18-ТУР ПРЕВЬЮСИ: МАРКАЗИЙ БАҲС ҚАРШИДА, «ПАХТАКОР» САМАРҚАНДГА БОРАДИ

C6u2q6jXUAE9LO9

18-19 август кунлари Олий Лига жамоалари навбатдаги 18-тур ўйинларини ўтказишади. Турнинг марказий баҳси Қаршида ўтказилади. «Насаф» ўз майдонида Миржалол Қосимов бошчилигидаги «Бунёдкор»ни қабул қилади. Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси эса биринчи даврадаги мағлубият аламини олиш учун Самарқандда «Динамо» меҳмони бўлади. Навоийда кечадиган «Қизилқум» ҳамда «Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги учрашув ҳам қизиқарли кечиши кутилмоқда.

18 август (жума)
«МEТАЛЛУРГ» — «ЛОКОМОТИВ»
Биринчи даврада бу жамоалар иштирокидаги ўйин Бекоботда ўтказилиши керак эди, лекин ўйин томонларнинг келишувига биноан Тошкентда бўлганди. Шу сабаб эндиги ўйин «Металлург» стадионида ўтказилади. Биринчи даврадаги баҳсда Мирсодиқов шогирдлари анча вақт ҳисобда олдинда боришган, лекин охир-оқибат «Локо» ғалабани илиб кетганди. «Металлург» иккинчи даврани Самарқанддаги ажойиб ғалаба билан бошлаганди, бироқ кейинчалик ўз майдонида «Машъал»га енгилди. «Локо» ҳам иккинчи давра аввалида «Машъал» билан ўйинда очко йўқотиб, «Сўғдиёна»ни мағлуб этганди.
Имкониятлар: 25/25/50.

«НАСАФ» — «БУНЁДКОР»
Қаршида турнинг марказий ўйини бўлиб ўтади. «Насаф» ўз майдонида «Бунёдкор»ни қабул қилади. Жамоаларнинг биринчи даврадаги баҳси драматик тарзда кечгани эсингизда бўлса керак. Қўшимча вақтда Шомуродовнинг ажойиб тўп узатиши ва Аҳмадалиевнинг унданда ажойиб голи кўпчиликнинг ёдида қолган. «Насаф» иккинчи давра аввалида «Қўқон-1912» устидан чиройли ғалаба қозониб, иккинчи ўринга кўтарилганди, лекин ўтган турда «Бухоро»га имкониятни бой бериб, яна учинчи ўринга тушди. «Бунёдкор» эса аввал «Сўғдиёна» билан дуранг ўйнади, 17-турда эса «Олмалиқ»ни мағлуб этди. Қосимов жамоаси совриндор ўринлар учун курашишни мақсад қилган.
Имкониатятлар: 30/40/40.

«ДИНАМО» — «ПАХТАКОР»
Биринчи даврада бу жамоалар иштирокидаги ўйин эсда қоларли бўлганди. Бутун ўйин давомида «Пахтакор» устунлик қилган, лекин 88-дақиқада Раду Рогакнинг голи «Динамо»га ғалаба келтирганди. Ўша вақтда «Динамо» турнир жадвали етакчиларидан эди, лекин кейинчалик жамоа ўйини ва натижасида кескин пасайиш кузатилиб, самарқандликлар аутсайдерлар қаторига тушиб қолишди. «Пахтакор»да эса ишлар аъло даражада. Арвеладзе дебют ўйинида дуранг ўйнаган бўлса ҳам, ўтган турда «Нефтчи» дарвозасига урилган олтита гол кўп нарсани англатади. Самарқандда ажойиб ўйин бўлиши кутилмоқда.
Имкониятлар: 30/30/40.

19 август (шанба)
«НЕФТЧИ» — «НАВБАҲОР»
Водий дербиси. Шонли ўтмиши бор, бироқ бугуни аввалгидан анча камтар бўлган икки клуб тўқнашуви. Ўзбекистон чемпиони бўлган икки клуб баҳси. «Нефтчи»ни Абрамов қабул қилиб олдиҳамки ўзгариш бўлмаяпти. Натижалар ўйиндан ўйинга ёмонлашиб бормоқда. Чунки Абрамов айтгани каби ижрочилар борасида муаммолар бор. «Пахтакор»га қарши ўйиндан кейин мураббий ўз жамоасини Олий Лигадаги энг кучсизи деб аташи ҳам бежиз эмас. «Навбаҳор» эса иккинчи даврани яхши бошлади. Аввалига «Обод»ни, ўтган турда эса «Қизилқум»ни мағлуб этди. Мўминжонов жамоаси балки биринчи давра бошидаги ўйинини топиб олгандир.
Имкониятлар: 30/35/35.

