга тушажакларини “изҳор” қилаётгандек чамамда. Аслида эса, оқсаётган футболни мутасаддилардан кўра мухлислар кўпроқ қутқариб қолишлари мумкин. (Мутасаддиларнинг қутқаришларига ишонмай ҳам қўйдим).

Футзалчиларимизнинг ажойиб натижаларида энг катта улуш Мендезда дейишганди. Адашадилар. Асосий ёрдам мухлислардан бўлди. Умрида стадион тўла манзарани кўрмаган йигитлар лиқ тўла ўйингоҳда фантастик ўйин кўрсатиб юборишди. Эрон билан қўрқмай ўйнадилар. Биринчи марта. Иложсиз ишлар кўпинча мухлислар қаршисида амалга оширилади, деганди бразилиялик Роналдо.

1995 йили Ўзбекистон терма жамоаси ўша даврларнинг афсонаси бўлган Нигерияни юз мингга яқин мухлис қаршисида кутиб олгани ҳамон ёдимда. Қосимовнинг фантастик голи ҳам, бўйи икки метр хабашлардан баландроқ сакраб тўпни боши билан дарвозага йўллаган Фёдоровнинг голи ҳам аслида ўша кунги мухлисларнинг далдаси туфайли эди.

Майли, бу ўтмиш, дерсиз. Яқинда, ўтган йили Шимолий Кореяни қарши олганимизни эсланг. Қандай ўйнаб юборишди йигитлар, эсингизга тушдими?! Мен ўша пайтда Шимолий Кореянинг ҳам биринчи тур ғалабаси омилини тушунгандек бўлдим. Мухлислар далдаси!

Терма жамоамизнинг ўртоқлик ўйинига яқин қолди, азизлар! Шунингдек, олий лигамизда иккинчи давра ўйинлари бошланди. Тўғри, бу фантастик “Реал” ё “Барса” эмас. Сизни алламбало сўзлар билан жалб қилайлик, десак, бунда жарангдор номлар ҳам йўқ. Рекламага эҳтиёж сезмайдиган АПЛ ҳам эмаски, жамоаларнинг анонси биланоқ вужудингизга титроқ юборсак. Афсус, бу ўта оддий, ҳатто мавсум охирида нималар бўлишини кўпинча олдиндан биладиганимиз – ўзимизнинг ғариб чемпионатимиз. Бу ғариб чемпионатимиз менимча, тизим ўзгариши ва футболга молия киришидан кўра мухлисларига эҳтиёжмандроқ. Бу ғариб олий лигамизни безаши мумкин бўлган ягона далда, фақатгина ишқибозлар, менимча.

Тўғри, бошида ёқмаслиги мумкин.  Лекин трибуналарда бўш ўриндиқларнинг камайиши билан футболчиларнинг савияси ҳам ошади. Ишонаверинг. Ғирромликлар, келишилган ўйинлар, ҳакамларнинг савиясиз бошқаруви, одам кўпайгани сайин йўқолиши мумкин. Туркия чемпионатида 80-йиллар охирида худди шундоқ ҳолат бўлган. Ҳалигача мутахассислар, туркларнинг миллий чемпионатини мухлислар қутқариб қолишган, деб юришади. Келинг, бизда ҳам йигирма йиллар ўтиб, қаламкашлар йигирма йил олдинги “халоскорлар” ҳақида гапириб юришсин!

Дарвоқе, ўйинлар шиддатли бўлиб турганида, жамоаларимиз ажойиб ўйинлар кўрсатиб туришганида, стадионга селдек оқиб боришни ҳамма эплайди. Мен айтаётган ишлар эса қаҳрамонлик талаб қилади. Эль Класико ўтган ҳафтада ўзбек футболини ўйлагим келди негадир, хафа бўлмайсизлар!

