ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ПОЗИТИВ МАҚОЛА

1

Журналистнинг косаси оқармайди, дейишарди. Ҳар доим шу соҳа тақдиримга ёзилиб қолганидан афсусландим. Кетиш фикри кўп бор айланди. Бугун эса ундан кетиш қийин эканини ҳис қиламан. Унинг катта куч эканини тушунаман.
Умидсиз вақтларимда ҳам асосан битта принцип – тўғри гапни айтишга ҳаракат қилдим. Сиз билган Ахбор Имомхўжаев содда одам, ҳалигача айрим фикрларига лол қоламан, ҳавасим келади, эришган муваффақиятларида шу қадар ишонувчан инсон бўлганлари роль ўйнаганми деб ўйланиб қоламан. Рост гапга ўргата олди бу инсон. Отам унинг таъсирида ўша таниш принцип бўйича ҳаракат қилди, менга юқтиришга интилди.

Косаси оқармаслик деганда ким нимани тушунади, билмайман. Аммо мен доим боримга шукур қиламан. Топганимни орттира олмаслигим мумкиндир, бироқ етказа олаётганимнинг ўзи бахт, тўғрими? Кимгадир шу ҳам насиб қилмаган-ку.

Худо эргашишим мумкин бўлган одамларни учратишимда ҳам кам қилмади. Ютуғим – устозим деб билганларим характери ва дунёга боқиши томонидан отамдан ҳам, бобомдан ҳам катта фарқ қилса-да, уларни асосан бир нарса – ҳалоллик ва тўғри сўзга ташналик ўзаро жипслаштиради, деб айта оламан. Мен бунда Хайрулла Ҳамидов ва Аваз Бердиқуловни назарда тутдим.

Шу соҳада танишган дўстларим мен санаган инсонлардан-да буткул фарқ қилади. Аммо уларда ҳам умумий принциплар, орзулар, интилишлар ўхшаш: Муҳрим Аъзамхўжаев, Темур Аъзам, Хушнуд Худойбердиев, Аброр Қодиров… Соҳага бир вақтда кириб келган бўлсак-да, уларнинг ҳар биридан кўп нарса ўргандим.

Бунинг барини ўзимга ёрдам деб биламан, шукур қиламан. Ўзи истамаганида, атрофимда балки бутунлай бошқа типдаги инсонлар тўпланиши катта эҳтимол эди. Айтмоқчиманки, инсон заррача ютуққа эришса, бунда у билган инсонларнинг таъсири жуда катта бўлади. Онамни эсламадим, чунки у менинг борим, жаҳоним.

Тўғри сўз кичик кулфатлар келтирса, уни айтишдан қўрқиш шарт эмас. Буни Ҳамидов мисолида кўраман. Ўз принципидан тойиб кетмаган инсон сифатида улар катта муваффақиятга эришди, деб биламан. Мана шу номни танитиш учун йиллаб меҳнат қилган инсонга энди ўша номнинг ўзи ёрдам беради. Қаерга борса – иззат ва ҳурматда. Одамлар уни тўғрисўз деб билади, футбол оламига қайтиб киришим қийин бўлади деб ўн марталаб қайтарган, ҳатто бир оз иккиланган бўлсалар-да, ҳеч қанча ўтмай яна жойларига чиқиб олган инсон у. Бугун бу инсон яна пешқадам. Қолганлар билан солиштиришнинг ўзи хато. Ўзимдан нафратланадиган, изоҳларида куракда турмайдиган фикрлар айтадиган мухлисларни биламан, аммо Ҳамидов ҳақида ножўя фикр ёзадиган мухлисни кўрмадим. Бу жойда ўз вақтида Турдиалиев бор эди, ундан аввал эса Ахбор Имомхўжаев.

Бугун футбол журналистикасига кириб келаётган дўстларимиз, укаларимиз кўп. Шу соҳада бўлмаса-да, мақола етиб борадиган, бошқа соҳаларда тўғри сўзни айтиши керак бўл-ганларимиз кўп. Ўрнак олишларини истардим шу инсонлардан. Ўзим доим шунга ҳаракат қиламан. Ва ҳозиргача афсусланган жойим йўқ. Касбимда ишим кундан-кунга яхшиланди, ҳозирча ортга кетгани йўқ. Мен ўзим айтган чўққига чиқиш ҳақида ўйламайман ҳам, бунинг учун даъвогарлар жуда кўп. Атрофимдаги инсонлар ким бўлишини белгилаб берган зотнинг ўзи, чўққи эгаларини ҳам танлаб қўйган деб биламан. Мақсад бошқа – одамлар кейинчалик яхши ном билан эсласин, топганларимга жавоб бериш қийин бўлиб кетмасин.

Шунча гапни нега ёзганимни ҳозир ўқувчимга аниқ тушунтириб бера олмайман. Балки кимларнингдир энсасини қотиришга ҳам улгургандирман. Шунчаки кайфиятим шуни тақозо қилди. Қилганларимга афсусланмаслигим, боримдан уялмаслигим ва шукур қилишим ҳақида айтгим, кимларга ўхшашни хоҳлашим ва нима учунлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Балки ким учундир керак бўлиб қолар, деган мақсадим бор эди чоғи.

Мана шу август ҳаётимда унутилмас онларни тақдим этиши мумкин. Гўёки, умрим 2017 йилнинг августини кутиш умидида ўтиб келгандек. Ҳозир ҳаммасидан яхши ўтишидан, чиройли кечишидан умидворман. Бунинг ичида ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган қувонч ҳам, “Реал” ва “Барселона” каби грандларга туташ янгиликлар ҳам бўлиши мумкин. Истардимки, хайрли бўлсин, охиргиси бўлмасин.

Кимдандир, нимадандир умид қилмай, бир текис фаолият олиб бориш у қадар ёмон бўлиб чиқмади. Агар кўпроқ, машаққатлироқ меҳнат қилинса, шу соҳа ортидан ўша косани ҳам оқартириш мумкиндек кўринди. Бунинг учун каттароқ лавозимда ишлаш ёки кимларнидир ишлатиш шарт эмас. Ўзингиз меҳнатдан қочмасангиз етарли, деб ўйладим. Шу хулосага кела олганим учун ҳам кайфиятим яхши. Давомий бўлсин, ишқилиб.

Диёр Имомхўжаев

Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ПОЗИТИВ МАҚОЛА"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*