«ҚИЗИЛҚУМ» — «ҚЎҚОН-1912»
Дуранг ўйнашда ҳаммани ортда қолдирадиган «Қизилқум» Шота Арвеладзенинг дебют ўйинида ҳам «Пахтакор» билан дуранг ўйнади. Бу дуранг жамоа мухлисларида оптимистик фикрларни уйғотганди, лекин ўтган турда юлдузларга тўла таркиб «Навбаҳор»га мағлуб бўлди. Навоийликларни тушуниш қийин, жуда хилма-хил натижалар кўрсатишади. «Қўқон-1912» эса ўз имкониятларидан тўлалигича фойдаланган ҳолда ҳамон иккинчи ўринда бормоқда. Ўтган турда ўз майдонида «Обод»ни енгган қўқонликлар «Насаф»дан ўзлари бой берган иккинчи поғонани тортиб олишди. Ҳасанов жамоаси қоқилмай борса, мавсумни Чемпионлар Лигаси йўлланмаси билан тугатиши мумкин.
Имкониятлар: 30/30/40.

«МАШЪАЛ» — «ШЎРТАН»
«Машъал» икки хил жамоа. Кучли жамоалар билан бошқача, ўзига тенг рақиблар билан бошқача ўйнайдиган. Иккинчи даврани Хомяков шогирдлари яхши бошлашди. Аввалига меҳмонда «Локомотив» билан дуранг ўйнашди, кейин эса сал узоқроққа бориб, Бекободда «Металлург»ни мағлуб этиб қайтди. Тошкент жамоалари учун «Машъал» жуда ноқулай рақиб. «Шўртан» ҳам худди муборакликлар каби пойтахтликларнинг жиғига тегишни яхши кўрадиган жамоа. Муаммолари гирдобида қолган «Шўртан» учун мавсум осон ўтаётгани йўқ. Шунга қарамай ўтган турда ғузорликлар «Динамо»ни мағлуб этишганди.
Имкониятлар: 40/20/40.

«ОЛМАЛИҚ» — «СЎҒДИЁНА»
Турнинг эътиборга молик ўйинларидан бири. «Олмалиқ» Игорь Шквиринни ўзига ҳам айтмай четлатгани ва телефондан қарзи бор экани ҳақида «суюнчи» билан жамоадан кетказганидан хабарингиз бўлса керак. Ўша Шквирин ҳозир «Сўғдиёна» бош мураббийи. Тасаввур қиляпсизми у шогирдларини бўлажак ўйинга қандай тайёрлаётганини? Қасос олиш учун бу жуда ажойиб имкон ва Шквирин бундан фойдаланишга уриниб кўради. «Олмалиқ» биринчи даврани кучли тўртликда тугатган эди, лекин ўтган турдаги мағлубиятдан кейин саккизинчи ўринга тушиб кетди. «Сўғдиёна» олдига қандайдир мақсад қўйилгани аниқ эмас. Жамоа лигада қолиш учун курашади.
Имкониятлар: 50/25/25.

«ОБОД» — «БУХОРО»
Биринчи даврадаги бу жамоаларнинг ўйинида «Обод» кутилмаганда меҳмондан ғалаба билан қайтган ва бу Инилеевнинг қисқа муддатли иши давомидаги энг эсда қоларли ўйини бўлганди. Бироқ иккинчи даврада бир амаллаб сақлаб қолинган «Обод» жуда кучсизланиб қолди. Икки ўйинда ҳам бирорта гол ургани йўқ. «Бухоро» эса дадил одимламоқда. Бақоевнинг илк мавсумида бухороликлар етакчиларга яхшигина бошоғриқ бўлишмоқда. Бу баҳсда тошкентликларнинг имкониятлари жуда паст кўринмоқда.
Имкониятлар: 5/5/90.

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "18-ТУР ПРЕВЬЮСИ: МАРКАЗИЙ БАҲС ҚАРШИДА, «ПАХТАКОР» САМАРҚАНДГА БОРАДИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*