Хайрулла ҲАМИДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

4 Фикрлар "ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВДАН: ЕВРОФУТБОЛДАН ЎЗИМИЗНИНГ ФУТБОЛГА…"

  1. stadionga borishga juda qiziqaman lekin har safar 0:0 yoki 0:1 bunaqa õyindan keyin yana stadionga borgim kelmay qoladi

  2. Zuhriddin Davlatov | 21.08.2017 в 00:45 | Ответить

    Uzimizni fudbol uzimizga kerak. Boshqaga emas ajoyib fikr. Xar bir uy uchrashuvida 1 liga vakili Xotira-79 uyinlarini kuzatib boraman. Muhlislar orasida bir xil gap. Xaaaa. Tuuuut… lekin bu mavsum 2-davrasida uyinlarga fayz kirdi. Mayli galaba qozonmasin lekin ajoyib uyin namoyish etmoqda. Bir necha yildan beri kuzatayotgan bulsam 1-liga vakiliga murabbiylik qilgan 2 insonni fudbol soxasida xurmat qildim. 1. U.Asqaraliyev maxalliy uyinchilarni saralab olib ushalar bilan xam natija qayd etib berdi. Kubok uyinida Buxoro ustidan qozonilgan galaba haqida hali hanuz gapirishadi. 2. R.Durmonov avvalgi ishlagan vaqtida ham va (Navbaxorni boshqarishganida bu insonlardan (R.B va R.D) nafratlanar edim) xozirgi vaqtda Xotira-79 Jamoasi uyiniga fayz olib kira oldi. Uyin kurashlarga boy bulmoqda. Tup oyoqqa tushdimi xujumga tep bir gap bular emas. Tup oyoqqa tushdimi boshingni kutar atrofga qarab pas ber. Aqlli uyin yaqin orada jamoada galabali natija xam buladi. Nima bulgan taqdirdayam tumanimni nomini 1-ligada uzbekiston buylab tanitayotgan va jamoani yuqolib qoldirmayotgan mutasaddilarga raxmat. Xullas gaplarim ayrimlarga yoqmasligi mumkin. Bu meni shaxsiy fikrim yoqmaganlarga uzr

  3. Zuhriddin Davlatov | 21.08.2017 в 00:29 | Ответить

    Maqola doimgidek ajoyib! Respect!! Meni eng qiyniydigan narsa jamoa g’alabali seriya qilib turgan vaqtda hamma boradide ikii uyin durang yoki mag’lubiyat bulsa. Xaaa deb qo’l siltashadi. Baraka topgur sanam manam jamoani muhlisimiz. Uzi bolla uzidan De Xea ( o’ylab aqlimga sig’diromayapman qanaqa qilib darvoza chizigidan 1.3 metr uzoqlikdagi havodagi tupga sakramaslik mumkin.) yasab olgan darvozabon va markaziy himoyachini xatosi bilan gol utkazvorib tushkunlikka tushib turibtide biz muhlislar ularga yana bosim qilyapmiz. Iya jamoani mag’lub xolatidayam xuddi 0.0 dek gol urishi uchun qullab quvvatlashimiz kerak. Xurmatli muhlislar Oliy Ligadan yuqori saviyani talab qilish uchun uzimizam yuqori muhlislik madaniyatini shakllantiraylik. Mani gapim sevimli jamoam darvozaboniga botib ketmasin. Agar xafa buladigan bulsa, urniga bunyodkordan nomzod op quyganmiz. Ketging kelsa mavsum yakunini kutma keeper. Qiliqlaring tobora yoqmay qolmoqda muhlislar erkatoyi.

  4. Шу Хайрулла Хамидовни маколасини укисам маза киламан. Бизни покалениядан булгани учун булса керак бизни ичимиздаги гапларни ёзади.Хайрулла илтимос узбек футболиаги муаммоларин хам купрок ёзинглар газетага ва сайтларга.Термамиз ЖЧга чикиши шарт. Ана ушанда одамлар яна Олий Лига уйинларига бораверади

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*